Линклар

Шошилинч хабар
06 июн 2020, Тошкент вақти: 03:49

Ўзбекистонда буйрак ва жигар кўчиришга рухсат берилди


23 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибига оид муваққат низом”ни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мутахассисларга кўра, шу пайтгача Ўзбекистонда одам органлари трансплантациясига оид меъёрий ҳужжат бўлмагани учун, ҳар йили минглаб бемор шифо излаб чет давлатларга боришга мажбур бўлаётган эди.

Бош вазир Арипов имзолаган қарор билан тасдиқланган Муваққат низомда “трансплантация", “донор”, “реципиент” тушунчалари аниқламаси берилган.

“Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги трансплантацияси реципиент (органни қабул қилиб олувчи)га касалланган ва ҳаёт учун муҳим фаолиятини бажаролмай қолган, саломатлигига тузатиб бўлмас таъсир қилувчи буйрак ва (ёки) жигар бўлаги ўрнига тирик яқин қариндошлари орасидан соғлом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини кўчириб ўтказиш мақсадида бажариладиган оператив амалиёт” эканлиги айтилган ҳужжатда.

Буйрак ва жигарни кўчиришга рухсат берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00
Бевосита линк

Органини ким кимга бера олади?

Низомга биноан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, паспорт, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, шунингдек, қариндош эканлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар донор (буйрагини ёки жигарининг бўлагини берувчи) ва реципиент орасидаги яқин қариндошлик алоқаларини исботловчи ҳужжатлар сифатида тан олинади.

Кимлар донор бўла олмайди?

Буйрак ва (ёки) жигар бўлаги трансплантация учун ҳаммадан ҳам олинавермаслиги айтилган Низомда. Масалан, 18 га тўлмаганлар, лаёқатсиз деб тан олинганлар, қамоқдагилар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ҳомиладорлар, наркоманлар, алкоголиклар ва токсикоманлардан трансплантация учун орган олиш тақиқланган.

Буйрак ёки жигар бўлаги қайси касалхоналарда трансплантация қилинади?

Трансплантация амалиётларини ўтказиш ваколати Ўзбекистон бўйлаб фақат қуйидаги 3 та давлат тиббиёт муассасасига берилди: Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик тиббиёт маркази; Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази;

Ечимини йиллардан буён кутган муаммо

Тошкент шаҳар нефрология шифохонасининг исми айтилмаслиги шарти билан гапирган врачининг Озодликка айтишича, “буйраги ишдан чиққанларнинг 80 фоизгачасининг муаммосини трансплантация ҳал қилиши мумкин”.

Врачнинг айтишича, “органлар трансплантацияси учун беморлар орасида эҳтиёж жуда катта. Орган кўчиришга Ўзбекистонда рухсат бўлмагани учун одамлар Ҳиндистонга бориб даволанишга мажбур бўлмоқда. Бу мамлакатда буйрак трансплантацияси нархи 25 минг доллардан бошланади”.

Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси врачи трансплантация учун Ҳиндистонга қанча ўзбекистонлик боришини билмаслигини айтди.

Кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддиновнинг Озодликка айтишича, буйрак кўчириш учун ўзбекистонликлар нафақат Ҳиндистон, балки Хитойга ҳам бормоқда. Ўзидаги маълумотларга таяниб, у бу икки мамлакатга йилига 5 минг нафар атрофида ўзбекистонлик боришини айтди. Профессор бу маълумотларнинг расмий эмаслигидан огоҳлантирди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарларидан бири Озодликка буйрак ёки жигар бўлаги трансплантацияси амалиёти давлат ҳисобидан амалга оширилишини, келажакда юракни ҳам кўчириб ўтказиш амалиётлари ўтказилажагини айтди. У ихтиёрида мавзуга оид “статистик маълумотлар мавжуд эмаслиги учун” бошқа саволларга жавоб беришни истамади.

Қонунга уланиб кетадиган Низом

Трансплантацияни амалга ошириш тартиби белгилаб қўйилган Муваққат низом шу масалага оид қонун қабул қилингунича амал қилади.

Бош вазир “Одам органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайралари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳукуматга жорий йил 31 декабригача тақдим этишни Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди.

Аслида Бош вазир тайинлаган ҳужжат аллақачоноқ тайёр бўлган. “Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси” порталига “Одам органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайралари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жорий йил 28 августида муҳокама учун жойлаштирилган. Ҳужжатга оид маълумотларда мазкур қонуннинг 2018 йил 1 январдан кучга кириши айтилган.

Озодликнинг мавзуга оид саволларига Кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддинов жавоб берди:

Профессор Рустам Нуриддинов билан органлар трансплантацияси ҳақида суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG