Линклар

Шошилинч хабар
21 апрел 2019, Тошкент вақти: 05:23

Озодлик фильми: Швецияда олти ўзбек терроризмда айбланмоқда (ВИДЕО)


2018 йилнинг сўнгги ҳафтасида Швеция прокуратураси икки ўзбекистонлик: 46 яшар Давид Идриссон (Фарҳод Тошмуҳаммедов) ва 30 яшар Бахтиёр Умаровга ҳамда бир қирғизистонлик - 39 яшар Отабек Абдуллаевга террор ҳужумларини тайёрлашда айблов эълон қилди.

Шунингдек, бу учовлонга ва яна бошқа уч ўзбекистонликка ўзини "Ислом давлати" экстремист гуруҳига молиявий кўмак бериш айблови қўйилди.

Олти нафар устидан суд Стокҳ​ольмда 7 январда бошланди.

Озодлик фильми: Швеция терроризмда айблаётган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:25 0:00

Маҳкаманинг илк куни

Швед прокурорлари айбланувчиларнинг барчасини террорни молиялаштириш, уч нафарини Швеция ҳудудида террор ҳужуми уюштиришда айбламоқда.

"Агар бу террор ҳужуми амалга ошганида эди, Швецияга жиддий зарар бериши мумкин эди", дея иқтибос келтирди айблов хулосасидан The Local нашри.

Стокҳольм судида 7 январь куни бошланган маҳкаманинг илк кунида айблов хулосаси тингланди.

Айбловга кўра, олтовлон ИШИДнинг ("Ислом давлати" экстермист гуруҳи) террорчилик амалиётларини молиялаштириш учун Швециядан ташқарига пул юборган.

Жумладан, айбловда, ўзбекистонлик 34 яшар Акромжон Эргашевнинг Туркияда бўлган воситачи орқали Суриядаги ИШИДни қўлловчиларга 18 минг швед кронаси (2 минг АҚШ доллари миқдорида) пул юборгани иддао қилинган.

Прокурорлар бу даъвога далил ўлароқ мобил телефонга ўрнатилган чат дастурларидаги ёзишмаларни келтирган.

Қолган 5 айбланувчи, судга киритилган ҳужжатларда, ўзбекистонлик 30 яшар Бахтиёр Умаров, 39 яшар Ғулом Турдиев, 24 яшар Шоаҳмад Маҳмудов, 46 яшар Давид Идриссон ва қирғизистонлик 39 яшар Отабек Абдуллаевлар деб кўрсатилган.

Булардан 3 нафари - Абдуллаев, Идриссон (Тошмуҳаммедов) ва Умаровлар Швецияда террор ҳужумини уюштиришда ҳам айбланмоқда. Прокурорларга кўра, буларнинг мобил телефонларидан Стокҳольмнинг одам гавжум нуқталари акс этган суратлар топилган.

Айбланувчиларнинг ҳаммаси ўзларига нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этмоқда.

Маҳкама Стокҳольм судининг қаттиқ қўриқланадиган хонаси - ўқ ўтмайдиган хоналар ва қўриқчилар билан қуршалган қисмида ўтказилмоқда.

Маҳкамада айбланувчилардан бирининг 2017 йилнинг апрелида Стокҳольм марказидаги оломонни машина билан бостирган ва 5 кишининг ўлимига сабаб бўлган, айни пайтда, қамоқ жазосини ўтаётган Раҳматжон Оқиловга алоқадор бўлгани ҳам даъво қилинмоқда.

Оқилов 2018 йилнинг июнь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Кодли ёзишма

2017 йилнинг 5 июлида Швецияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир Фарҳод Тошмуҳаммедов (ҳозирги исми Давид Идриссон) ва унинг "Сайфуллоҳ" тахаллусли таниши ўртасида Telegram мессенжери орқали ёзишма бўлиб ўтади.

Фарҳод Тошмуҳаммедов ва "Сайфуллоҳ" ўртасидаги ёзишма
Фарҳод Тошмуҳаммедов ва "Сайфуллоҳ" ўртасидаги ёзишма

Унда Фарҳод Тошмуҳаммедов танишидан "машина устаси" топиб беришни сўрайди.

(Ёзишма таҳрирсиз кўчирилмоқда).

Фарҳод Тошмуҳаммедов: - Биродар утган Хайитлар билан. Туйларга яхши бориб келдизми? Бир жиддий маслахат бор эди. Качон гаплашсак булади?

"Сайфуллоҳ": - Ва иякум (Сизгаям – Таҳр.) ока. Ока ман хозир алокадаман йозувринг бугун мен алокадаман. Лекин 3 кундан кейин кайтишим керак жойимга.

- Бизага мошина устаси керак. Ишини яхши биладиган. Машина ремонтини ургатаолидиган. Четга чиколмайман. Хужжат умуман бермаяпти.

- Ока усталарни зурлари силардаку йоки сизга заксга чикишга мошинани ясатиб берадиган одам кереми?

- Ха туйга.

- Ока агар хохласез канаклиб безатиб ясатишни уратадиган видео ташабераман ва бази заксга мошина ясатадиган братлар билам алока килиб куяман иншАллах.

- Алхамдулиллах. Ж хойр.

Ўшанда Фарҳод Тошмуҳаммедов орадан 9 ой ўтиб Швеция прокуратураси айнан мана шу ёзишма асосида унга қарши расмий айблов илгари суришини билмас эди.

Кўринишидан беозор бу ёзишма Швеция хавфсизлик полициясини ҳушёр торттирганди: "Сайфуллоҳ" Суриянинг "Ислом давлати" (ИД) назорати остидаги ҳудудларидан туриб ёзаётганди.

ИД жангариси

Швеция полициясига кўра, Ботир Юсупов ўтган кузда Сурияда ҳалок бўлган
Швеция полициясига кўра, Ботир Юсупов ўтган кузда Сурияда ҳалок бўлган

Швед прокуратураси хулосаларига асосан, Фарҳод Тошмуҳаммедов билан "Сайфуллоҳ"дан ташқари яна "Саид-1", "Абу Нуҳ ал Ўзбекий", ва "Баттар" тахаллуслари алоқада бўлган шахс ўзбекистонлик Ботир Юсуповдир.

Швеция хавфсизлик хизматлари Интернетда ИД ахборот воситалари орқали тарқалган хабарга таяниб, Ботир Юсуповнинг 2018 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Сурия ҳудудида ўлдирилганига ишонч ҳосил қилганлар.

Фарҳод Тошмуҳаммедов ва бошқа гумонланувчилар телефонларида мавжуд "Сайфуллоҳ" ва ИД "шаҳид бўлди" дея эълон қилган шахс суратлари қиёсланганда улардан бир шахс Ботир Юсупов экани аниқланган.

Иккала суратда ҳам бу шахслар юзининг бир тарафидаги чандиқ ва иккинчи тарафидаги кичик холи уларнинг Ботир Юсупов эканлигига Швеция прокуратурасида шубҳа қолдирмаган.

Швеция, прокуратураси бу ва яна қатор далилларга таяниб, Фарҳод Тошмуҳаммедов ва унинг танишлари бўлган яна икки муҳожир - Отабек Абдуллаев ва Бахтиёр Умаровни бир йилдан кўпроқ вақт давомида Швецияда террор ҳужумига тайёргарлик кўрганликда айбламоқда.

Гумонланувчилар

Фарҳод Тошмуҳаммедов - Давид Идриссон
Фарҳод Тошмуҳаммедов - Давид Идриссон

​Фарҳод Тошмуҳаммедов. Асли Тошкент шаҳридан. 46 ёшда. 2008 йилда Швецияда бошпана олган ва номини Давид Идриссонга ўзгартирган.

Отабек Абдуллаев
Отабек Абдуллаев

Отабек Абдуллаев. 39 ёшда. Қирғизистон жанубидаги Новқат туманидан. Швецияга 2017 йилда Польша иш визаси билан келган.

Бахтиёр Умаров
Бахтиёр Умаров

Бахтиёр Умаров. Тошкент шаҳридан. 30 ёшда. Швецияга илк бор 2011 йилда оиласи билан келган. Кейинчалик Ўзбекистонга қайтган. Россия ва Туркияда истиқомат қилган. 2016 йил 30 декабрда Швецияга қайтиб, бошпана сўраган.

Истанбулдан-Стокҳольмга

Бахтиёр Умаров Истанбулдан Швеция тупроғига оёқ қўйганидан бир кун ўтиб Истанбулда охирги йилларда Туркияда кузатилган энг қонли ҳужумлардан бири содир этилди.

Асли Ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов Истанбулдаги Рейна тунги клубига қуролли ҳужум қилиб, 39 одамни отиб ўлдирди ва яна 69 одамни яралади.

Истанбулдаги ҳужум учун масъулиятни ИШИД зиммасига олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00

​Кейинчалик ИД мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Швед полициясининг қўлга киритган ёзишмаларга таяниб маълум қилишича, Бахтиёр Умаров тунги клубни қонга белаган Абдулқодир Машарипов билан бир муддат бир квартирада бирга истиқомат қилган.

Аммо, тергов пайтида Бахтиёр Умаров Рейнага ҳужум қилган шахсни ўзи таниган бошқа бир шахс билан адаштириб юборганини айтган.

Озодлик ихтиёрига Швеция полицияси қўлга киритган яна бир муҳим ҳужжат келиб тушди. Унда Бахтиёр Умаров Туркияда бўлган пайтида Ислом Давлати гуруҳининг Суриядаги ўзбек ташвиқотчиларидан бири Абу Жандал билан Телеграм мессенжери орқали бир неча ой давомида олиб борган ёзишма ва суҳбатлари қайд этилган.

Бу суҳбатда Бахтиёр Умаров ҳам Фарҳод Тошмуҳаммедов сингари "жиҳод" ўрнига "тўй" сўзини ишлатади.

Бахтиёр Умаров: Ака яхшимисиз? Бормисиз субҳаналлоҳ. Тўйга кетувмидинглар дейманда? Соғ-саломатмисиз? Ҳа борман, ўзингиз бир йўқ бўлиб кетасиз, бир кейин келиб "ёзмайсиз" дейсиз.

Абу Жандал: Бизам юрибмиз, у ерда бу ерда айланиб, секин саёҳат қилиб... Ҳа ўша "ранен" бўлмайлик ака, дуо қилинг. Кетувдик ўша ишлар билан жиҳотимиз бор эди. Тортишиб келаяпмизда у билан бу билан, эшаклар билан... Нажаслар... Йўл очиш керак шу. Шунга ҳаракат.

Швед прокуратурасига кўра, Бахтиёр Умаров, қалбаки Юнонистон паспортидан фойдаланиб, Туркияга пул жўнатиб турган.

Химикатлар ва паспортлар

Прокуратурага кўра, 2018 йилнинг февралида террор ҳужумини режалаштирганликда айбланаётганлар иккинчи одимни ташлайдилар:

Фарҳод Тошмуҳаммедов касодга учраган компаниядан аукцион орқали бир неча юз килограм кимёвий модда сотиб олади ва уларни ўзи яшаб турган Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасига олиб келади.

Полицияга кўрга, бу химикатлардан портловчи ва заҳарловчи моддалар тайёрлаш мумкин эди.

Аммо, тергов хулосаларидан маълум бўлишича, Фарҳод Тошмуҳаммедов "уста"ни тўйда машинани безаш учун қидирганини айтган.

Қисқа вақт ўтиб Фарҳод Тошмуҳаммедов учта сохта паспорт сотиб олишга уринади.

Сохта паспорт
Сохта паспорт

Швед прокуратурасининг ишонишича, бу уриниш Фарҳод Тошмуҳаммедов ва унинг шерикларида ҳужумдан кейин мамлакатдан чиқиб кетиш режаси бўлганини кўрсатади.

Ҳужум нуқталари

Фарҳод Тошмуҳаммедовнинг жиноий шериги сифатда кўрилаёган Отабек Абдуллаев ижтимоий тармоқларга Стокҳольмнинг диққатга сазовор ва аҳоли гавжум жойлари суратларини жойлаб боради.

Жумладан, Стокҳольм марказий станцияси, Т-савдо маркази ва Scandinavia Mall Mall cавдо маркази, полициянинг ишонишича, бўлғуси террор нуқталари бўлган.

Отабек Абдуллаев телефонидан Стокгольмнинг гавжум жойлари суратлари чиққан
Отабек Абдуллаев телефонидан Стокгольмнинг гавжум жойлари суратлари чиққан

Отабек Абдуллаев, шунингдек, ИД ташвиқоти рамзига айланган болакай суратини жойлаштирган.

Бу суратларни прокурорлар Отабек Абдуллаевнинг қуролли ҳужумга тайёргарлик кўргани исботи сифатида ишлатмоқда.

Айблов ва инкор

Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик гумонланувчилар изига Швеция махфий полицияси – Сапо тушганди.

Озодлик таҳқиқоти давомида Бахтиёр Умаров телефони 2017 йил августидан, Фарҳод Тошмуҳаммедов телефони эса айни йил октябридан эшитиб ва ўқиб борилганини аниқлади.

2018 йилнинг 31 мартида Швеция полицияси Стокгольм ва Стромсундда Бахтиёр Умаров, Фарҳод Тошмуҳаммедов ва Отабек Умаровни ҳибсга олди.

Кейин яна уч нафар ўзбекистонлик муҳожир ҳибсга олинди.

Олти нафарнинг барчаси ИД экстремист гуруҳига пул юбориб турганликда айбланмоқда.

Аммо, ҳибсга олинганлар барча айбловларни рад этмоқда.

Швеция жиноят кодексига мувофиқ, террорга боғлиқ айбловлар учун камида тўрт йилдан бир умргача қамоқ жазолари тайинланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG