Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:18

Тошкентдаги 5 юлдузли меҳмонхона ишчиларига ойлик беролмаяпти

  • Озодлик

International Hotel Tashkent меҳмонхонаси.

5 юлдузли International Hotel Tashkent ​(собиқ Intercontinental Tashkent) меҳмонхонаси ўз ишчиларга икки ойдан буён иш ҳақи тўламаяпти. Шикоят қилган ишчиларга кўра, уларнинг Ҳукумат порталига қилган мурожаати ҳам натижа бермаган. Меҳмонхона маъмурияти эса маош берилмаганини тасдиқлар экан, шу кунларда бу масала ҳал этилаётганини билдирди.

Ўзини "International Hotel Tashkent меҳмонхонаси ишчиси", деб таништирган муштарийнинг шикоят қилишича, икки ойдан буён маош берилмаётир:

"Мен нуфузли меҳмонхонада ишлайман, икки ойдан бери маош йўқ. Порталга ҳам ёздик, лекин фойдаси бўлмади. Агар давлатга тегишли бўлмаганда, бунинг бир чорасини кўришарди. Меҳмонхона ҳисобида ишчиларга ойлик бериш учун пул йўқ, лекин давлатнинг тадбирларига қаердан бўлса ҳам пул топилади. Илтимос, шу мавзуни жиддий кўтаринг! Йўлкирамизга ҳам пул йўқ, бировлар пиёда келаяпти ишга", деб ёзди исмини сир сақлашни истаган шикоятчи.

Унинг айтишича, муқаддам "400 ишчиси бўлган меҳмонхонада ҳозир 135 ишчи қолган".

Озодлик бу шикоят ортидан меҳмонхона маъмуриятига боғланди. Исмини ошкор қилмаган ходимнинг тасдиқлашича, ҳақиқатда ҳам меҳмонхона ходимларига шу йилнинг июн ойи учун маош берилмаган ва ҳозирда якунланаётган июл ойи учун маош беришга ҳам маблағ йўқ.

"Ҳозир меҳмонхонада қурилиш кетаяпти, бунинг устига меҳмонлар ҳам камайган. Молиявий муаммоларимиз бор. Аммо, қисқа муддат ичида ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда меҳмонхона маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими.

Меҳмонхонадаги бугунги вазиятдан яхши хабардорлигини айтган ва исмини сир сақлаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозимининг айтишича, ишчиларнинг ҳукумат порталига ёзган аризаси асосида яқинда шаҳар прокуратураси International Hotel Tashkent бухгалтерияси устидан текширув бошлаган.

"Ишчиларнинг аризасини президент портали прокуратурага туширган. Кейин прокуратура маъмурият устидан иш ҳам очган эди. Аммо, ҳозир бу меҳмонхона Ташқи Иқтисодий савдо вазирлиги балансида бўлгани учун текшир-текшир билан ишни ёпишди. Ҳозир меҳмонхона раҳбарияти банкка кредит сўраб мурожаат қилган. Чунки, ҳозир Hilton Group ширкатига топшириш учун жуда катта таъмирлаш кетаяптида меҳмонхонада", деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий савдо вазирлигидаги манбалар International Hotel Tashkent меҳмонхонаси АҚШнинг Hilton Group тасарруфига ўтказилгани ҳақида 2014 йилда хабар берган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги манба ва меҳмонхона маъмурияти вакили ишчиларни ойликсиз қолдирган таъмир ишлари ҳануз давом этаётгани ва банкдан сўралган кредитнинг асосий қисми шу таъмирга қаратилганини ҳам қўшимча қилди.

International Hotel Tashkent (собиқ InterContinental) меҳмонхонаси Тошкентдаги беш юлдузли меҳмонхоналардан биридир. Бундан буён Hilton Group ширкати брэнди остида иш бошлаши кутилаётган бу меҳмонхона ҳиссаларининг хориж ширкати ва Ташқи иқтисодий савдо вазирлиги ўртасидаги тақсимоти қандай бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

Аммо, 1997 йилда очилган InterContinental меҳмонхонасининг 50 фоизлик улуши Британиянинг InterContinental Hotels Group ширкатига, қолган 50 фоизи эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазирлигига қарашли бўлган.

Собиқ InterContinental меҳмонхонаси InterContinental Hotels Group ширкати 2012 йил майда Ўзбекистонда ўз бизнесини тўхтатиши ортидан International Hotel Tashkentга айланган эди.

Ўшанда Британия ширкатининг Тошкентдан кетишига сабаб маъмурий-молиявий келишмовчилик бўлгани айтилган эди. InterContinental Hotels Group ширкати Европа идорасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Люси Томас эса келишмовчиликнинг асосий сабаби "Ўзбекистон расмийларининг InterContinental Hotels Group ширкатининг мамлакатда норезидент субъект сифатида расмийлаштиришга" розилик бермагани эканини айтган эди. Норезидент тадбиркорлик субъекти мавқеи ўша кезда InterContinental Hotels Group ширкатига баъзи молиявий имтиёзлар, жумладан, эркин валюта билан ишлаш имконини бериши мумкин эди.

Ҳозирда тўлалигича Ўзбекистон ҳукумати тасарруфида бўлган меҳмонхонада, маркетинг бўйича ходимнинг айтишича, энг арзон хонада бир кеча тунаш нархи қарийб 200 АҚШ доллари, энг қиммат президент аппартаментлари эса 4000 доллар туради.

XS
SM
MD
LG