Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:35

Ўзбекистон бош вазири Душанбега Мирзиёевнинг сафарини уюштириш учун кетмоқда


Бош вазир Абдулла Арипов (Озодлик архивидан)
Бош вазир Абдулла Арипов (Озодлик архивидан)

Жорий ҳафтада Душанбега сафар қилаётган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон расмийлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегара масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон ҳукуматидаги манба маълум қилди.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, Абдулла Арипов Тожикистонда 10-11 январь кунлари бўлади.

Унга кўра, Абдулла Арипов Тожикистон президенти ва Бош вазири билан учрашиб, икки давлат орасида савдо ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, давлатлараро чегарадаги баҳсли ҳудудларни муҳокама қилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазирининг Тожикистонга сафари жараёнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифи муҳокима қилинади.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари жорий йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

6 январь куни Тошкент вилоят халқ депутатлари кенгаши сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Тожикистонга расмий сафар қилиш учун тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи давомида йирик ва муҳим икки томонлама битимлар имзоланиши кутилмоқда.

"Тожикистонга сафарга тайёргарлик қилиб келади Абдулла Ниғматович, биз катта-катта шартномаларга қўл қўйиб, темир йўл ҳам очилади Тожикистон билан, электр узатиш линияларини ҳам очишга келишдик...", деди президент.

Тожикистон парламенти Халқаро алоқалар қўмитаси раиси Олим Салимзода Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистон президентининг Тожикистонга кутилаётган расмий сафари икки давлат орасидаги муносабатларнинг янада яхшиланишида “тарихий бир ҳодиса”, дея баҳолади.

“Мен ушбу сафар натижасида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида виза режимининг осонлашишига умид боғлайман. Шунингдек, сафар жараёнида темир йўл алоқалари, энергетика соҳасида ҳамкорлик ва олдинги автобус ва поездлар қатновларини тиклаш масалалари муҳокама бўлиши кутилмоқда,”- деди Олим Салимзода.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга расмий сафари икки давлат орасидаги муносабатларни яхшилаш ва ватандошларнинг борди-келдиларини осонлаништиришга йўл очади.

Аммо, таҳлилчи Абдуқодир Рустамнинг ишонишича, виза режими ва чегара минтақаларининг миналардан тозаланмай қолаётгани икки давлат муносабатларининг янада яхшиланишига тусқинлиқ қилмоқда.

“Икки давлат орасида авиақатновларни йўлга қўйиш ва чегара ўтиш пунктларини очишдан аввал виза режимини бекор қилиш лозим. Бу бошқа муаммоларни ҳал қилишга йўл очади. Шунингдек, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга расмий сафари жараёнида икки давлат чегара олди минтақаларни миналардан тозалаш масаласи ҳам муҳокима бўлиши керак,” -деди Абдуқодир Рустам.

Ислом Каримов вафотидан сўнг президентликка келган Шавкат Мирзиëев Тожикистон билан муносабатларни яхшилашга уринмоқда.

Тожикистон ҳукумати сўнгги бир йилга яқин муддат ичида Ўзбекистон билан савдо алоқалари 5,7 маротаба ўсиб, 2015 йилдаги 12 миллион доллардан 69 миллион 200 минг долларга етганни билдирди.

Аммо чегара чизиғини аниқлаш ва чегарадаги баҳсли минтақалар масалаларини ҳал қилиш тўғрисида томонлар келишувга эришмаган.

Чегаранинг энг асосий баҳсли ҳудудларидан бири Тожикистон ҳудудида жойлашган, ўтган асрнинг 40- йилларида қурилган Фарҳод тўғони ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG