Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:47

“Саботаж”. ХТВ ҳокимликлардан ўқитувчиларга зуғум қилмасликни сўради


Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрашга мажбурлангани эътирозларга сабаб бўлган эди.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ота-оналардан узр сўрашга мажбурлангани эътирозларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Андижоннинг Марҳамат туманидаги узр сўраш воқеаси ортидан туман ва шаҳар ҳокимларига алоҳида мурожаат йўллаб, ўқитувчилар қадр-қимматини ерга уришга йўл қўймасликни сўради.

15 февраль куни ёзилган хатда ўқитувчиларни вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш, фаолиятига аралашиш, уларни обрўсизлантириш, камситиш, зуғум ўтказиш каби бўлаётган ҳолатлар “давлат сиёсатига нисбатан онгли равишда қилинаётган саботаж сифатида баҳоланиши” айтилган.

“Бу каби ҳолатлар аҳоли орасида эътироз ва норозиликка сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида ислоҳотларга ишончсизлик хавфи юзага келган. Ўқитувчиларни камситиш, зуғум ўтказиш, мажбурий меҳнатга жалб этиш каби чидаб бўлмайдиган ҳолатларга йўл қўймасликни сўраймиз”, - дейилади Халқ таълими вазирининг муовини Темуржон Комилов номидан ёзилган хатда.

Ўтган ҳафта Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ўқувчилар билими қониқарсизлиги, олий ўқув юртига кириш кўрсакичи пасайиб кетгани учун ота-оналардан узр сўрашга мажбурлангани эътирозларга сабаб бўлган эди.

Муаллимларнинг қаторасига туриб узр сўраётгани акс этган видео тармоқларда тарқалгач, Халқ таълими вазири,шунингдек, вилоят ҳокими воқеага муносабат билдириб, устозлардан узр сўраган.

Шундан сўнг туман ҳокимига ҳайфсан берилди, ҳоким ўринбосари ишдан олинди. Туман ХТБ мудири ва мактаб директори ҳам вазифасидан озод қилинди.

“Пичоқ суякка бориб қадалган”

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Халқ таълими вазирлигининг ҳокимликларга муаллимларга зуғум ўтказишни тўхтатишни сўраб мурожаат қилганини олқишлади.

“Вазирлик ҳар бир ҳокимдан ўқитувчиларни обрўсизлантириш, камситиш, зуғум ўтказиш, мажбурий меҳнатга жалб этиш каби ҳолатларга йўл қўймасликни сўраган. Менимча вазирлик ҳокимларга бундай жиддий мурожаат билан биринчи бор чиқмоқда. Демак пичоқ келиб суякка тақалган.

Вазирликнинг ушбу мурожаатини ҳар бир ўқитувчи ва масъул билиб қўйгани маъқул: кимдир вазирлик номидан фойдаланиб ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилмоқчи, обрўсизлантириш ёки "узр сўратиш" ҳаракатида бўлса билингки бу давлат сиёсатига нисбатан саботаж”, деб ёзди Кушербаев ўзининг Телеграм-каналида.

Фарғона вилояти Бағдод туманидаги мактаблардан бирида ишловчи рус тили ўқитувчиси Муаззам Қўшбоева Халқ таълими вазирлиги йиллардан буён давом этиб келаётган муаммога эътибор қаратганидан мамнунлигини айтади.

Лекин муаллим фикрича, ҳокимларга битта мурожаат билан йиллардан бери давом этиб келаётган ўқитувчиларни касбий фаолиятига кирмайдиган ишларга мажбурлаш муаммосини ҳал қилиб бўлмайди.

“Чунки бу нарса шаклланиб бўлган. Битта хат билан ҳал этиб бўлмайди. У ҳам вазир муовинини хати. Бундан олдин президентимиз қанча гапирди, ҳеч нарса ўзгармадику. Баҳор келса яна бошланади, далаларни ажриқдан тозалаш, кўча супуришлар, мактаб ҳовлисини тозалашлар. Тозала дейди, ё пул йиғасан дейди.

Яқинда қишда мактаб қурилди туманимизда, ҳаммани олиб бориб ишлатди. Янги Ўзбекистон домлари қурилди, у ерда ҳам ишлатишди.

Сайлов бўлди - сентябрь, октябрь ойида, унда ҳам одамларни рўйхатга олиб юрдик. Обуна дейди. Пахта бўлмайди дейишган, лекин техник ходимларимиз бориб, терди.

Энди ўқитувчиларга тепадан босим бўлгандан кейин, илож йўқ. Раҳбар узоқ ўтирса ҳукмдрлигини ўткизадиган бўлиб қолади-да. Мактаб директорлари ҳам тепадагиларга яхши кўриниш учун ўқитувчиларни мажбурлайди, бизни ёнимизни олмайди.

Ҳоким, ХТБ ва мактаб директори. Униси бунисига айтади, “гапингни ўтказолмадингми?”. Кейин буниси иш буюради, босим қилади.

Натижада, ўқитувчилар пул йиққан, ўқитувчилар кўча тозалаган, ўқитувчилар узр сўраган.

Ўқитувчи қилмайман, дея олмайди. “Эртага дарс олишингни ўйла” дейди мактаб раҳбари.

Ризқимиз шу, мол боқмасам, қўй боқмасам. Ойликдан қолмайлик, деб нимаки буюрса, қилаверамиз. Кредитларни тўлаш керак”, - дейди фарғоналик муаллим.

Ўзбекистонда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари энг кам ойлик оладиган ва айни пайтда мажбурий меҳнатга энг кўп жалб этиб келинадиган бюджет ходимлари саналади.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор ўз чиқишларида ўқитувчилар ойлигини 1000 долларга етказишни ваъда қилган.

Аммо Муаззам Қўшбоева олаётган ойлигидан нолимайди.

“Ойлик 2 ярим миллион. Кўпроқ дарс олсам, 3 миллион 800 минг сўмгача олишим мумкин. Бизни қишлоқда бунақа ойлик бошқа жойда йўқ-да, иш ҳам йўқ.”, - дейди Муаззам Қўшбоева.

Осон сафарбар этилувчи қатлам

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган тадбирларнинг ўрта ва олий таълим тизимига юклатилиши тажрибаси кўпдан бери мавжуд.

Ўзбекистонлик блогер Лобар Турсунқулова ўқитувчилар давлат тадбирларига энг осон сафарбар қилинувчи қатлам эканини айтади:

“Биласиз, бизда ўқитувчилар турли тадбирларга, айниқса, сайлов тадбирларига энг осон сафарбар этиладиган гуруҳ ҳисобланади. Кўп сайлов участкалари мактабларда жойлашган. Шунинг учун ўқитувчиларни у ерда аъзо қилиб, бириктириб қўйиш осон, ўзини ишини ҳам қилади, сайловникини ҳам. Дарс соатлари қисқартирилиши ёки ишдан ҳайдалишидан қўрқиб ўқитувчилар ҳар қандай вазифани бажариб кетаверишади, - дейди блогер..

Президент Шавкат Мирзиёев икки йил аввалги чиқишида ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз отганини тан олган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳам 2020 йил сентябрь ойида халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ўқитувчиларни мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олиниши, балки тегишли чора кўрилишини айтган эди.

“Қаерда нима иш бўлса, мактабни чиқаришди, поликлиникани чиқаришди. Натижада буларнинг ҳаммаси таълим сифатига, соғлиқни сақлаш соҳасига салбий таъсир кўрсатди”, -деган Арипов.

Президент ва Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай, жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилмоқда.

XS
SM
MD
LG