Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:16

"Мирзиёев Пекиндан Хитойга газ сотишдан воз кечиб қайтса, тўғри бўлади"


China -- Released balloons float over the Chinese national flag during a military parade over Tiananmen Square in Beijing on September 3, 2015

“Ўзбекистон Хитойга табиий газ сотишдан кутилган фойдани кўрмаяпти”. Бу фикрни Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилардан бири Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга сафари арафасида билдирди. Бошқа бир таҳлилчи эса, “Агар Пекин ўзбек гази нархини кўтаришни истамаса, келишувни бекор қилиш, Хитойга сотилаётган газни ички эҳтиёжга ишлатиш, шу билан маҳаллий ишлаб чиқаришга рағбат бериш лозим”, деди.

Тошкент-Пекин иқтисодий ҳамкорлигининг жорий аҳволи

Маҳаллий нашрларга кўра, Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Асад Хўжаев 2016 йилда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,2 млрд. долларни ташкил этгани, мамлакатга 8 млрд. доллар миқдорида Хитой сармояси жалб этилганини айтган.

Мана бу эса, 2015 йилга оид расмий рақамлар: 2015 йилда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,1 млрд. долларни ташкил этган, мамлакатга 6,5 млрд. доллар миқдорида Хитой сармояси жалб этилган. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 651 та корхона ишлаган.

Хитой - ўзбек гази харидори

"2021 йили ўзбек гази экспортининг асосий йўналиши Хитой бўлиб қолади. 2015 йили Ўзбекистон Хитойга газ сотиш ҳажмини 2013 йилги 6 миллиард кубметрдан 10 миллиард кубметргача етказади", деб хабар қилган эди РИА Новости 2014 йилнинг октябрида Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб.

10 миллард кубметр – Ўзбекистонда бир йилда қазиб олинадиган табиий газнинг тақрибан 5 дан 1 қисмидир.

Домино эффекти

Украинага қарашли Қрим ярим оролини Россия аннексия қилишига жавобан Ғарб давлатлари Москвага қарши жазо чоралари кўриши ортидан Россия гази нархи тушиб кетди ва бу ҳолат Марказий Осиё – Туркманистон ва Ўзбекистон гази нархининг ҳам тушишига сабаб бўлди.

“Газ савдоси соҳасида Тошкент Пекин муносабатлари жуда муркаккаб. Геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Россия ўз газини санкциялар туфайли сотолмай қолгани учун Туркманистон ўз газини Хитойга арзон сотишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат Ашхобод учун оғриқсиз бўлиши мумкиндир, бироқ Ўзбекистон учун газни бу нархларда сотиши фойдасиз. Мирзиёев Хитойда шу масалани ҳал қилиши керак”, деди Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Остонадаги Евроосиё унверситети доценти Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент-Пекин муносабатларининг жорий аҳволи ва бу муносабатларнинг истиқболларига оид Сапарбой Жубаев Озодликка берган суҳбатни қуйида тингланг:

Маълумотларга қараганда, Тошкент билан Пекин ўртасида газ савдосига оид келишувга 2010 йилнинг июнида эришилган, газ етказиб бериш 2012 йилнинг 1 апрелидан бошланган.

Эскирган формула

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, “Ўзбекнефтгаз” давлат акциядорлик компаниясининг собиқ раҳбарларидан бири Анвар Ҳусаинов Озодликка берган суҳбатида Хитойга газ сотиш Ўзбекистон учун дастлабки йилларда фойдали бўлганини айтаркан, бундай деди:

“Бугунги кунга келиб газ нархини шакллантириш формуласи эскирди ва мавжуд нархлар Ўзбекистонни қониқтирмайди. Бу масала кўтарилиши ва ўзгартишлар киритилиши керак”.

Анвар Ҳусаиновнинг фикрича, Хитой ўзбек гази учун кўпроқ пул тўлашни истамаган тақдирда ҳам, бу Тошкент учун фожеа бўлмаслиги керак, ҳатто газ сотишни камайтиришдан манфаатдор.

- Чунки ички бозоримиз бор. Ўша газни қайта ишлайдиган қувватларимиз бор. Шўртангаз газ-кимё комплекси, Қорақалпоғистондаги газ-кимё комплекси, шунга ўхшаш яна бир-икки йирик комплекс бор. Булардан ташқари газни қайта ишлайдиган майда ва ўрта корхоналар пайдо бўлганки уларга бугунга кунда хом ашё керак, - деди Анвар Ҳусаинов.

Кўмир ёқаётган истеъмолчи тили учидаги гап

“Ўзбекнефтгаз” давлат акциядорлик компаниясининг собиқ раҳбарларидан бири Анвар Ҳусаинов Хитойга газ сотиш тўхтатилса, сотилмай қолган газни комплексларда ўзимиз қайта ишлаймиз, деб турган бир вақтда йиллардан буён газ тақчиллигидан азият чекаётган оддий истеъмолчи “Хитойга сотилмай қоладиган газни ўзимиз ёқамиз”, дейиши табиий.

Тошкент-Пекин муносабатларининг жорий аҳволи ва бу муносабатларнинг истиқболларига оид Анвар Ҳусаинов Озодликка берган суҳбатни қуйида тингланг:

5 кунга чўзиладиган Хитой сафари

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 11-13 май кунлари Хитойда давлат ташрифи билан бўлади.

Давлат ташрифи якунига етгач, 14-15 май кунлари Президент Пекин шаҳрида “Бир камар, бир йўл” халқаро форумида иштирок этади.

Хитой ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган форумга 40 дан ортиқ давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари келиши кутилмоқда.

Пекинда "100 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилаяпти"​

Ўзбекистон раҳбари “ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашувларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар”, дейилган ЎзА хабарида.

Маҳаллий нашрларнинг Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Асад Хўжаевга таяниб хабар қилишича, давлат ташрифи доирасида, дастлабки маълумотларга кўра, жами қиймати тақрибан 20 млрд АҚШ доллари миқдорида 100 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилаяпти.

XS
SM
MD
LG