Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Велоспортчи Забелинская ва курашчи Муродов Ўзбекистон фуқароси бўлди


Маҳмуд Муродовнинг Instagramдаги саҳифасидан.
Маҳмуд Муродовнинг Instagramдаги саҳифасидан.

Россиялик велопойгачи, Олимпия ўйинларининг уч карра совриндори Ольга Забелинская ортидан Ўзбекистон фуқаролигини яна бир таниқли спортчи – ММА жангчиси Маҳмуд Муродов олди.

Ўтган бир ойдан ортиқ вақт давомида бирваракайига иккита таниқли спорт устасига Ўзбекистон паспорти топширилди.

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон паспорти машҳур ММА жангчиси, асли бухоролик 28 яшар Маҳмуд Муродовга топширилди.

Бу ҳақда Маҳмуд ўзининг Instagram саҳифасида хабар қилди.

Алҳамдулиллоҳ, яна бир орзуим амалга ошди. Шавкат Миромонович, мамлакатимиз учун қилаётган ишларингиз ва бугун менга берган улкан хурсандчилик учун сизга катта раҳмат айтмоқчиман. Ўтган 26 йил давомида мен бу кун келишини билардим ва ўз илдизларимни ҳеч қачон унутмаганман ва мен ўзбек юрти ўғлони эканимни билиб келганман. Бугун эса мен буни исботловчи ҳужжатни қўлга олдим”, деб ёзди Маҳмуд Муродов.

Айрим маълумотларга кўра, Тожикистонда туғилган Маҳмуд Муродов Ўзбекистонда "фуқаролиги йўқ шахс" мақомида яшаб келган.

ММА жангчиси кейинги йилларда Чехиянинг Прага шаҳридан қўним топган ва ўша мамлакатдаги жанговар спорт клуби номидан мусобақаларда қатнашган.

Муродов UFC халқаро аралаш жангларида иштирок этишни бошлаган биринчи ўзбеклардандир.

2012 йилда бошлаган профессионал карьераси давомида Маҳмуд Муродов MMAA Arena, BA, XFN ва бошқа турнирларда иштирок этиб келган. У World Kickboxing Network ташкилотининг интерконтинентал чемпионлиги, Caveam версияси бўйича ҳамда XFN (X Fight Night) вақтинчалик чемпион камарлари соҳибидир.

Маҳмуд Муродов ўтказган 19 жангдан 14 тасида ғалаба қозонган.

Россия ўзбек гражданлигини олган велопойгачига муаммолар яратмоқчи

Бундан бироз олдинроқ, 5 июль куни россиялик велосипедчи, Лондон (2012) ва Рио-де-Жанейро (2016) олимпиадаларининг иккита бронза ва битта кумуш медали соҳибаси, жаҳон, Европа ва Россиянинг кўп маротаба чемпиони 38 яшар Ольга Забелинская ўзбек паспортини олгани спорт жамоатчилигида катта шов-шув бўлганди.

Ольганинг Ўзбекистон байроғи остида мусобақаларда иштирок этиши Россия спорт мулозимлари ва оддий россияликлар норозилигига учради: Россия Велоспорт федерацияси уни 2020 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этишдан маҳрум қилишини билдирди.

Ольга Забелинская
Ольга Забелинская

Ленинградда туғилган Ольга Забелинскаянинг отаси - таниқли Олимпия чемпиони Сергей Сухорученков ҳам қизининг Ўзбекистон байроғи остида чиқишига қарши чиқди: у доимий равишда Кипрда яшовчи Ольгани “бизнесмен” ва “шоумен” деб атади.

Бироқ, Ольга Забелинская Россия байроғи остида чиқишдан бош тортаётган ягона спортчи эмас. Олдинроқ бирданига 3 биатлончи қиз бошқа мамлакат гражданлигини олганини билдирди.

МатчТВ каналига берган интервьюсида у бошқа давлат учун велосипед учиришини бундай тушунтирди:

- 99% ишончим комилки, 2020 йилги Ўйинларда Россия байроғи остида иштирок эта олмайман. Илгари допинг муаммолари бўлган бошқа спортчилар билан боғлиқ вазият такрорланади ва мени Олимпиадага таклиф қилишмайди. Ўзбекистондан менга таклиф ўтган йилнинг кузида келиб тушганди. Мен раҳбарим Екимовга айтганимда у “Қаерга кетаяпсан? Ўзбекистонга? Эшак минасанми у ерда?” деган гапларни қилди.

Шу тариқа яқин орада Ўзбекистон шарафини Осиё Ўйинларида ҳимоя қилиши мумкинлигини айтган спортчи Россияни маҳаллий спорт мулозимларининг допинг жанжалларига бефарқ бўлгани сабабли тарк этганини айтди.

Гап шундаки, Допингга қарши қўмита WADA ва Халқаро Олимпия қўмитаси оммавий тарздаги допинг истеъмол қилганликда айбдор топилган рус спортчиларини халқаро мусобақалардан четлаштирган эди.

Айни пайтда, Россия велоспорт федерацияси раҳбарияти Ольга Забелинскаянинг Ўзбекистон терма жамоасига ўтишига қаттиқ қаршилик қилиши ва унга нисбатан 3 йиллик карантин жорий қилишни талаб қилишини билдирди.

Велоспорт Халқаро иттифоқи қоидаларига кўра, Ольга бу ва кейинги йилда велоспорт бўйича жаҳон чемпионатларида иштирок эта олмайди.

Бундан 26 йил олдин ўзбекистонлик велопойгачи Зулфия Забирова Россия гражданлигини олиб, 1995 йилги Атланта Олимпиадасида олтин медални қўлга киритганди.

XS
SM
MD
LG