Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 10:46

Хива хони саройидаги тaлон-тoрож юзасидан учинчи суд мажлиси бошланади


Нуриллабой саройи

Хиванинг Дешон-қалъа мажмуидаги Нуриллабой саройидаги таъмир пайтида амалга оширилган талон-торож ва осори атиқаларни ўғирлаш бўйича очилган жиноят иши юзасидан Хоразм вилоят судида маҳкама келаси душанба куни бошланиши кутилмоқда.

Хоразм вилоят прокуратурасидаги айни жиноятни тафтиш қилган терговчига яқин манбанинг айтишича¸ бу Нуриллабой саройидаги кенг кўламли ўғирлик юзасидан учинчи суд жараëнидир:

- Нуриллабойдаги осори-атиқаларнинг ўғирланиши юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси учта жиноий иш қўзғатди. Иккита жиноий бўйича суд бўлиб ўтди. Айбдорларга ҳукм ўқилди. Етказилган зарар айбдорлар тарафидан қопланди¸ деди манба.

Хон эшигини ўғирлаган жиноятчидан 229 миллион сўм ундирилди

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги мулозимларидан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликка Нуриллабой саройидаги талон –торож тафсилотларини очиқлади.

- Нуриллабой саройи Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги¸ Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обидадир. Бундан 4 йил аввал бу тарихий бинода таъмир бошланди. Таъмирлаш баҳонасида бебаҳо саройни талон-торож қилишганидан вазирлик хабардор. Бу бинони таъмир қилиш учун тўрт йил мобайнида ишлаган тўртта пудратчи ташкилот таъмир учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштирганлик ва осори-атиқаларни ўмарганликда айбланиб жазога тортилди. Бизга маълум бўлишича¸сарой ичидаги қадимий кошинли камин¸ қадимий паркет ва энг муҳими Нурмат уста¸ Рўзмат ва Бобожон усталар ясаган қадимий эшик ҳам ўмарилган, деди мулозим.

Хоразм вилоят прокуратурасидаги айни жиноятни тафтиш қилган терговчига яқин манбанинг айтишича¸ “ўғирланган қадимий эшик масаласи” 2016 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган суд мажлисида кўрилган:

- Айбдор эшикни ўғирлаганини бўйнига олди, аммо эшик сотилиб кетгани боис изини топишнинг иложи бўлмади. Суд сарой эшигини 229 миллион сўм деб белгилади ва айбдор бу пулни давлатга тўлади. Суд ўтган йил ноябрда ҳукм ўқиди.

Суҳбатдошга кўра¸ Хива тарихий биноларидаги талон-торож борасида Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасидаги уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлими суриштирув ўтказмоқда.

Нуриллабойнинг Ленини қани?

Кейин тўрт йил мобайнида таъмир баҳонасида талон-торож қилинган Нуриллабой саройи олдига 1924 йилда Хоразм Халқ республикаси тарафидан ўрнатилган Ленин ҳайкали 1991 йили олиб ташланган эди.

СССР халқ рассоми Сергей Меркуров (1881 -1952) яхлит қизил гранитга ўйиб ишлаган Ленин ҳайкали Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлигининг давлат муҳофазасида бўлган экспонатлари рўйхатида қолмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигидаги манбасининг таъкидича¸ сиëсий тарафдан исталмаган, дея топилмаган асарлар йўқ қилинмасдан вазирликка оид кўргазмалар дирекцияси омборида сақланмоқда:

- Хивадаги Ленин ҳайкали Меркуровга оид асар ва экспонат сифатида сақланмоқда. Ҳукумат учун Ленин ëмон бўлиши мумкин¸ лекин мен шахсан Ленинни ëмон демайман. Сталин¸ Брежнев ва Ленин ҳайкаллари ва улар акс этган рангтасвир асарлар Ўзбекистон музейларида сақланиб турибди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик суриштируви асносида Нуриллабой саройи олдига ўрнатилган гранит ҳайкал кўргазмалар дирекцияси омборида ҳам, Хива Ичан-Қалъа музей қўриқхонаси заҳирасида ҳам йўқ.

Хивалик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ëқубовнинг айтишича¸ Ленин ҳайкалини 1991 йили маҳаллий тадбиркорлардан бири - тадбирокорнинг исм-фамилияси Озодликка маълум - ўз ховлисига олиб кетган:

- Ўша тадбиркорнинг уйида турибди бу ҳайкал. Лекин у оламдан ўтди яқинда. Бу ҳайкални сотишга кўп уринишлар бўлди. Лекин нимадир бўлиб сотилмай қолди¸ дейди Ëқубов.

Совет монументал ҳайкалтарошлигининг таниқли вакили бўлган Меркуров асарлари жаҳон бозорида катта қийматга эга.

Нуриллабой саройи ҳақида

Туризм ширкатлари чиқарган йўлномаларга кўра, Нуриллабой саройи қурилиши 1906 йилда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон иккинчи тарафидан бошланиб, 1912 йилда тугалланган.

Бино таниқли ғишт ўрувчи уста Қурëз Бобожон ва Худойберган хожи тарафидан қурилган. Бинонинг мовий сопол кошинлари эса Ота Ших ва шогирдлари тарафидан амалга оширилган.

Сарой ичидаги паркет ва француз услубидаги кошинли каминлар ўша пайтда Хива хонлигига сургун қилинган меннонит оқимидаги немис усталари тарафдан барпо қилинган. Сарой ичидаги овал залда 1918 йили Хиванинг сўнгги хонларидан бири Исфандиëрхон қатл қилинган эди.

Озодлик Ҳивадаги толон-торожликлар ҳақидаги ўз суриштирувини давом эттиради.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG