Линклар

Аёлнинг касали тиббиёт тизимининг касалини фош қилди

  • Сарвар Усмон/Озодлик

Тиббиёт ходимлари шарафига қўйилган ёдгорлик. Тошкент шаҳри.

Жиззах вилоят, Пахтакор туманида яшайдиган 32 яшар аёл ўз муаммосини мамлакат президенти виртуал қабулхонасига шикоят қилиб ҳам ҳал қилолмагач, Озодликка мурожаат қилди.

Икки фарзандли онанинг масаласини ўрганиш жараёнида баъзи касалликларни даволашда тиббий жиҳозлар ва мутахассислар етишмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини молиялашда, беморларнинг, қандай касалликка чалинган бўлмасин, чет элларда даволаниши учун давлат 1 сўм ҳам ажратмаслиги ойдинлашди.

Пахтакордан келган хат

Пахтакор туман, Пахтакор қишлоғида яшайдиган Манзура Умарованинг Озодликка ёзишича, у оғиз бўшлиғида пайдо бўлган касалликдан азият чекмоқда.

Манзура даволаниш учун Тошкентдаги Эндокринология марказида бўлган. Докторлар унинг касалига узил-кесил ташҳис қўймаган: улар ё тил илдизи бўқоғи, ёки тил илдизи ўсмаси, деб ўйлаяпти.

Марказ врачлари Манзурага жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклигини, бироқ уни операция қилиш учун Ўзбекистонда керакли асбоб-ускуна ҳам, мутахассис ҳам йўқлигини айтган.

Манзуранинг докторлар ва бошқалардан суриштириб билишича, операцияни Москвада ўтказиш мумкин ва бунинг учун 5000 долларгача пул керак бўлади.

“Бундай пул бизда йўқ. Икки фарзандим бор. Эрим ишсиз. Ҳаммамиз қайнотамнинг қарамоғидамиз”, деб ёзди Манзура.

Муаммосини қандай ечишни билмаган аёл ёрдам сўраб, Президент Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилган.

Манзура Умарованинг Виртуал қабулхонага ёзган хатига жавоб
Манзура Умарованинг Виртуал қабулхонага ёзган хатига жавоб

Қабулхона Манзуранинг хатини Пахтакор туман тиббиёт бирлашмасига туширган. Бирлашма раҳбарияти Манзура Умаровани қабул қилган... Лекин масала ҳал бўлмаган.

Умарованинг хати билан танишиб чиққач, Озодлик унинг ўзи билан боғланди. Манзура хатида ёзган гапларни такрорлади.

Хўш, беморнинг муаммосини ҳал қилмагани - тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг шунчаки тўрачилигими ёки чиндан ҳам имконсизми унга ёрдам бериш?

Туман тиббиёт бирлашмаси: Бизда пул йўқ!

Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти вакили журналистнинг саволини эшитибоқ, Манзура Умарова ва унинг муаммосини дарҳол эслади.

“Ёш аёл у. Биламан. Главврачимиз ҳам қабул қилди. Гаплашди. Тошкентдаги доктор билан ҳам гаплашганмиз. У операция қилолмаслигини айтган. Умарова биздан маблағ сўраяпти. Бизда ундай пул йўқ. Бу масалани, балки, Тошкент ҳал қилар”, деди Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси мулозими.

Вазирлик: Бизда пул йўқ!

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекциясининг ўзини таништирмаган мутахассисидан ҳам Озодлик мухбири Манзура Умаровага таскин бўладиган гап эшитмади.

Вазирлик мутахассиси бундай деди:

“Бемор Ўзбекистон ҳудудида бўлса, имконият даражасида вазирлик барча ишни қилади. Лекин агар беморни даволашнинг мамлакат ичида иложи бўлмаса, унинг чет давлатда даволанишини биз молиялаштира олмаймиз”, деди вазирлик мулозими.

Унинг айтишича, чет мамлакатларда ўзбекистонликлар оладиган ҳар қандай муолажа беморнинг ўз ҳисобидан қопланиши лозим.

“Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ ажратилган эмас”, деди мулозим.

Вазирлик мулозими чет элларда даволанмоқчи бўлган беморларга “катта-катта ишлаб чиқариш корхоналари, хайрия ташкилотларига мурожаат қилишни” маслаҳат берди. Шундан сўнг у тилга олган хайрия ташкилотлардан бири - "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди билан боғландик.

"Соғлом авлод учун" фонди нима деди?

Фонднинг Оналик ва болалик бўлими мутахассиси айтганларидан Манзура Умарованинг муаммосини радикал ҳал қиладиган маълумот уқмадик.

Маълум бўлишича, "Соғлом авлод учун" фонди беморларга нақд пул маблағи бермайди.

Оналик ва болалик бўлими мутахассисининг айтишича, у вакили бўлган “Соғлом авлод учун" фонди ҳомийлардан йиғиладиган пул маблағлари ҳисобига мутахассисларни жалб этиб, юрак хасталиги бор болаларни даволаш билан шуғулланади, айрим ҳолларда 12-13 гача ёшдаги юрак туғма касалликлари бўлган болаларни чет элда даволашга жўнатиши мумкин.

Катта ёшдагиларга эса, мутахассисга кўра, Фонд 2 минимал иш ҳақи миқдорида моддий ёрдам бериши, шунингдек, чет элга учиши учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан авиачиптани 15 фоиз арзон олишига ёрдам бериши мумкин.

Мулоқотимиз якунига етай деб қолган пайтда "Соғлом авлод учун" фонди мутахассиси қаҳрамонимиз Манзура Умаровага Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишни маслаҳат беришимизни тавсия қилди.

Вазирлик билан гаплашганимизни айтдик.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG