Линклар

24 феврал 2018, Тошкент вақти: 11:23

Мирзиёев давлат солиқ қўмитаси ходимлари сонини қисқартирди

  • Озодлик

Давлат солиқ қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси пешлавҳаси

Президент Мирзиёев 1 августда имзолаган қарор билан Давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони тасдиқланди.

«Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда Давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони 12.131 нафар, шу жумладан, марказий аппаратда 263 нафар этиб белгиланган, шундан 12.056 нафари Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан, 75 нафари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Қиёслаш учун: 1994 йилнинг 4 мартида Давлат солиқ қўмитаси ташкил этилгандақўмитанинг чекланган ходимлари сони 15400 нафар эди. 1998 йил 12 январда эса ДСҚнинг ходимлари чекланган сони бекор қилинган, яъни қўмита исталганча штат кенгайтириши мумкин бўлган. Шу вақтгача қўмита ходимлари сони қанча бўлгани айтилмасди.

Бу ҳақда ёзган кун.уз сайти маълумотларига кўра,эндиликда ходимлар сони тенг ярмига қисқарган.

12 июлда ўтказилган видеоселекторда президент Солиқ тизимида жиддий ўзгариш бўлишини айтганди. Шундан сўнг, Солиқ қўмитаси тугатилиб, унинг фаолияти Молия вазирлиги ёки бош прокуратура таркибига ўтказилиши ҳақида хабар пайдо бўлди. Аммо кўп ўтмасдан қўмита бу хабарни рад этди.

Президент 1 августда имзолаган қарор матнида мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарорда Давлат солиқ қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппаратининг тузилмаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларининг, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмалари тасдиқланган.

XS
SM
MD
LG