Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 06:23

Ўзбекистонлик йигит 59 яшар аёлни зўрлаб, ўлдирганликда гумон қилинмоқда (ВИДЕО)


Зухриддин Буриев суд залида

Ленинград вилоят, Ломоносовский туман суди 59 ёшли рус аёлни ўлдирганликда айбланаётган 24 яшар ўзбекистонликни 2 ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Тергов қўмитаси гумонланаётган ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотларни яшираётгани йўқ. Кечадан буён унинг Зуҳриддин Бўриев эканлиги, у "ўғирлаб минган "Hyundai Cretа" автомашинаси юкхонасидан жасад топилгани" тўғрисида Россия оммавий ахборот воситалари хабар қилмоқда.

Зуҳриддин Бўриев 59 яшар петербурглик аёлни аввал зўрлаб, кейин ўлдирганликда айбланмоқда.

Вилоят тергов қўмитаси бошқармаси 1993 йилда туғилган Бўриев Зуҳриддинга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105- модда, 1 қисми – “Қотиллик” асосида жиноий иш очди.

- Бу эркак ҳибсга олинди. Жиноий иш юзасидан жиноят сабабларини аниқлашга қаратилган зарурий тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Терговчилар бир қанча аниқ исбот-далилларни қўлга киритди. Улар юзасидан экспертизалар тайинланди. Ҳозирча бизнинг талабимиз билан Ломоносовский туман суди уни 2 ойга тергов якунига қадар ҳибсга олди, деди Озодликка Ленинград вилояти Бош тергов қўмитасининг матбуот хизмати вакиласи Лоретта Балабанова.

Тергов қўмитаси келтираётган дастлабки тафтиш хулосаларига кўра, 23 сентябр куни Ломоносов туман, Черемикино қишлоғига қўзиқорин тергани чиққан Ольга Точёних йўқолиб қолади.

Дастлабки тергов хулосаси
Дастлабки тергов хулосаси

Уни қидиргани йўлга чиққан аёлнинг 59 яшар эри ва 36 яшар ўғли йўлда рўпарасидан Ольгага тегишли Hyundai Creta ўтиб қолганини кўриб, уни қувишга тушган. Катта тезликда “Мерседес”дан қочиб кетаётган машина йўлда 4 та бошқа автомобил билан тўқнашиб кетади.

Ҳодиса жойига етиб келган орган ходимлари гувоҳлар ёрдамида автоҳалокатни юзага келтирган “Hyundai” автомобилдан бирорта ҳужжати йўқлиги ва ўзбекистонлик экани аниқланган муҳожирни туширган. Текширув пайтида юкхонадан бу автомашина эгаси бўлган 59 яшар Ольга Точёних исмли аёл жасади топилгани айтилади тергов хулосасида.

Интернет тармоқларида ҳодиса жойида ўзбекистонликни калтаклаб, сўроққа тутаётган одамлар тасвирланган видео пайдо бўлди:

Error rendering VK.

- Исм-фамилиянгни айт.

- Бўриев Зуҳриддин...

- Багажникдаги жасад қаердан келиб қолди?

- Нима? Мен русча яхши билмайман.

- Одамни сен ўлдирдингми? Ким ўлдирди?

- Йўқ. Тожик ўлдирди.

-Сен уни ўлдирганини ўз кўзинг билан кўрдингми?

- Макс, ўлик юкхонада, бу бола – машинани ўғирлаган. Анови боланинг онасини ўлдириб, юкхонага тиқиб қўйибди. Сен ҳайвонсан, билдингми! – дейди оғиз-бурни қонга беланиб, русча гапиришини билмаслигини айтиб турган ўзбек муҳожирини полициячи қўлига топширган шахс.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, Зуҳриддинни машинадан тушириб урганлар Йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари бўлган. Гувоҳларнинг бу ҳақдаги кўрсатмаси Интернет тармоғида пайдо бўлди.

Зухриддин ҳодиса жойида полиция ходимлари томонидан калтакланди
Зухриддин ҳодиса жойида полиция ходимлари томонидан калтакланди

Ўлдирилган аёлнинг турмуш ўртоғи Дмитрий ва ўғли Александр Петербургдаги “Алвето” қурилиш дизайни компанияси эгалари экани маълум бўлди.

Судда машинадан топилган жасаднинг полиэтилен пакетга ўралган боши ёрилгани, бўйнида арқон излари борлиги маълум қилинди. Автомобил юкхонасида, шунингдек, тош, арқон ва белкурак ҳам топилган.

Автоҳалокатга учраган машина юкхонасидан мурда топилди (Александр Петров/ ВКонтакте)
Автоҳалокатга учраган машина юкхонасидан мурда топилди (Александр Петров/ ВКонтакте)

Полицияда сўроққа тутилган Зуҳриддин у бошқариб кетаётган машина багажнигида мурда топилганини таржимон орқали тушунтиришга уринган:

Зуҳриддиннинг айтишича, у ўрмонда қўзиқорин териб юрган. Шу пайт бир нотаниш шахс дарахтзорда бир аёлни зўрлаётганини кўриб қолган. Зўравон Зуҳриддинга тош билан таҳдид қилиб, уни ҳам аёлни зўрлашга мажбурлаган, кейин аёлнинг жасадини “Hyundai”га юклаб, уни кўмиб келишга мажбурлаган, шундан сўнг Зуҳриддин йўл-йўлакай автоҳалокатга учраган.

Ўзбекистондан 3 йил олдин келган Бўриев тайинли иш жойи бўлмагани, атроф қишлоқларда турли юмушларни бажариб, кун кечириб келгани суд залида эълон қилинди.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG