Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2022, Тошкент вақти: 01:57

Россия ширкатлари "Сухой" учоқларида Ўзбекистонга парвозларни тикламоқда


Россиянинг “Азимут” авиаширкати 28 март куни Россиянинг жанубий шаҳарларидан Ўзбекистоннинг Урганч ва Самарқанд шаҳарларига мунтазам ҳаво қатновини йўлга қўйишини маълум қилди.

Украинага уруш сабаб Ғарбнинг иқтисодий ва молиявий санкциялари остида қолган Россия авиаширкатлари Boeing ва Airbus учоқлари ўрнига ўрта масофага мўлжалланган Sukhoi Superjet 100 самолётларида Ўзбекистонга парвозларни тикламоқда.

Sukhoi Superjet 100 самолётлари уч минг километрдан ортиқ масофага уча олмайди.

Бундай учоқларда Москвадан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш имконсиз.

Мутахассисларга кўра, шу сабаб Россия авиаширкатлари мамлакат жанубий шаҳарларини Ўзбекистонга парвозлар учун транспорт марказлари сифатида танламоқда.

Россиянинг “Азимут” авиаширкати 28 март куни Ростов-на-Дону, Краснодар, Минеральние води шаҳарларидан Ўзбекистоннинг Урганч ва Самарқанд шаҳарларига мунтазам ҳаво қатновини йўлга қўйишини маълум қилди.

Ширкат лоукостер самолётларида “Ростов-на-Дону- Самарқанд- Ростов-на-Дону”, “Ростов-на-Дону- Урганч- Ростов-на-Дону”, “Краснодар- Урганч- Краснодар” ва ”Минеральние Води- Урганч- Минеральние Води” йўналишларида парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ширкат бунинг учун Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигидан рухсат олган.

Парвозлар қачондан бошланиши маълум эмас.

29 март куни Россиянинг яна бир авиакомпанияси - Redwings Махачқаладан Тошкентга тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйгани хабар қилинди. ТАСС агентлигига кўра, ушбу йўналишдаги парвозлар ҳам "Сухой" учоқларида амалга оширилади.

Бундан олдин Россиянинг “Аэрофлот” ширкати Сочи шаҳридан Ўзбекистоннинг Урганч, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона шаҳарларига Sukhoi Superjet 100 учоқларида қатновчи йўналиш очганини билдирганди.

Кремлнинг Украинага уруши ортидан Ғарб қўллаган санкциялар Россия авиаширкатларини деярли учоқсиз қолдирди.

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга мунтазам қатнаб келган рейсларни бекор қилиши ортидан билет нархларининг кескин қимматлагани кузатилмоқда.

Boeing ўрнига Sukhoi

Россия авиаширкатлари Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни Boeing ва Airbus учоқларида амалга ошириб келган.

Шу ой бошида дунëнинг энг йирик учоқ ширкати Boeing ва Airbus Россия билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатди.

Бу иккала компания учқичлари Россия авиакомпаниялари ишлатиб келган авиафлотнинг учдан икки қисмини ташкил этади.

Россия авиакомпаниялари ижарага олган самолётлар ўз эгаларига қайтарилиши керак ва улардан йўловчиларни ташиш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмас.

Россия ҳаво ширкатлари паркининг катта қисмини эса чет элда ишлаб чиқарилган самолётлар: Boeing, Airbus, Embrair ва Bombardier ташкил қилади.

Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотига кўра, жами 980 лайнердан 750 таси хориж ширкатларига тегишли.

Бунинг ортидан Россиянинг “Аэрофлот”, S7 ва Smartavia авиакомпаниялари хорижий давлатлар, жумладан Ўзбекистонга ҳам парвозларни тўхтатишга мажбур бўлди.

Шу ой ўрталарида Росавиация авиаташувчиларга мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган учоқлар, жумладан Sukhoi Superjet самолётларидан фойдаланишни тавсия қилди.

Россияда Sukhoi Superjet 100 самолётларидан ички йўналишларда фойдаланилади.

Сабаби 98 йўловчига мўлжалланган бу учоқ 3 минг километрдан ортиқ масофага учолмайди.

"Сухой" Москвадан Тошкентга учишга чидамайди"

Россиялик авиация соҳаси мутахассиси, собиқ учувчи Александр Фурсовнинг Озодликка айтишича, айнан шу боис хорижий парвозлар учун Россиянинг жанубий шаҳарлари транспорт марказлари сифатида танланмоқда.

“Ҳозир “Аэрофлот” ва бошқа авиаширкатлар хорижга парвоз қилиш учун Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда, Sukhoi Superjet самолётлари ёрдамида, лекин бу самолётлар узоқ масофага тортмайди. Москванинг Шереметьево аэропортидан бунақа кичик учоқда Тошкентга ёки бошқа шаҳарларга бу самолётда учиб бўлмайди. Шунинг учун, Сочи, Ростов, Краснодар каби шаҳарлар иккинчи база сифатида танланмоқда. Чунки Ростовдан Самарқандга 2 ярим минг километр, амалласи бўлади”, - дейди Фурсов.

“Аэрофлот” ширкати Сочи шаҳридан Sukhoi Superjet учоқларида Ўзбекистон дохил Арманистон, Миср, Исроил, Қозоғистон, Туркияга жами 17 та хорижий йўналиш бўйича парвозларни йўлга қўйишга умид қилмоқда.

Путиннинг лойиҳаси

Sukhoi Superjet 100 СССР парчаланганидан кейин Россияда ишлаб чиқарилган биринчи йўловчи самолётидир.

Президент Владимир Путиннинг алоҳида патронажлиги остида 2011 йилда ишга туширилган пайтда у россияликлар учун миллий ғурур манбаи бўлган.

Sukhoi Superjet 100 учоғи.
Sukhoi Superjet 100 учоғи.

Бироқ сўнгги йилларда самолётда кўплаб техник муаммолар қайд этилган ва Россия хорижий авиаташувчиларни уни сотиб олишга кўндира олмаган.

Ҳукумат Россия авиакомпанияларини Sukhoi Superjet сотиб олишга рағбатлантириш учун субсидиялар таклиф қилди ва “Аэрофлот” ширкати унинг асосий операторига айланди.

Россия фуқаролик авиацияси паркида юздан зиёд Sukhoi Superjet 100 учоғи бор.

Айни пайтда мутахассислар Россия ширкатлари Sukhoi Superjet учоқларидан қанча узоқ фойдалана олишлари мумкин, деган саволни ҳам ўртага қўйишмоқда

Бу учоқ Россияда ишлаб чиқарилган бўлса-да, эхтиёт қисмларининг қарийб ўттиз фоизи хорижий компаниялар томонидан етказиб берилади.

Жумладан, унинг дизайнида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Швейцария компанияларининг технологиялари ва тизим ишланмалари (гидравлика, авионика, ёқилғи тизими, бошқарув ва бошқалар) қўлланилган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари Россияга самолётлар учун эҳтиёт қисмларни олиб ўтишни тақиқлашни ҳам ўз ичига олади.

Канадада яшовчи журналист, учувчилик соҳаси билан яхши таниш бўлган Баҳтиёр Шоҳназаровнинг Озодликка айтишича, ғарб давлатларидан олинадиган юқори технологияли эҳтиёт қисмларсиз Sukhoi Superjet учоқлари хавфли транспорт воситасига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

“Учоқнинг энг муҳим компонентларини Россия чет давлатлардан олади. Етмиш фоизи Россиянинг ўзида, қолган ўттиз фоизини четдан олади. Энди Хитойдан оламиз, дейишяпти. Фақат сертификатли ишлаб чиқарувчилардан олиши керак. Бозорда судрайдиган арава ҳақида гап кетаётгани йўқ бу ерда. Ўттиз фоиз юқори технология ҳақида гап кетяпти. Россия бир ўзи буни ҳеч қачон қилолмайди”, - дейди Шоҳназаров.

Уч йил аввал Sukhoi Superjet 100 билан боғлиқ авиаҳалокат бу учоқ хавфсизлигини савол остига қўйди.

2019 йил 5 май куни Москвадан Мурманскка йўл олган 28 дақиқа ўтиб Шереметьево аэропортига шошилинч тарзда қўниш пайти ёниб кетди.

2019 йил 5 май куни Москвадан Мурманскка йўл олган 28 дақиқа ўтиб Шереметьево аэропортига шошилинч тарзда қўниш пайти ёниб кетди.
2019 йил 5 май куни Москвадан Мурманскка йўл олган 28 дақиқа ўтиб Шереметьево аэропортига шошилинч тарзда қўниш пайти ёниб кетди.

Оқибатда қирқдан зиёд йўловчи ҳалок бўлган.

Бундан олдин Sukhoi Superjet 100 учоғи 2012 йилда Индонезияда бортида 45 йўловчи билан ҳалокатга учраганди.

XS
SM
MD
LG