Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:13

Доллар кўтарилиши ва россиялик мигрантлар фонида Тошкентда уй-жой нархлари ошмоқда


Тошкент марказида янги қурилаётган турар жой бинолари.
Тошкент марказида янги қурилаётган турар жой бинолари.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда коронавирус туфайли бир неча ойлик пасайишлардан сўнг ижара нархлари яна кўтарила бошлаган. Айни пайтда 17 март куни АҚШ доллари 11 800 сўмдан ошди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган маклерлар сўнгги бир ой ичида Тошкентда ижара нархлари ўртача 15 фоизга ошганини айтишади.

“Тошкентнинг энг арзон ҳисобланган Сергели, Олмазор, Юнусобод туманларида ўтган ой бошида бир хонали квартира 270 доллар бўлган бўлса ҳозир 300 доллар атрофида, унда ҳам топсангиз. Яккасарой, Миробод туманларида 500 доллардан 1000 долларгача бўлиб кетган”, - дейди Тошкентдаги Krisha маклерлик ширкати ходими Лидия Назарова.

Тошкентда уй-жой ижараси ошганини Uybor.uz порталидаги эълонларда ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида кўчмас мулк нархлари ҳам кўтарилган.

Тошкентда бирламчи бозордаги кўчмас мулкнинг бир квадрат метри февраль ойи бошида ўртача 7 миллион сўм атрофида бўлган бўлса, март ойи ўртасига келиб 8 миллион сўмдан ошган.

Тошкентда уй-жой ижара ва сотиб олиш нархларининг ошиши Украинага тажовуз сабаб санкцияларга учраган Россия рублининг кескин қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.

Россия рублининг қулаши ортидан ўзбек сўми ҳам сўнгги бир ҳафтада АҚШ долларига нисбатан 12 фоизга қадрсизланди.

“Доллар ошяпти. Бу ўз-ўзидан уй нархларида ҳам акс этяпти. Доллар ошгани учун уй- жой нархлари ҳам ошади. Россияда рубль тушиб кетди, сўм ҳам тушиб боряпти. Пули борлар капиталини кўчмас-мулк шаклида сақлаб қолишга уринишади-да бунақа вазиятда”, - дейди Тошкентдаги Krisha маклерлик ширкати ходими Лидия Назарова.

Ғарб санкцияларининг кучайиши фонида минглаб россияликлар яшаш ва ишлаш учун қулайроқ мамлакатлар излаб, ватанларини тарк этаётгани айтилади.

Россияликлар учун бошпана

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Россиядан Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг ижарага уй сўраб ёзган эълонлари кўпайган.

" 5 кишилик оила (2 катта ва 3 бола) + 2 ит, Россиядан келишди, ижарага узоқ муддатга уй қидиришяпти. Ҳозир вақтинча танишларининг уйида яшашяпти, 19 март кунидан кўчиб ўтишлари мукин", - дейилган Uybor.uz порталидаги эълонда.

Тошкентдаги йирик девелоперлик ширкатларидан бири ходимининг Озодликка айтишича, россияликлар орасида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига қизиқиш билдираётганлар сони ҳам ортган.

“Россиядан талабгорлар кўпайиб қолди. Қизиқишяпти, олиш шарт-шарт шароитларини ўрганишяпти. Кўпчилиги ўзимиздан кетган руслар. У ёқдан катта пул билан қайтаётган ўзбекистонликлар ҳам бор. Базилари капиталларини Тошкентга ўтказмоқда. Чунки пул кун сайин қадрсизланиб боряпти. Капитални кўчмас мулкка уришмоқчи. Агар ҳали бери у ёқда вазият яхшиланмаса, яна кўп одам Россиядан бизга келади, уй нархлари яна ошиб кетади”, - дейди ширкат ходими.

Ўзбекистонга кириб келаётган россиялик мигрантларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳозирча бу ҳақда маълумот эълон қилгани йўқ.

Россияликлар учун Ўзбекистон визасиз кириш мумкин бўлган давлатлардан саналади.

Ўзбекистон айни пайтда чет эллик инвесторлар ва IT-мутахассислари, ҳамда уларнинг оила аъзолари учун IT-viza жорий этмоқда.

IT-viza ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар, IT-Park аъзоси бўлган компаниялар таъсисчилари ва инвесторларга 2022 йил 1 апрелдан 3 йил муддатга берилади.

Хорижлик мутахассислар визанинг амал қилиш даврида Ўзбекистонга эркин кириб-чиқишлари, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Krisha маклерлик хизмати ходими Лидия Назарованинг айтишича, россияликлар Тошкентдан кўчмас мулкни ҳам ортиқча расмиятчиликларсиз сотиб олишлари мумкин.

"Квартира ёки уйнинг қиймати 100 минг АҚШ долларидан юқори бўлиши керак холос. Шунга ҳозир янги қурилаётган уйларга улар тарафидан қизиқиш катта бўляпти. Тошкент аҳолиси бағрикенг. Бу ерда яшаган русийзабон аҳоли буни яхши билади. Шунинг учун Тошкент россияликлар учун жозибадор шаҳарлардан бири сифатида кўрилмоқда", - дейди Назарова.

Тошкентда ижара нархларининг ошиши талабаларнинг уй-жой муаммосини яна ҳам чигаллаштириши мумкин.

"Ётоқхоналарда жой йўқ. Тошкентда бир хонали квартира ижараси 300 доллардан тепада. Марказда 500 доллар. Тўрт-беш талаба турамиз. Ҳозирча уй эгаси нархни оширгани йўқ. Агар ошадиган бўлса бизга жуда қийин бўлади", - дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Гулжаҳон.

Ҳозирда мамлакатда мавжуд ётоқхоналар республика бўйича таҳсил олаётган 600 мингдан зиёд талабанинг 30 фоизинигина турар-жой билан таъминлай олади.

Мутахассислар фикрича, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия қатори Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон кўчмас мулк бозори шу кунларда россиялик харидорлар учун жозибадор кўринмоқда.

Украинадаги уруш сабаб россияликлар миграцияси қўшни давлатлар, жумладан Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо Қозоғистон ва Қирғизистонда янада яққолроқ кўзга ташланмоқда.

Ҳозирча энг кўп россияликлар Грузияга борган. Сўнгги ҳафталарда Тбилисида уй-жойга бўлган талаб тахминан икки баробарга ошиб кетгани айтилади.

XS
SM
MD
LG