Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Тошкент, Чорсу. Китоб пассажидаги 20 дан ортиқ дўкондан тўрттаси муҳрланди (ВИДЕО)


Тошкентда диний китоблар сотувчи тўртта дўкон муҳрланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

Тошкентда диний китоблар сотувчи тўртта дўкон муҳрланди

6 октябрь, соат 18 дан кейин Чорсудаги китоб дўконлари қаторида бошланган рейд тўртта дўконни муҳрлаш билан якун топди. Муҳрланган дўконлардаги товарлар рейдни ўтказганлар томонидан олиб кетилди.

Ёпиб қўйилган дўконлар эгаларидан олинган бу маълумотни рейдни ўтказган хизматлардан бири – Шайхонтоҳур туман Солиқ инспекцияси тасдиқлади.

Айни пайтда шикоят қилганларнинг “дўконлар диний адабиёт сотгани учун ёпилди”, деган иддаоси тасдиғини топмади – пассаждаги бошқа дўконларда диний адабиётлар савдоси давом этмоқда.

"Аёвсиз рейд"

Озодликка Шуҳрат деган имзо билан келган хатда бундай дейилган:

“Дўконимизни аёвсиз босиб, Қуръон китобларини ҳамда мушк-атирларни олиб кетишди. Шахсан менинг 7000 долларли молимни олиб кетишди, илтимос, ёзинглар бу ҳақда, жамоатчилик билсин!”

Муаллиф ўз хатига дўконининг муҳрланган эшиги суратини ҳам илова қилган.

"Текширилади"

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман Солиқ инспекциясининг ўзини таништиришни истамаган ходими Чорсудаги китоб дўконларида “ўтган куни” рейд ўтказилганини тасдиқлар экан, бундай деди:

“Шикоят тушган. Ҳужжатсиз бўлган у дўконлар. Товарлари олинган. Текширилади”.

Солиқчи шикоят кимдан тушгани, рейдда яна қайси хизматлар қатнашганига доир саволларга жавоб бермади.

Чорсудаги тўртта дўконнинг муҳрлаб қўйилиши шаҳарнинг бошқа жойларидаги диний адабиётлар билан савдо қилувчи дўкон эгаларига яшин тезлигида етиб, улар ваҳимага тушиб қолгани Озодлик ўтказган суҳбатлардан маълум бўлди.

Бугунги вазият

Журналист Абдураҳмон Ташанов, Озодликнинг илтимосига биноан, 9 октябрь куни Чорсуга бориб, китоб пассажидаги вазиятни ўз кўзи билан кўрди. Унинг айтишича, пассаждаги тўртта дўкон ёпилгани рост.

“Пассаждаги 21 та дўкондан 4 таси муҳрланганини кўрдим. Яқин бориб, муҳрлариниям кўрдим”.

Ташановнинг пассаждаги бошқа дўконлар эгаларига таяниб айтишича, муҳрланган дўконларни том маънодаги китоб дўконлари дейиш қийин бўлган.

“Айтишларича, бу дўконларда диний китоблардан ташқари атторлик моллари, ҳатто гинекологик препаратлар сотилган. Тўғриси, бу дўконларга мен ўзим ҳам бир неча марта кирганман. Китоб дўконидан кўра, атторлик дўконига ўхшарди”.

Китобдан ташқари “мушк-атирлар” ҳам сотганини Озодликка шикоят қилган дўкондорнинг ўзи ҳам хатида тан олган.

Атторлик молларини айнан шу пассажда сотиш мумкин эмасми ёки уларни умуман сотиш мумкин эмасми – Озодлик бу саволга жавоб топа олмади.

Диний адабиётлар бемалол сотилмоқда

Ташанов 9 октябрь куни олган ва Озодликка тақдим этган видео ва фотоларда Чорсу китоб пассажидаги бошқа дўконлар ишлаётганини, уларда диний адабиётлар ҳам кенг ассортиментда сотилаётганини кўриш мумкин.

Озодлик мавзуни ўрганар экан, Тошкентнинг бошқа жойларидаги ҳамда вилоятлардаги қатор китоб магазинлари билан боғланиб, уларда ҳеч қандай фавқулодда текширув йўқлигини айниқлади.

Китоб савдоси учун очилган кенг йўл

2017 йилнинг 13 сентябрида Ўзбекистон Республикаси президенти “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Қарорда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва китоб мутолаасини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжатга биноан, юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъектларига ҳар бир шаҳар ва туманда, қишлоқ ва овулда китоб савдосига ихтисослашган дўконларни ташкил этиш мақсадида давлат мулки объектлари текин фойдаланиш учун берилади.

Бундан ташқари, савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70% дан кўп бўлган юридик шахслар - тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади.

XS
SM
MD
LG