Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2021, Тошкент вақти: 02:21

OzodDayjest: Миллий гвардия қўмондони бола савдосини келтириб чиқараётган омиллардан бирига тўхталди


Иллюстратив сурат

Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев бола асраб олишдаги узун навбатни танқид қилди. Қашқадарёда 17 миллиард сўмга реконструкция қилинган театр биносининг том қисми таъмирланмай қолгани айтилди. Хивада тиббиёт ходимининг малакасизлиги важидан бир бемор оламдан ўтди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Миллий гвардия қўмондони: Йиллаб навбатда турган фуқаролар бола сотиб олишга мажбур бўлмоқда

Олий Мажлис Сенатининг ХХ ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев фуқароларни ноқонуний йўллар билан бола сотиб олишга мажбур қилаётган омил ҳақида гапирди (www.gazeta.uz, 20 октябрь).

Ўрганишлар даврида болани фарзандликка олиш истагида бўлган ота-оналар жуда кўплиги аниқланган.

“Жумладан, республикада фаолият юритаётган 13 та болалар уйларида жами 504 нафар бола тарбияланаётган бўлса, уларни фарзандликка олиш учун ҳозирги кунда навбатда 5792 нафар фуқаро турганини кўришимиз мумкин”, деган Р. Жўраев.

У, шунингдек, бола асраб олишдаги муаммоларга тўхталди.

“Фуқароларни йиллар давомида фарзандликка олувчилар рўйхатида навбатда туришлар, улар томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнини четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан бола сотиб олиш даражасига олиб бормоқда”, деди у.

Таъкидланишича, 2017-2021 йиллар мобайнида бола савдоси бўйича 206 та жиноий ҳолат аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 9 августдаги қарори билан меҳрибонлик уйлари (16 та, 1 541 нафар бола), болалар шаҳарчалари (4 та, 236 нафар бола), оилавий болалар уйлари (5 та, 46 нафар бола) ва болалар уйлари (13 та, 506 нафар бола) Миллий гвардияга бириктирилган.

Аввалроқ Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишига тўғри келаётганини танқид қилиб, бу борадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга чақирганди.

Қашқадарё: тантанали равишда фойдаланишга топширилган театр биносининг томи таъмирланмай қолгани ошкор бўлди

Қашқадарёда 17 миллиард сўмга реконструкция қилинган вилоят мусиқали драма театри биносининг том қисми таъмирланмай қолгани маълум бўлди (www.daryo.uz, 18 октябрь).

Қарши шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Исоқ Тўраевга сентябрь ойида вилоят ҳокими бошчилигида тантанали равишда фойдаланишга топширилган театр биносининг томи тешиклиги, катта маблағ сарфланган бинода камчиликлар кўплиги борасида савол берилган.

“Томи тешик эмас, аммо таъмирланмай қолгани рост. Шу боис ёмғир ёғса, томидан сув ўтади. Аммо мен таъмир якунланишини сўраб, вазирликка хат билан мурожаат қилдим”, деган И. Тўраев.

Масъулнинг қўшимча қилишича, том ёпилиши таъмирга ажратилган маблағ ҳисобидан бўлиши кўзда тутилган. Бироқ қурувчи ишни чала қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимов вилоят ҳокими танқидига дучор бўлгани сабаб ишдан олингани хабар берилганди. “Бошқарма бошлиғини бир неча маротаба огоҳлантиргандим, камчиликларини қайта-қайта эслатдим. Аммо хулоса қилмади. 1990-йилларда Қарши шаҳри маданият ўчоғи бўлган. Концерт дастурлари ва ижодий кечалар ўтказишда Қаршининг, Қашқадарёнинг ўз тажрибаси бор. Қани ўша масъулият? Нега бор имкониятдан фойдалана олмаймиз”, деган Зоир Мирзаев собиқ раҳбарни лавозимдан бўшатар экан.

Хоразмда тиббиёт ходимининг малакасизлиги туфайли бемор вафот этди

Хоразм вилояти Хива шаҳрида тиббиёт ходимининг малакасизлигидан бир инсон бевақт ҳаётдан кўм юмди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2021 йил 37-сон). Бу ҳақда Хива шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Хуршид Қодиров маълум қилган.

Ихтисослаштирилган хусусий клиникада физиотерапия ҳамшираси вазифасида ишлаб келаётган Х.М.га таниши Н.А. укол қилиб қўйишни сўраб мурожаат қилган. Х.М. инъекция муолажаларини ўтказиш ўз вазифасига кирмаслигини билатуриб, устига устак, синама қилмай, “Цефтриаксон” дорисини бемор танасига йўллаган. Қайд этилишича, ҳамширанинг “Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонун талабига зид ҳаракати натижасида аспирацион асфикция келиб чиққан. Инъекция қилиш кўзда тутилмагани туфайли клиника бундай ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ускуналар билан таъминланмаган эди. Шу тариқа бемор Н.А. шошилинч тиббий ёрдам бўлимида вафот этган.

Суд ҳукмига кўра, Х.М. икки йил муддатга ҳамширалик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Катта боғ маҳалласидаги мактабда ишловчи ҳамширанинг айби билан 7-синфда таҳсил олаётган қизнинг оёғи фалажи бўлиб қолгани хабар қилинганди. Ушбу ҳолатда ҳам ҳамшира укол қилишда хатога йўл қўйган.

XS
SM
MD
LG