Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Прокурор "давлат сирини" фош қилди, фаоллар "пахта режасини бажартирмади"


"Қўрқмаслар" гуруҳи шу икки аёл: Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаевадан иборат.
"Қўрқмаслар" гуруҳи шу икки аёл: Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаевадан иборат.

“Чиноз туман прокурори жавобида тилга олинган махфий ҳужжатдан кўчирма беришларини талаб қилиш учун мен ҳозир Вазирлар Маҳкамасига кетаяпман”, деди бугун ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева Озодликка.

Елена Урлаева куни кеча Тошкент вилояти Бўка ва Чиноз туманлари прокурорларидан ўз сўровига расмий жавоб олганини эълон қилди.

Урлаеванинг фикрича, Чиноз туман прокуратурасининг расмий жавобида Ўзбекистон ҳукумати жамоатчиликдан яшириб келаётган сир фош этилган.

Озодлик Елена Урлаева билан Вазирлар Маҳкамасидан чиққанидан сўнг яна боғланди...

Ўзбекистондаги “Қўрқмаслар” гуруҳи кейинги йилларда бюджет ташкилотлари ходимларининг пахта теримига мажбурий жалб қилиниши ҳолатларини қайд этиб келмоқда.

Гуруҳнинг икки нафаргина аъзоси бор. Улардан бири - Елена Урлаева, иккинчиси журналист Малоҳат Эшонқуловадир.

Бу икки фаол жорий йилда ҳам ўз кузатувларини давом эттирди.

Гуруҳ вакили Малоҳат Эшонқулова Тошкент вилоятининг Чиноз, Янгийўл, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларида тиббиёт ходимлари пахта теримига мажбуран жалб этилгани тўғрисида Озодликка айтган эди.

Елена Урлаева педагоглар ва тиббиётчиларнинг пахта теримига жалб этилишига қандай қонуний асос борлигига қизиқиб, Тошкент вилояти Бўка ва Чиноз туманлари прокурорларига хат билан мурожаат қилгани ва яқинда ўз хатларига расмий жавоб олганини Озодликка маълум қилди.

Бўка туман прокурори О. Х. Набиевнинг Урлаевага берган расмий жавобида “умумий ўрта таълим мактаблари педагогларининг пахта теримига жалб этилганига оид иддаолар ўз тасдиғини топмаган”и айтилган.

Бироқ Чиноз туман прокурори вазифасини бажарувчи Д. Р. Маҳмудовнинг жавоби бўкалик ҳамкасбиникидан кескин фарқ қилади.

Рус тилида ёзилган жавоб хатида мана бундай дейилган:

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил, 20 августдаги “2016 йилги пахта ҳосилини кўтаринки руҳда ва нес-нобудсиз териб олиш тўғрисида”ги баённомасининг 4- бандига биноан барча ходимларни пахта теримига жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор асосида Туман услубий ёрдамни ташкил қилиш ва таъминлаш бўлими (собиқ Туман халқ таълими бўлими – Озодлик) ва тиббиёт муассасалари ходимлари пахта теримига жалб этилган”, дейилган Чиноз туман прокурори вазифасини бажарувчи Д. Р. Маҳмудовнинг жавоб хатида.

Хатда тилга олинган Баённомани Ўзбекистон ҳукумати қабул қиладиган қарорларни чоп этадиган махсус сайтлардан ва умуман Интернет ресурсларидан топиб бўлмади.

Озодлик ўз жавобини шарҳлаб беришини сўраб, Чиноз туман прокуратурасига телефон орқали мурожаат қилди. Прокуратуранинг ўзини таништирмаган ходими саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Битта вилоятдаги икки туман прокуратурасининг битта масала юзасидан жавоблари икки хил эканлигини шарҳлар экан, Елена Урлаева бундай фикр билдирди.

- Бўка туманига биз деярли ҳар куни қатнадик ва туман расмийларининг жонига тегиб кетдик, десак бўлаверади. Улар ўқитувчи ва врачларни пахта теримига жалб этиш фактлари ўз тасдиғини топмаслигига зўр бериб уринишди. Чинозда эса, биз камроқ бўлдик ва улар, аксинча, расмийлар бу соҳадаги ҳаракатларини қонуний асосда амалга оширганликларини исботламоқчи бўлганга ўхшайди, дейди Елена Урлаева.

Икки аёлдангина иборат “Қўрқмаслар” гуруҳи аъзоси Елена Урлаева билан 23 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасига кетаётган дақиқаларда гаплашган эдик.

У жамоатчиликдан махфий сақланаётган, лекин Чиноз туман прокуратураси ошкор қилиб қўйган ҳужжат - Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил, 20 августдаги “2016 йилги пахта ҳосилини кўтаринки руҳда ва нес-нобудсиз териб олиш тўғрисида”ги баённомасидан кўчирма беришларини сўрамоқчи эди.

"Пахта режаси бажарилмай қолганига айбдор" Елена Урлаева Вазирлар Маҳкамасидан чиқди

Озодлик Елена Урлаева билан Вазирлар Маҳкамасидан чиққанидан сўнг яна боғланди. Ҳукумат биносидан эндигина чиққан суҳбатдошимиз бундай деди:

- Мени Вазирлар Маҳкамасининг Шикоятлар бўлими қабулхонасининг Юсупов деган ходими қабул қилди. У “Сиз сўраётган аризага жавоб бермаймиз, чунки бундай информация махфийдир”, деди. У менга “Сиз ва сизга ўхшаган уч киши туфайли Ўзбекистон Республикасига пахта тайёрлаш миллий режасини бажара олмадик. Чунки пахтага одам чиқаришимизга халақит бердингиз”, деб дашном берди. Лекин аризамни олиб қолди, деди Елена Урлаева.

Елена Урлаеванинг Вазирлар Маҳкамасидан чиққанидан сўнг айтганлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:35 0:00
Бевосита линк

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси мулозими Юсупов Чиноз туман прокурори вазифасини бажарувчи Маҳмудовнинг жавоб хатини кўргач, бу хатнинг ҳуқуқ ҳимоячилари қўлига тушиб қолганидан жуда ҳайрон бўлган

Суҳбатдошимиз вакили бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси ташкилоти агар раҳбарлари томонидан босим ўтказиладиган бўлса, “давлат сирини” ошкор қилиб қўйган Чиноз туман прокурори вазифасини бажарувчи Д. Р. Маҳмудовнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилажакларини билдирди.

***

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий ҳамкорлар, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Жаҳон банки иштирокида “Ўзбекистон Республикасида Муносиб меҳнат дастурининг амалга оширилиши ҳолати ва истиқболлари” мавзусида яқинда ўтказилган Давра суҳбати тўғрисида хабар қирар экан, Федерация матбуот хизмати бундай ёзди:

“Халқаро экспертлар Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига масъулият ва содиқлигини намойиш этаётгани, мамлакатда Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик, шунингдек, аҳоли бандлигини мақсадли таъминлаш борасидаги ишлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга лойиқ эканлигини таъкидладилар”.

Лекин “Қўрқмаслар” гуруҳи аъзолари – Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг ўз кузатишларига таяниб, Озодликка айтишича, пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий жалб қилиш кўлами сўнгги йиллардагидан кам бўлгани йўқ.

XS
SM
MD
LG