Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2022, Тошкент вақти: 21:13

"Голден кэш": Жабрланувчидан айбланувчига - молиявий пирамидага пул тикканлар ҳам қамаляпти


“Голден кэш” ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида фаол реклама қилинган.

Ўзбекистонда “Голден кэш” устидан иш очилганидан тўққиз ой ўтиб ушбу молиявий пирамидага минглаб доллар пул тиккан 30 дан ортиқ жабрланувчи ҳибсга олинди.

Тошкентдаги Justice адвокатлик уюшмаси адвокати Алишер Маматовнинг Озодликка айтишича, ҳозирги кунга қадар жабрланувчи сифатида кўрилаётган 34 киши устидан тергов жараёни кетмоқда.

“Жабрланувчилар айбланувчига айлантириляпти. Энг кўп пул тикканлар, яъни лидерларни қамашяпти. Бу тизимда қанча пул тикса, реклама қилиб, кўп одамни атрофига тўпласа лидер бўлади-да. Терговнинг мақсади шуларни ҳам жавобгарликка тортиш бўляпти. Ҳозирга қадар менга маълум 34 киши қамоққа олинган”, - деди Алишер Маматов.

Жиззахлик Саодат Шарипованинг Озодликка айтишича, онаси Инобат Турсунова ва икки акасига нисбатан шу йилнинг 19 июль куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 188-моддаси, яъни Пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият бўйича жиноят иши очилган ва шу куни улар ҳибсга олинган.

“Саккиз ой жабрланувчи сифатида кўрилаётгандик, ўн кунча олдин бизни айбланувчига чиқаришди, жумладан мени ҳам. Ягона айбимиз “Голден кэш”га пул тикканимиз, оиламиз билан. 50 минг 500 АҚШ доллари тикканмиз. Энди бизни ҳам шу пирамида иштирокчиси сифатида айблашяпти”, - дейди Шарипова.

Адвокат Алишер Маматовнинг сўзларига кўра, молиявий пирамидага пул тикканларга улар гўё “Голден кэш” корхонаси билан ишлаб, унинг кенгайишига хисса қўшган, деган важ билан жиноят иши қўзғатилган.

- Лекин “Голден кэш” телевиление, радио орқали ҳам реклама қилинган. Шаҳардаги шитларда рекламалари турган. Улар ҳам жавобгарликка тортиладими? Энди хорижлик фуқаролар Ўзбекистонга келиб одамларимизни чув туширган экан нега ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз халқаро тизимлар орқали шу маблағларни қайтариш изига тушмаяпти, нима учун бу бўйтча ишлар қилинмаяпти? Уни ўрнига булар пирамидачиларга ишониб пул тиккан лидерларни қамаяпти, "симёғочни ҳам айблаш" йўсинида иш олиб боряпти, - дейди адвокат Алишер Маматов.

“Голден кэш” ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида фаол реклама қилинган.
“Голден кэш” ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида фаол реклама қилинган.

“Голден кэш” тилла дўконлар тармоғи 2020 йил январь ойида ташкил топган. Марказий идораси Фарғонада бўлган компания мижозларига бир ой учун 40 фоиз, бир йил учун эса 262 фоиз дивидентли омонатларни таклиф қилган.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги лицензияси асосида фаолият юритган “Голден кэш” ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида фаол реклама қилинган.

"Пуллар банк орқали айланган"

Саодат Шарипованинг Озодликка айтишича, "Голден кэш"га пул Ўзбекистондаги иккита йирик банк - "Капиталбанк" ва "Ҳамкорбанк" орқали тикилган.

“Иккита банк "Капиталбанк" билан "Ҳамкорбанк" орқали перечисление ёки пластиклардан пул айланиши бўлганидан кейин, операцияларда банк иштирок этганидан кейин ишонасизми? Ёки бўлмаса, Адлия вазирлиги томонидан сизга сертификат тақдим этишса ишонасизми? Прокуратура текширган, камерал назоратдан ўтган, ҳаммаси тоза, деса ишонасизми? Ана шу нарсалар бизни ишонтирди”, - дейди Саодат Шарипова.

“Голден кэш” реклама тадбирларидан бири.
“Голден кэш” реклама тадбирларидан бири.

“Голден кэш” ширкати Ўзбекистон Молия вазирлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси ҳамда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги берган лицензия асосида фаолият юритган.

“Голден кэш” ширкати Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги берган лицензия асосида фаолият юритган.
“Голден кэш” ширкати Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги берган лицензия асосида фаолият юритган.

Бундан ташқари, ширкат Россия Федерацияси сертификатлаш маркази тарафидан берилган “Ҳалол” сертификатига ҳам эга бўлган.

"Голден кэш" ширкати Россия Федерацияси сертификатлаш маркази тарафидан берилган “Ҳалол” сертификатига ҳам эга бўлган.
"Голден кэш" ширкати Россия Федерацияси сертификатлаш маркази тарафидан берилган “Ҳалол” сертификатига ҳам эга бўлган.

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокимлиги томонидан 2021 йил 25 май куни берилган лицензияда “Голден кэш” ширкатининг фаолият тури “заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошларни сотиш экани қайд этилган.

Айблов хулосасида ширкат заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошларни сотиш ниқоби остида молиявий пирамида билан шуғуллангани таъкидланади.

“Семиртириб сўямиз”

Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Голден кэш” ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушди. Ширкат ёпилиб, икки нафар украин ва уч нафари тожик фуқаролари бўлган таъсисчилар фирибгарликда гумонланиб қамоққа олинди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, компания фаолиятидан бир неча минг фуқаро жабр кўрган, улар ширкатга 100 дан 10 минг долларгача бўлган олтин ва кумуш буюмларни тақдим қилган.

Жами 2065 кишидан бир йилда 63 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўпланган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, “Голден кэш” ишидан биринчи навбатда оддий фуқаролар жабр кўрмоқда:

“Қизиқ томони давлатнинг ўзи шундай компанияларга лицензияларни бериб, молиявий пирамида катталашгандан кейин жиноят иши очиб, унинг иштирокчилари устидан иш очиши ёки қамаши худди “семиртириб сўямиз”, деган ақидани эсга солади. Аҳмадбой пирамидасида ҳам бошқа пирамидаларда ҳам шундай холат кузатилган эди. Бу ерда биринчи навбатда фуқаролар жабр кўряпти. Фойда кўрамиз деб пул тикади, банкларда бунақа катта фойда йўқ. Шуни эвазига одамлар катта зарарларга тушишади”, - дейди “Голден кэш” иши доирасида жабрланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Абдураҳмон Ташанов.

Корхонанинг банк ҳисобида 3.5 миллиард сўм борлиги аниқланган. Аммо, ҳозиргача мижозларнинг дивиденд учун тўлаб қўйган пуллари қайтарилиш-қайтарилмаслиги борасида расмий маълумот берилмаган.

Адвокат Алишер Маматовнинг айтишича, "Голден кэш” фаолиятидан куч ишлатар тизимлари ходимлари ҳам хабардор бўлган, баъзилари ширкат бўлимларининг очилиш маросимларида фахрий меҳмон сифатида қатнашган.

“Қизиқ томони “Голден кэш” Ўзбекистонда белгиланган давлат рўйхатидан ўтган бўлган, солиқларни тўлаб келган, яна бундан ташқари буни очилиш маросимида, вилоятлардаги бўлимларини очилиш маросимларида ички ишлардан тортиб барча куч ишлатар тизимлари раҳбарлари қатнашган., - дейди адвокат Алишер Маматов.

“Янги Аҳмадбой”: “Голден кэш” судда, мижозлар пулларнинг қайтарилишини талаб қиляпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Молиявий пирамидалар

"Молиявий пирамида - энг кенг тарқалган фирибгарлик турларидан бири. Бу аллақачон йиғилган маблағлардан олинган даромад янги иштирокчилар ҳисобидан тўланадиган схема. Фирибгарлар одатда яхши манипулятор бўлиб, одамларга моҳирлик билан таъсир қилади, янги усулларни ўйлаб топади. Ҳужумчилар кўчмас мулк, облигациялар ва қимматли қоғозлар сотиб олишни таклиф қиладилар, улар гўёки ўта фойдали интернет лойиҳаларига, қурилиш ёки қишлоқ хўжалигига сармоя киритадилар ва ўта самарали ишлаб чиқаришга сармоя киритиш кампаниясини олиб борадилар.

Постсовет ҳудудида дастлаб молиявий пирамидалар ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида, иқтисодий таназзул даврида пайдо бўлган. Ўшанда минглаб одам “МMM” пирамидаларига пул тикиб, куйиб қолганди.

Банк тизимига ишонч унча катта бўлмаган Ўзбекистонда ҳам одамларнинг жамғармаларини турли йўллар, турфа усуллар билан ўзлаштириш ҳоллари кўп учрайди.

Бу каби ҳолатларнинг энг машҳури бўлган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев асос солган "Аҳмадбой" пирамидаси қулаган 2016 йилдан буён ўтган вақт мобайнида яна минглаб одам турли кўринишдаги молиявий пирамида қурбонлари бўлди.

«Аҳмадбой иши» доирасида 11 710 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилган. Етказилган зарар миқдори эса 386 млрд. сўмдан кўпроқни ташкил қилади. Кўплаб жабрланувчи пирамидага тиккан мол-мулки қайтариб берилмаганини айтиб келади.

Икки йил аввал Аҳмаджон Турсунбоев ва яна 15 киши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари (жуда кўп миқдорда фирибгарлик; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик) бўйича айбланди, 9 йилдан 15 йилгача муддатларга қамалди.

Аҳмаджон Турсунбоев 14 ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Унга тегишли 29 та кўчмас мулк ва 8 та автомобиль хатланган.

Сўнгги тўрт йилда чет элга ишга жўнатаман деб фуқаролардан миллионлаб сўм олган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари ёпилди. Айримларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Бундан ташқари, одамларга туяқуш¸ автомобиль¸ тимсоҳ боласи келтириб бераман, деб алдаб, пулини олган ширкатлар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтди.

Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил қилиши айтилади.

2019-2021 йиллар давомида Озодлик қатор хусусий ширкатлар ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан жиноят ишлари очилган.

Форум

XS
SM
MD
LG