Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2020, Тошкент вақти: 00:46

Ҳуқуқ фаоллари 2 марта "раскрутка" қилинган сиёсий маҳбус билан учрашди


Васила Иноятова, Ғанихон Маматхонов ва Абдураҳмон Ташанов

2016 йилнинг 22 октябрида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ҳамда журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/33-сонли муассасада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов билан учрашди. Бу ҳақда “Озодлик”ка хабар қилган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, Ғанихон Маматхонов билан учрашув бир қадар мураккаб кечган.

“Ўз вақтида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Фарғона вилояти бўлими фаоли бўлган бу одам билан учрашув бир қадар мураккаб кечди. Хасталиги ва кексалиги туфайли ҳаяжонини яшира олмаган Ғанихон ака ҳаяжон аралаш йиғи билан кутиб олди. Бироз тоблари йўқ экан, муассасанинг тиббий бўлими у кишини сангородга юборишмоқчи экан. “Қандай хасталик безовта қиляпти?”, деб сўрадим. “Қаричилик, озодликка чиқсам ҳаммаси яхши бўлади” деди Ғанихон ака”, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Маълум бўлишича, Ғанихон Маматхоновнинг муддатига сўнгги марта шу йилнинг 3 августида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа тумани судининг ҳукми билан 2 йил-у 4 кун муддат қўшиб берилган. Айблов сиёсий маҳкумларга нисбатан илгари сурилаётган анъанавий, яъни жазони ижро этиш муассаси тартибини бузиш бўлиб, ҳуқуқ фаоли иккинчи марта шундай жазога тартилган. Унинг қамоқ муддати худди шу модда билан 2014 йилда 2,3 йилга узайтирилган.

Колонияда ҳуқуқ фаоли билан учрашган Васила Иноятовага кўра, учрашувдан олдин муассаса раҳбари ўзларининг 64/33-сонли колониядаги маҳкумларнинг кундалик овқат рациони, ётоқхона шароити ва иш тартиби билан хизмат кабинетидаги онлайн видео камера орқали таништирилган.

“Очиғи, ўйлаганимдан анча тузук экан. Муассаса фаолияти, маҳкумларга муносабат ва мавжуд шароит ижобий тарафга ўзгаргандек. Буни Ғанихон аканинг ўзлари ҳам эътироф этди. Муассасада жазо муддатларини ўтаётган маҳкумларнинг каттагина қисмига Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган амнистия актини қўллаш борасида ҳужжатлаштириш ишлари бормоқда экан” , деди Васила Иноятова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти колониядаги учрашув муносабати билан тарқатган баёнотида учрашувларни ташкил қилишга кўмак берган Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда рўйхатга олинган мазкур ташкилотга шу йилнинг июнида 10 нафар сиёсий маҳкум билан учрашув ўтказишга изн берилган. Жамият фаоллари улардан Муҳаммад Бекжон, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров ҳамда Ғанихон Маматхоновлар билан учрашганини маълум қилишган.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG