Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:17

1941 йили Украинадан Ўзбекистонга жўнатилган хатлар адресатлари қидирилмоқда (ФОТО)


Украинада уруш йиллари ўзбек жангчиларининг ўз яқинларига юборган хатлари топилди.

Хатларни топган украиналик тарихчилар Озодликдан уларнинг адресатларини топишда кўмак сўради.

Украинанинг Иккинчи Жаҳон урушидаги тарихи миллий музейида (Національний музей історії України у Другій світовій війні) уруш йиллари ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчилар хатлари топилгани ҳақда Озодликка гапирган музей ходимаси Жанна Очеретяная бу хатлар Иккинчи Жаҳон уруши йиллари фашистлар томонидан олиб кетилган ҳужжатлар орасида бўлгани ва 2010 йилда Австрия ҳукумати томонидан қайтариб берилганини маълум қилди.

- Коллекция Украинадан 1941 йилда олиб чиқиб кетилган ва охирги 70 йил давомида Вена Техника музейида сақланиб келган. 2010 йилда у Украинага қайтариб келинди. Ҳозирда 1215 хатдан иборат коллекция бизнинг музейимизда. Коллекция фақат хатлардан иборат. Бу хатлар Каменец-Подольский шаҳри немис фашистлари томонидан эгаллангандан кейин маҳаллий почтадан олинган ва Германияга жўнатилган. Бу хатлар – жангчиларнинг яқинларига юборган, аммо етиб бормаган хабарларидир, - деди Жанна Очеретяная.

Музей вакили хатлар 1941 йилнинг июнь-июль ойлари давомида ёзилганини, уларни синчиклаб ўрганган австриялик олим Олшлегер фашист босқинчилари почта хатлари ёрдамида Совет одамларининг умумий руҳий ҳолати ва бўлаётган ҳодисаларга муносабатини ўрганмоқчи бўлганини аниқлаганини билдирди.

Тарихий хатлар муаллифлари асосан СССРнинг ғарбий чегараларини ҳимоя қилаётган чегара ҳарбийлари, Каменец-Подольскийда таҳсил олаётган талабалар ва оддий гражданлар экани ҳам айтилди.

Жанна Очеретяная коллекцияда Ўзбекистонга юборилган хатлар ҳам бор, дея давом этади:

- Манзили “Ўзбекистон” этиб кўрсатилган хатлар сони 8 дона. Аммо қайси тилда ёзилганини билмайман. Хатларнинг барчаси Ўзбекистонга жўнатишга мўлжалланган. Бу хатлар Каменец-Подольский почтаси ва ён-атрофдаги алоқа бўлимларида ёзилган ва жўнатилишини кутаётган бўлган. Биз Ўзбекистон элчихонасига ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилгандик – улар кўмак беришни ваъда қилди. Хатларда кўрсатилган шахсларни топишга сизларнинг мухлисларингиз ҳам ҳисса қўшиши мумкин, деди Жанна Очеретяная.

Хатлар мазмуни ҳақида гапирар экан, Украина Миллий музейи ходимаси аскарлар бу хатларни фарзандлари, ота-оналари, яқинларига йўллагани ва унда асосан бошланган даҳшатли уруш тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилганини айтди.

Хатлар таҳлили билан шуғулланган Украина “Мемориал” ташкилоти ходимлари Астриядан келтирилган 1215 дона хатнинг ҳар бирини адресатга етказишга бел боғлаган. Бунинг учун Украинанинг Иккинчи Жаҳон урушидаги тарихи миллий музейи расмий сайтида ҳатто “1941 йилнинг ўқилмаган хатлари” махсус саҳифаси ишга туширилди.

2018 йилнинг 1 июлига қадар бу коллекциядан бўлган 643 дона ҳужжат Европа, АҚШ ва собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида яшаётган хат эгалари яқинларига топширилди.

Украинанинг Иккинчи Жаҳон урушидаги тарихи миллий музейи Озодлик таҳририятига манзил ва муаллифлари кўрсатилган хатлар рўйхатини тақдим этди.

Булар:

Андижон вилояти:

1. Жалақудуқ райони, Кадиксин с/с, Гурунчмозор станцияси,

ппс № 453, 441 ўқчи полк, отлиқ разведка

Коммунизм колхози,

Юлдошев Исмоналидан

Юлдошев Ҳайдаралига

2. Избоскан райони, Ассаке станцияси (Асака бўлса керак- таҳр.)

Янги-Йўл қишлоқ совети, Коминтерн колхози

Хасанова Мастонбуга

УССР, Каменец-Подольский ш.,

Алибеков Пўлатдан

Бухоро вилояти:

3. Гусарский райони (Ғузор тумани бўлса керак-таҳр.),

УССР, Каменец-Подольский ш.,

Деҳконобод станцияси, Шўргузар қишлоғи

Дўсмуротов Бойбўрига

п/қ 202/13 - Дўсмуротов Джаббордан

4. Самарқанд вилояти,

Каттақўрғон райони,

п/қ 11, литер Б

Митан с/с, Сталин колхози

Жиянов Шайлан(?)га

УССР, Каменец-Подольский шаҳридан,

Жияновдан

5. Сурхандарё вилояти,

Жарқўрғон райони, Жарқўрғон станцияси,

Бозор Какайды нефть

Жўраев Эламанга

п/қ 32/57 УССР, Каменец-Подольский ш.,

Жўраев Х.-дан

6. Тошкент ш., Огородная кўч., 25, С.А.Р.Э.З. заводи

Сергеев Н. И.-га

УССР, Каменец-Подольский ш.,

Сергеев Виктордан

7. Хоразм вилояти,

Урганч ш., Аптека

Шевчук Галина Г.-га

[Фамилияси номаълум] Василийдан

8. Каменец-Подольский шаҳри,

п/қ 201/3- Тўраев Боймуратга

Каменец-Подольский ш.,

п/қ 32/52 -Жўраев Чоридан

Озодликка тақдим этилган хатлар нусхалари орасида Тожикистон ССР, Сталинобод шаҳри (собиқ Душанбе), Шоҳмансур қишлоқ кенгаши, колхоз им.Логуты, 112 уйда яшовчи Қори Содиққа Украинанинг Каменец-Подольский шаҳри, 201-чи почта қутисидан Фозилов Сангин номидан юборилган хат ҳам мавжуд.

"Ўзбекистон ССР" ёзуви ўчирилиб, "Тожикистон ССР" манзили кўрсатилган хат нусхаси
"Ўзбекистон ССР" ёзуви ўчирилиб, "Тожикистон ССР" манзили кўрсатилган хат нусхаси

Украиналик тарихчи-олимлар юқорида рўйхатда келтирилган ўзбекистонликларни ёки бу шахсларнинг яқинларини таниган-билганларни Озодлик таҳририяти ёки Украинанинг Иккинчи Жаҳон урушидаги тарихи миллий музейига хабар беришларини сўраб қолади.

XS
SM
MD
LG