Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2018, Тошкент вақти: 01:42

Арнасой туман прокурори муовини "автопойга давомида" аёлни уриб ўлдирди. Ўзи касалхонада


Иллюстратив сурат

16 сентябрда Жиззах вилоят, Арнасой туман прокурори ўринбосари ўз машинасида Шароф Рашидов туманида пиёда аёлни уриб ўлдиргани тўғрисида оддий жиззахликдан келган хабарни ҳуқуқ-тартибот тизими мулозими тасдиқлади.

Жиззахдан келган хабарда фожиа Дилшод Каримовнинг ўз машинасида шериклари билан автопойга ўйнаётганда содир бўлгани айтилган. Ҳуқуқ-тартибот тизими мулозими Каримовнинг пойга ўйнаганини тасдиқламади.

“16 сентябрь куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, Учтепа даҳаси, Пахтакор кўчасида Арнасой туман прокурори ўринбосари Nexia автомашинасида пойга ўйнаб, йўл четидаги 1993 йилда туғилган сотувчи қизни уриб юборди. Қиз воқеа жойида вафот этди. Зампрокурор ҳозир касалхонада”, дейилган оддий жиззахликдан келган хабарда.

Ҳуқуқ-тартибот тизими мулозими Озодликка воқеанинг бошқачароқ версиясини маълум қилди:

“Воқеа 2018 йил, 16 сентябрь, соат 17:30 ларда, Арнасой туман прокурорининг ўринбосари Дилшод Каримов Nexia-1 автомашинасини бошқариб кетаётганида, Пахтакор-Жиззах йўлининг 16- километрида содир бўлган.

Каримовга қарашли Nexia-1нинг ортидан келаётган DaimlerBenz 210 СПГ уни қувиб ўтган ва кескин тормоз берган. Натижада Каримов бошқарувни йўқотиб қўйган ва йўл четига чиқиб кетиб, пиёда кетаётган Г.Эгамбердиевани уриб юборган.

Г. Эгамбердиева олган жароҳатларидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Жиззах филиалида вафот этган”.

Жиззах вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга қараганда, Арнасой туман прокурори ўринбосари Дилшод Каримов иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси бўйича вилоят Ички ишлар бошқармасининг Тергов бўлими 18 сентябрда жиноят иши қўзғаган, иш вилоят прокуратураси назоратига олинган.

Озодлик ҳалок бўлган Г. Эгамбердиеванинг шахсига оид маълумотларни топа олмади. Айни пайтда аёлни машинасида уриб юборган Дилшод Каримовнинг ёши 28 да эканини, бошқаргани машина отаси Бадриддин Каримовга тегишли эканини, машинани (давлат рақами 25Y717DA) Дилшод ишончнома асосида бошқарганини аниқлади.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Жиззах филиали врачларидан Озодлик олган маълумотларга қараганда, Дилшод Каримов бош мияси чайқалган, пешонаси тирналган ва ўнг елкаси чиққан ҳолатда касалхонанинг нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Беморнинг аҳволидан яхши хабардор тиббиёт ходимининг айтишича, ушбу хабар ёзилаётган пайтда “Дилшод Каримов гаплаша олиш даражасида ўзига келиб қолган” эди.

Агар прокурор ўринбосари иштирокидаги ЙТҲ ҳақида хабар берган оддий жиззахликка ишонилса, 25 яшар Г. Эгамбердиева Дилшод Каримов ўйнаган автопойга қурбони бўлди.

Ана шундай пойгалардан бири тўғрисида Озодлик бундан 2 йил олдин хабар берган эди. Ўшанда пойгада иштирок этган 15 яшар бола бошқарган машина Юнусобод туман ички ишлар бўлимига қарашли Matiz автомобилига келиб урилган, бир милиционер ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган эди.

2015 йилнинг мартида Наманган вилоят, Тўрақўрғон туманида ёшларнинг ичкилик ичиб Nexia автомобилларида пойга ўйнаши оқибатида содир бўлган фалокатда икки йигит ўлган эди.

Тошкентда катта тезлик натижасидаги автоҳалокатларнинг энг шов-шувлиси 2013 йил майида рўй берган эди. Ўшанда миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов Ford Mustang машинасида катта тезликда келаётиб, бошқарувни йўқотиши натижасида ўзи ва пассажир ўриндиғидаги 25 ёшли аёл нобуд бўлган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG