Линклар

АҚШнинг яна бир етакчи газетаси Мирзиёевнинг ислоҳотларига разм солди


АҚШ. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида. 2017, 19 сентябрь.

АҚШ пойтахтида 1877 йилдан буён чоп этиладиган, нафақат Вашингтон, балки бутун мамлакат бўйлаб нуфузли саналадиган The Washington Post газетаси 30 октябрь эълон қилган мақолаларидан бирини “Ўзбекистон президенти эҳтиёткорлик билан либерализация томон қадам ташламоқда” деган сарлавҳа остида босди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг либерализация томон “анчайин” ҳаракат бошлагани айтилган мақолада президентнинг 16 сиёсий маҳбусни озод қилгани, сўз эркинлигига қўйилган чекловларни қисман бекор қилгани, фуқароларни Миллий хавфсизлик хизматининг қора рўйхатидан чиқаргани, ҳукумат расмийларининг фуқаролар олдидаги жавобгарлигини оширгани олқишланади.

The Washington Post муҳаррирлари, шунингдек, Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистондаги иснон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида ўтган ойда эълон қилган ҳисобот хулосаларини тилга олган.

Маҳолада Мирзиёевнинг асл нияти қандай эканлиги муҳимлиги таъкидланади: президент чиндан эркин жамият яратишга бел боғлаганми, ёки шунчаки хорижий инвесторлар олдида Ўзбекистон обрўсини яхшиламоқчими?

Мақола муаллифларига кўра, агар президентнинг асл мақсади Россия ва Хитойдаги каби ҳокимиятни маҳкам эгаллашгина бўлса, мамлакатда айни дамда содир бўлаётган ўзгаришларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.

The Washington Post Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга қизиқиш билдира бошлаган АҚШдаги ёлғиз нашр эмас.

The New York Times газетаси 25 октябрь куни эълон қилган мақола сарлавҳасидан ҳам оптимизм уфуриб турганини ҳис қилиш мумкин эди. “Яқинларгача ëпиқ ва репрессив бўлган Ўзбекистон дунëга очилмоқда!” деган сарлавҳа билан босилган мақола тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Айни пайтда Ғарб матбуотида Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни танқидий назар билан таҳлил қилишга уринилган мақолалар ҳам чиқмоқда.

18 октябрь куни Британияда инглиз тилида чиқадиган The Guardian нашри ҳам инглиз¸ ҳам ўзбек тилида чоп этган мақола "Мен қутида яшашни истамайман: Одамлар Тошкент обод бўлиши учун ўз уйидан кўчирилмоқда" деб номланди.

Guardian Cities лойиҳаси доирасида ҳозирланган бу мақола Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июль куни қабул қилган «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган Tashkent City - Тошкент Сити лойиҳасининг унга ажратилган ҳудудда яшаб келган оддий одамлар ҳаëтига таъсирига бағишланган.

Мақоланинг ўзбек тилидаги тўлиқ матнини ОзодликGuardian Cities таҳририяти рухсати билан чоп этган эдики, уни мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG