Линклар

Шошилинч хабар
18 июл 2018, Тошкент вақти: 02:32

Саратовдаги автоҳалокатда жароҳатланган ўзбеклар исмлари маълум бўлди


"Лада Ларгус"да кетаётган 6 ўзбекистонликдан беш нафари турли оғирликдаги жароҳат олган

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Саратов вилоятида юз берган автоҳалокатда жароҳат олган ўзбекистонликлар рўйхатини эълон қилди.

2017 йил, 25 июл, соат 16:05 ларда Саратов вилояти Озинский туман марказидан 8 километр нарида 3 киши кетаётган "Форд Мондео " ва 7 киши кетаётган "Лада Ларгус" автомашиналари тўқнашиб кетган.

Саратов вилоят Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Ольга Чиченадзенинг Озодликка маълум қилишича, "Лада Ларгус" автомашинасида кетаётган 6 ўзбекистонликдан беш нафари турли оғирликда жароҳат олган.

- Бахтли тасодиф туфайли ўлганлар йўқ. "Лада-Ларгус"да кетаётган 7 кишидан бири вилоятимиздан, қолган 6 киши – Ўзбекистон ватандошлари бўлган. Аварияда жароҳатланганлар Озинский туман шифохонасига олиб кетилди. Ўзбекистонликлардан 4 нафари ҳозирда шифохонада қолмоқда, яна иккитасига жавоб берилди. Ҳозирча тўқнашув сабаблари аниқ эмас, тергов олиб борилмоқда, деди Ольга Чиченадзе.

Бошқармадан олинган маълумотга кўра, Озинский туман шифохонасига олиб кетилган беш нафар Ўзбекистон ватандоши рўйхатидан улар Андижон ва Фарғона вилоятидан келган муҳожирлар эканини кўриш мумкин:

1. Мадрагимов Муҳаммадали, 1970 й.т. – Андижон вилояти Олтинкўл туманидан;

2. Қурбонов Сирожиддин, 1995 й.т. – Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан;

3. Холматов Абдужаббор, 1965 й.т. – Андижон вилояти Олтинкўл туманидан;

4. Содиқов Миржалол, 1988 й.т. – Фарғона вилояти Учкўприк туманидан;

5. Бадалов Жамшидбек, 1991 й.т. – Фарғона вилояти Риштон туманидан.

Автоҳалокатда шикаст олган йўловчилар яқинлари қўшимча маълумотларни Саратов вилоят бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармасидан ёки бевосита Озинский туман шифохонасидан олишлари мумкинлиги билдирилди.

Шунингдек, ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси назоратига олингани маълум бўлди.

Саратов вилоят Давлат автомобил назорати бошқармаси эълон қилган дастлабки текширув хулосасига қараганда, тўқнашувга "Лада Ларгус" ҳайдовчиси сабабчи бўлган. Воқеанинг қолган тафсилотлари ўрганилмоқда.

Январ ойидаги автоҳалокатда 2 ўзбекистонлик муҳожир нобуд бўлганди
Январ ойидаги автоҳалокатда 2 ўзбекистонлик муҳожир нобуд бўлганди

Озодлик Россия ва бошқа қўшни мамлакатлардаги ўзбек муҳожирлари нобуд бўлган бошқа автоҳалокатлар тўғрисида олдин ҳам хабар берган.

Жорий йилнинг 22 июн куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Россиянинг Волгоградига 50 дан зиёд ўзбекистонлик муҳожир кетаётган автобус ағдарилиб кетган эди. Оқтўбе вилоятининг Ойтекебий туманида содир бўлган бу авария оқибатида 9 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳодиса жойида ҳалок бўлган, 17 нафар ўзбекистонлик ва бир нафар қозоғистонлик йўловчи касалхонага ётқизилган¸ 25 жароҳатланган йўловчига эса воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилганди.

Саратов вилояти Петровский туманида 15 январга ўтар кечаси содир бўлган автоҳалокатда эса 7 меҳнат муҳожири, жумладан 2 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG