Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 00:10

Ангрен ҳокими ташкилот раҳбарларидан пахта терувчиларнинг суратини сўради


"Пахта-2016": Самарқанд давлат университети талабалари пахтадан қайтмоқда.

Ангрен шаҳар ҳокимининг корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига юборган "тезкор хабарнома"сида белгилаб қўйилган вазифалар орасида пахта теримида қатнашадиган отрядлар аъзолари суратлари жамланмаси – виньеткаларни шакллантириш топшириғи ҳам бор.

Шаҳар ҳокимлиги мулозими ташкилотлар раҳбарларига “Хабарнома” жўнатилганини билвосита тасдиқлади. Мавзуни ўрганиш жараёнида пахта теримига тайёргарлик вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ҳар йилги усулда давом этаётгани маълум бўлди.

Тошкент вилоятида пахта теримига қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига алоқаси йўқ ташкилотларни жалб этишга тайёргарлик бошқа вилоятлар ҳокимлари мажбурий меҳнатдан воз кечишга ваъда бераётган кунларда кечмоқда.

Нусхаси Озодликда мавжуд “Хабарнома” мазмунидан унинг кечи билан 7 августгача ёзиб, тарқатилгани тушунилади.

Хабарномада нима дейилган?

Жорий йил июлида Ангрен шаҳар ҳокими этиб тайинланган Ҳакимжон Абдулазизов корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига йўллаган хабарномасида “2017 йил пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай териб олиш учун” қилиниши лозим бўлган ташкилий ишларни “амалга оширишни" сўраган.

Ташкилотлар раҳбарларидан отрядларни шакллантириш, ҳашарчилар учун ётоқхоналарни тайёрлаш, озиқ-овқат заҳираларини ғамлаш, фермерлар билан шартномалар тузиш каби топшириқлар ва уларни бажариш муддатлари белгилаб қўйилган.

Масалан, 30 августгача “Отряд таркиби ва теримчилар рўйхати, виньеткасини шакллантириш” тўғрисида топшириқ берилган.

Отряд нимаю виньетка нима?

Ангрендаги мактаблардан бири директорининг тушунтиришича, “отряд” – турли ташкилотлар ходимларидан таркиб топадиган, камида 150 кишилик гуруҳ; “виньетка” ўша гуруҳ аъзолари тушадиган коллектив суратдир.

Ҳокимлик мулозимлари нима деди?

Ангрен шаҳар ҳокими қабулхонаси телефонини кўтарган мулозим бу ҳужжат тўғрисидаги саволга “пахта теримига масъул” мутахассис исмини айтиб, у билан боғланишни маслаҳат берди.

Ҳокимликнинг “пахта теримига масъул” С. исмли мулозими ҳокимликдан чиққан “Хабарнома”га оид саволни ёзма шаклда жўнатишни сўради.

"Хабарнома"ни олганлар нима деди?

Ангрендаги банклардан бири раҳбари Озодлик саволига жавобан ҳокимлик хабарномасини олганини, бу йил пахта теримига унинг банкидан 15 киши чиқишини айтди.

Ангренда жойлашган вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасларидан бирининг раҳбари бу йил ишга янги келганини, ўтган йили унинг муассасасидан 16 киши пахтага чиққанини аниқлаганини, бу йил ҳам шунча киши теримга чиқишини айтди.

Хафсаласи пир бўлган ўқитувчи

Ангрендаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи Озодликка ёзган хатида бу йилги терим мавсумида яна чўнтагидан чиқим қилишга мажбур бўлишларини кутаётгани тўғрисида ёзди:

“Биз ўқитувчиларни жўнатишмайди, балки бир сезонга пул ундирилади. Бу пулга биз, ўтган мавсумдагидек, водийдан ҳашарчиларга пул бериб тергизамиз. Бу йилги мавсумда 800.000 сўм ёки 100 $ бўлармиш деган гап шаҳарда тарқалиб бўлди”.

Чинозда ҳам Ангрендаги гап

Пахта теримига ҳашарчиларни жалб этишга тайёргарлик Тошкент вилоятининг бошқа туманларида ҳам бошлаб юборилгани маълум бўлди. Чиноз тумани марказидаги маҳаллалардан бири оқсоқолининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, бундан 10 кунча муқаддам ҳокимликда ҳокимнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари мажлис ўтказган.

Йиғилишда пахта терими бўйича ҳар йилги гап такрорланган. Бу йилги фарқ шундаки, пахта отрядлари бошлиқлигига аввалги йилларда одатда мактаб директорлари тайинланса, бу йил кўпроқ маҳалла раислари тайинланмоқда.

Туман халқ таълими бўлими ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳар бир мактаб педагог ва техник ходимларининг умумий сонидан 20 фоизи теримга жалб этилади.

Олдинроқ Бухоро вилоятида ўқитувчилардан пахта чиқаман, деган мазмунда тилхат олинаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Айни пайтда қатор вилоятлар ҳокимлари Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда қилган чиқишларида, маҳаллий журналистларга берган суҳбатларида пахтага мажбурлаб чиқаришни қораламоқдалар.

Ҳокимларнинг ваъдалари

Хусусан, Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Халқаро пресс клубнинг Сурхондарёда бўлиб ўтган сайёр сессиясида пахта йиғим теримига бюджет ташкилот ходимларининг жалб қилиниши борасидаги саволларга жавобан бундай деган:

- Мен вилоят раҳбарлигига келган кунимоқ, ушбу масалани кўтарганмиз. Ўқитувчи ва шифокорларнинг дала ишларига, кўчада қатор бўлиб ободончилик ишлари билан шуғулланишига тўлиқ барҳам берамиз.

Бундай ваъдаларни аввалроқ Фарғона, Наманган ҳокимлари ҳам берганини, уларнинг ваъдаларидан ангренлик ўқитувчилар илҳомланганини, эндиликда эса, шаҳар ҳокимининг топшириғидан ўқитувчиларнинг хафсаласи пир бўлганини ангренлик ўқитувчи ёзди.

Халқаро танқид

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилиши йиллардан бери халқаро ташкилотлари тарафидан танқид этиб келинади.

Human Rights Watch ташкилоти ҳисоботида қайд қилинишича, ҳар йили бир миллиондан ортиқ ишчи Ўзбекистонда мажбуран пахта теримига жалб этилади.

Қонунлар нима дейди?

Ўзбекистон Републикасида мажбурий меҳнат Ўзбекистон Републикаси Конституциясининг 37-моддаси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддаси, Меҳнат кодексининг 7-моддаси, шунингдек, «Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида»ги Конвенция (1930 йил 28 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) ҳамда «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги Конвенцияга (1957 йил 25 июнда қабул қилинган, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган) кўра тақиқланади”.

Шарҳларни кўринг (9)

Бу форум ёпилган

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG