Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 18:01

OzodDayjest: Аксилкоррупция кураши доирасида амалдорларнинг уйидан тортиб кийимигача назорат қилиш таклиф этилди


Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов

Бош вазир муовини амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишига доир қонун лойиҳасини ижобий баҳолади. Ўзбекистондаги энг баланд иншоот бўлиши кутилаётган “Nest one” биноси Тошкент учун катта муаммо туғдириши ҳам мумкин. Ўзбекистон шахмат федерациясини яна бир халқаро гроссмейстер тарк этиши мумкин. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Бош вазир ўринбосари: “Амалдорларнинг кийимидан тортиб соатигача назорат қилиш лозим”

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан амалдорларнинг даромадлари декларация қилинишига доир қонун лойиҳасини ижобий баҳолади (www.daryo.uz, 13 январь).

“Даромад декларацияси коррупциянинг олдини олиш ва амалдорларнинг масъулиятини оширишга жуда катта ҳисса қўшади. Шу билан бирга, биз барибир бориб-бориб, амалдорларнинг харажатларини ҳам назоратга олишимиз керак. Улар қандай уйда яшаяпти, қандай машина сотиб олди, кечирасиз-у, масалан, қандай кийим кийиб юрганию қандай соат тақишигача назорат қилиш лозим. Бунга ҳам жуда тезкорлик билан етиб боришимиз керак”, деган С. Умурзоқов.

Аксилкоррупция агентлиги таклиф этаётган қонун лойиҳасига кўра қуйидан тортиб юқоригача бўлган барча мансабдорлар, ҳатто президент ва бош вазир ҳам декларация тўлдириши таклиф қилинган. Ҳужжат лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

“Даромад декларацияси топшириш масаласига фақат бугунги сиёсий элитанинг ёш вакиллари фикр билдираётгани мени бироз ажаблантиряпти… Лекин бизда 30-40 йилдан буён “тепа”да ўтирган “томири уммонга туташган” аъёнлар борки, улар жим... Ёши 80 га бораётган, умр бўйи “бош”имизда ўтириб келган муҳтарам оқсоқолларимиз ҳам декларациядан қўрқмаслигини матбуотда баён қила олармикан?..” дея савол қўяди Телеграмдаги Platforma.uz канали.

Тошкентда қурилаётган энг баланд бино пойтахт учун энг катта муаммо бўлиши мумкин

“Tashkent city” мажмуасида қурилаётган “Nest one” биноси мамлакатдаги энг баланд иншоот бўлиши кутилмоқда. Аммо энг баланд бино пойтахт учун энг катта муаммо бўлиши ҳам мумкин (“Рост24”, 13 январь).

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда автомобиллар сонининг ортиши бўйича 10 йиллик кўрсаткичдан юқори натижа қайд этилган. Айни пайтда “Nest one” биноси қурилаётган Ислом Каримов кўчасида эрталаб ва кечки вақтларда доимий тирбандликлар ҳосил бўлмоқда. Ушбу бинога туташ Навоий кўчасининг 24 та чорраҳасида ҳам мунтазам тиқилинчлар кузатилмоқда. Тошкент автомобилларнинг катта оқимига мослашмагани ҳисобга олинса, янги баланд бино янги муаммоларни келтириб чиқариши аён бўлади.

Мазкур иншоотни қураётган ширкат раҳбари Мурод Назаровнинг ёрдамчиси “Nest one” ортидан юзага келадиган тирбандликка улар жавобгар эмаслиги, бунга Тошкент ҳокимлиги масъул эканини маълум қилган.

“Бу муаммога ечим топишни Тошкент ҳокимияти ўйлаб кўрмаган кўринади”, деб ёзган “Rost24” нашри пойтахтнинг бош режаси ҳалигача тасдиқланмаганига ҳам эътибор қаратган.

1200 та хонадон, 700 та офис, меҳмонхона ва савдо марказларидан иборат “Nest one” 2021 йил декабрь ойида қуриб битказилиши режалаштирилган.

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров президент совғасидан қуруқ қолгани ҳақида гапирди

Шахмат бўйича беш карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон шахмат федерацияси фаолиятини танқид қилди (www.gazeta.uz, 12 январь).

“2018 йилда шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстерга айланганман. Бу натижага эришиш йўлида машаққатли меҳнат қилганман, жуда қийин бўлган... Гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиш учун йилига 9-10 та чет эл мусобақаларида қатнашишга тўғри келган. Бунга кетадиган харажатнинг барчаси оилам томонидан қопланган. Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан менга ҳеч қандай моддий ёрдам берилмаган”, дейди гроссмейстер.

Жавоҳир Синдоров олти кишидан иборат Ўзбекистон шахмат терма жамоаси билан 16 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон шахмат олимпиадасига борганига ҳам тўхталди. Ўшанда жамоа Ўзбекистон тарихида биринчи марта олимпиада чемпионлигини қўлга киритади.

“Бизни Тошкентда тантанали равишда кутиб олишди. Кейинроқ қатнашчиларга президент совғаси – автомобиллар топширилди. Лекин мен ва жамоадошим Ситора Сапарова ҳатто тақдирлаш маросимига чақирилмадик ҳам, қолган қатнашчиларнинг барчасига автомобиль совға қилинди. Федерация нима учун биз иккимиз маросимга чақирилмаганимизни изоҳсиз қолдирди”, дейди Ж. Синдоров.

Ёш спортчининг айтишича, федерациянинг эътиборсизлиги туфайли кўплаб шахматчилар бошқа давлат байроғи остида мусобақада қатнашишга мажбур бўлган. “Агар шу кетишда давом этса, мен ҳам шахмат федерациямни ўзгартираман”, дейди у.

Аввалроқ фарғоналик опа-сингил гроссмейстерлар терма жамоа таркибидан чиқариб юборилгани, хусусан, улардан бири халқаро мусобақаларда АҚШ номидан қатнашаётгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG