Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбекистон Мустақиллиги куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари шароитида нишонланди


1 сентябр куни Тошкентнинг 20 та хиёбон ва майдонида Мустақиллик байрами маносабати билан халқ сайллари бўлиб ўтди. Маҳаллий нашрларга кўра, пойтахт милицияси томонидан жамоат хавфсизлигини кучайтирилган тартибда таъминлаш чоралари кўрилди.

Байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган кўчалар киришига бетон блоклар икки кун аввал олиб келиниб, махсус кранлар ёрдамида ўрнатилган.

Олдинроқ пойтахт ички ишлар бош бошқармаси Тошкентга юк автомашиналари киришида чекловлар бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Енгил автомобиллар эса синчковлик билан кўздан кечирилиши, шу жумладан давлат рақамларни аниқлаш махсус тизими ёрдамида назорат қилиниши ҳақида маълум қилинган.

Хиёбон ва майдонларга кираверишда қўшимча назорат жойлари ўрнатилган. Ходимлар томонидан ҳужжатлар ва сумкалар текширилди. Шунингдек, портловчи моддаларни қидиришга ўргатилган хизмат итлари ёрдамида назорат қилинди.

Маҳаллий нашрларнинг милиция ходимларига таяниб ёзишича,байрам тадбирларини 18-00 да якунлаш режалаштирилган.

"Лекин одамлар байрам қилишни давом эттиришлари мумкин, тадбирлар ўтказилган барча катта майдонлар ёпилади", деган ходим.

Мустақилликми¸ ҳайит?

Бу йилги Мустақиллик байрами Қурбон ҳайити билан бир кунга тўғри келди ва Озодлик суҳбатлашган тошкентликлардан бирига кўра¸ одамлар Мустақилликни нишонлаш учун боғ ва майдонларга боришдан кўра¸ кўпроқ ҳайит анъаналарини бажариш билан машғул.

-Бугун қўшалоқ байрам бир кунга¸ бир кун бўлганда ҳам¸ жума кунга тўғри келди. Эрталабдан аксарият ҳайит намозига чиққан¸ тўй-аза бўлган хонадонларга бирров бош урган¸ ота-онасини йўқлаган. Мустақиллик ҳақидаги катта паннолар кўчаларда кўп¸ лекин катта тадбирларни кўрмадим. Очиғи¸ ҳали паркка боришга вақтим бўлмади¸ ҳайит амаллари билан бандман. Кечроқ чиқмоқчимиз сайил бўалëтган жойларга¸ дейди тошкентлик суҳбатдош.

Самарқанд бу йил ҳам Каримов билан машғул

2016 йилнинг 1 сентябрида Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри Самарқанд мамлакат биринчи президенти Ислом Каримовни дафн қилишга ҳозирлик билан банд бўлган бўлса¸ орадан бир йил ўтиб¸ самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевга кўра¸ яна Каримов билан боғлиқ маъракага ҳозирланмоқда:

- Самарқандда кечагина "Шарқ тароналари" фестивали тугади. Энди ҳамма 2 сентябрь куни очиладиган Каримов ҳайкали билан боғлиқ тайëргарлик билан овора. Кеча марказий амфитеатрда кичик бир расмий тадбир бўлди¸ унда вилоят ҳокими гапирди. Ундан бошқа тадбир йўқ. Бу йилги байрамнинг камтар ўтаëтганидан ҳамма хурсанд. Ҳар йили амалдорлар байрам қилиб ¸ ҳаққи тадбиркорлардан ундириларди. Бу йил шу нарсанинг камайганидан кўпчилик хурсанд. Мустақиллик амалдорлар байрам қилиб¸ халқ четда томоша қиладиган эмас¸ ҳар бир ўзбекистонлик чин дилдан ўз оиласи ва яқинлари билан нишонлайдиган байрам бўлиши керак¸ дейди самарқандлик журналист.

Жорий йилнинг 8 февраль кунги чиқишида президент Шавкат Мирзиëев:

"Биз бу йил Наврўзни халқ сайли қиламиз. Ана шуни ҳамма билсин. Биз ҳозирдан тайёргарлик қилайлик. Бу йил одамлар билан мулоқот йили деб эълон қилдик. Наврўз — сайил бу. Шунинг учун мана ҳамма район ҳокимлари эшитсин — далаларда, боғларда сайил бўлади. Тошкенда ҳам мана шу 11та районимизда боғлар қураяпмиз, биз топшириқ бердик, сайилда қатнашамиз ҳаммамиз. Одамлар эмин-эркин хоҳлаган боғига борсин, мазза қилсин"¸ деган эди.

Президент бу гапларининг 2017 йилги Мустақиллик байрамига ҳам тааллуқли экани кўрилди - Тошкент марказидаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғида ўтказиладиган ҳар йилги катта байрам тантаналари ўрнига бу йил Форумлар саройида камтарона тадбир ва байрам концерти уюштирилди¸ холос.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик куни муносабати билан 31 августда сўзлаган табрик нутқида собиқ президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилишини таъкидлади.

Президентга кўра, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Каримов таваллудининг 80 йиллги муносабати билан 2018 йил 30 январда Қарши шаҳрида Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилади ва мана шу санагача Самарқандда Каримовга бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари тўла якунига етказилади.

31 август куни Тошкентдаги Оқсарой резиденцияси олдида Ислом Каримов ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди.

“Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди”, деди Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG