Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Мирзиёев нодавлат ташкилотлар тўғрисида фармон имзолади


Ўзбекистон Республикаси президенти “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат матнини ЎзА агентлиги эълон қилди.

Фармонда Ўзбекистондаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлар билан боғлиқ вазият таҳлили берилган.

Ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбари фикрича,

биринчидан, давлатнинг фуқаролик жамияти билан самарали ва конструктив мулоқот механизмлари йўлга қўйилмаган, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмаяпти, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун самарали майдонлар яратилмаган;

иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш даражасининг пастлиги барча ижтимоий гуруҳларнинг турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ифодаланадиган манфаатларини чуқур ўрганиш ҳамда инобатга олишга имкон бермаяпти;

учинчидан, етарли қонунчилик базаси яратилганлигига қарамай, ижтимоий шериклик давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида фуқароларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини ҳақиқатда илгари суришга қаратилган ҳамкорликнинг самарали механизмига айлана олмади;

тўртинчидан, мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғояларни таклиф қилувчи фаол, ўзининг ташаббусларига таяниб фаолият кўрсатадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари лозим даражада амалга оширилмаяпти;

бешинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар назарда тутилган бўлиб, бу нормалар эскирган ва замон талабларига жавоб бермайди;

олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қўлланилаётган идоралараро ҳамкорлик усуллари самарасиздир, давлат органлари ўртасида маълумотлар ва ахборот алмашишнинг ягона механизмлари мавжуд эмас;

еттинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-техника таъминоти ҳанузгача қониқарсиз ҳолатда қолмоқда, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ўрта муддатли ва узоқ муддатли кенг кўламли ҳамда умумреспублика миқёсидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти.

XS
SM
MD
LG