Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:37

OzodDayjest: Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ўзбек олимлари вакцина ярата олмаганини танқид қилди


“Адолат” партияси раиси Баҳром Абдуҳалимов
“Адолат” партияси раиси Баҳром Абдуҳалимов

“Адолат” партияси раҳбари Ўзбекистондаги коронавирусга қарши эмлов жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлардан баҳс этди. Экология соҳасидаги муаммоларга нотўғри бошқарув тизими сабаб бўлаётгани урғуланди. “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарияти оддий ишчилардан бир неча ўн баробар кўп маош олмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Адолат” партияси раиси вакцина танқислиги айбдорларини қоралади

“Адолат” партияси етакчиси Баҳром Абдуҳалимов мамлакатдаги коронавирусга қарши эмлаш жараёнидаги камчиликлардан сўз очди. Хусусан, у сўнгги кунларда “ZF-UZ-VAC” туридаги вакцинанинг иккинчи ва учинчи дозасини олишда муаммо бўлаётганига эътибор қаратди (“Жамият” газетаси, 12 август).

“Вакцинацияга давлат даражасида аҳамият берилаётган бир пайтда, коронавирус глобал муаммога айланган бугунги замонда нега вакцина масаласига панжа ортидан қаралмоқда? Иккинчи доза танқислиги юзага келиши ишларнинг режасиз амалга оширилгани, аввалбошдан пишиқ-пухта дастурлар асосида ишланмаганидан далолатдир”, деб ёзди у.

“Адолат” партияси раҳбари маҳаллий олимлар ҳозирга қадар ковидга қарши эмдори ярата олмаганини ҳам танқид қилди.

“Вакциналар ихтироси бошлангач, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия каби давлатлар ўз илм намуналарини тақдим эта бошлади. Ҳатто қўшни Қозоғистон ҳам ўз вакцинасини ярата олди. Юртимизда илм-фан ривожига эътибор юқорилиги ва салоҳиятли олимларимиз борлигига қарамай биздан бундай ташаббус чиқмади. Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган вакцина эса бу фикримизга ўчирғич бўлолмайди. Чунки унинг атрофида ҳам турли мишмишлар тарқади-ю, мутасаддилар томонидан раддия берилмади”, деган Б.Абдуҳалимов.

Айни пайтда у Хитой-Ўзбекистон вакцинасига ишонч сустлиги, бундан эса мутасаддилар тўғри хулоса чиқариши лозимлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов жорий йил 24 октябрда бўладиган президентлик сайлови учун номзод сифатида кўрсатилган.

Ҳуқуқшунос: Экология қўмитасининг қўллари боғланган

Экология соҳасидаги бугунги муаммоларнинг асосий сабаби нотўғри бошқарув тизимидир (“Маҳалла” газетаси, 7 август). Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалда мустақил эмас, қўллари боғланган, деб ёзган деб ёзади ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев.

Қўмита яқин-яқингача расман фақат Олий Мажлис Сенатига бўйсунар эди. 2017 йилнинг апрель ойидан бу тартиб бекор қилиниб, қўмита Вазирлар Маҳкамаси бўйсинувига ўтказилди. Айни вақтда экология қўмитаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қиладиган мажмуа томонидан назорат қилинади.

Қайд этилишича, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси атроф-муҳит соҳасидаги энг кўп қонунбузарликлар бўладиган, энг кўп дарахтларни кесадиган қурилиш, транспорт ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари билан бир тизимда турибди.

“Амалда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан юқоридаги вазирликларнинг қурилиш ва бунёдкорлик ишларига “халал бермаслик” талаб қилинади. Керак бўлса, дарахтлар масаласида ҳам”, деб ёзган муаллиф.

Бундан ташқари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари раҳбарлари ўша ҳудуддаги ҳокимларнинг розилиги билангина лавозимга тайинланади.

“Қаранг, ахир жойларда экология соҳасидаги асосий қонунбузарликлар ҳокимларнинг ўзибўларчилиги ёки экология соҳасини иккинчи даражали соҳа деб билишлари туфайли келиб чиқаётгани бор ҳақиқат-ку!.. Шу сабабли ўтган йиллар давомида ҳудудий экология органларидаги экологияни, табиатни ҳимоя қиладиган раҳбарлар ҳокимлар учун доим “ноқулай” бўлиб келган. Шунинг учун, тахминан 2016-2017 йиллардан бошлаб ҳокимлар ҳудудий экология органларига ҳақиқий экологларни, табиат ҳимоячиларини қўйилишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келади. Ва одатда, ўзларига яқин бўлган ва кези келганда бир оғиз ишора билан керак бўлса, ўзи дарахтларни кесишга йўл очиб берадиган ноэкологларни тайинлашга эришиб келади”, деб ёзган ҳуқуқшунос С. Мухторалиев.

Энергия кенгаши аъзолари ишчилардан қарийб 100 баравар кўп мукофот пули олмоқда

“Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти раис ва унинг ўринбосарлари маоши 30 миллион сўмни, туну кун меҳнат қилаётган оддий ишчиники эса 1,5-2 миллион сўмни ташкил этмоқда (“Рост24”, 11 август).

Эксперт комиссияси ва кузатув кенгаши аъзолари эса ҳар йили бир марта 200-300 млн сўм алоҳида пул мукофотлари олади. Жамият ишчилари моддий рағбатдаги кескин тафовут ҳамда меҳнатга яраша етарли маош берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

“Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти кўпинча Ўзбекистондаги электр кабелларининг етарли даражада янгиланмагани ва бунга маблағ етишмаслигини баҳона қилиб турганда, эксперт комиссияcи ва кузатув кенгаши аъзолари ҳар йили 200-300 млн сўмдан алоҳида пул олишлари кишини ҳайрон қолдиради. Аҳолини қаҳратон қишда совуқ, жазирама ёзда иссиқда аранг жон сақлашга мажбур қилаётган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раислари ва эксперт аъзолари пул санаш билан оворами?” деб ёзди “Рост24” нашри.

Таҳририят тизимдаги маошлар ҳақидаги ҳужжатларни қўлга киритгач, уни текшириш мақсадида жамият матбуот хизматига мурожаат қилган. Матбуот хизмати эса Ўзбекистонда электр етказиш бўйича монопол бўлган ташкилот раҳбарияти маоши сир тутилишини маълум қилган.

“Рост24” нашри “Ҳудудий электр тармоқлари” раиси Улуғбек Мустафоевга ташкилот раҳбарияти маоши давлат сири сирасига кирмаслигини эслатган ҳолда маълумотларга очиқлик киритишни сўраган.

XS
SM
MD
LG