Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:16

Наркотик савдоси билан шуғулланган уч талаба 16 йилга қамалди


Тожикистон суди икки талаба йигит Аҳмадшоҳ Шеров ва Раҳимали Шарифни гиёҳванд моддалар сотиш ҳамда чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилди. Талаба йигитлар Афғонистонда қарзга наша ва афюн олиб, гаров сифатида дўстини у ерда қолдириб келган пайти ушланди.

19 яшар икки талаба Тожикистоннинг дунёда энг кўп афюн ишлаб чиқарувчи давлат бўлмиш Афғонистон билан чегарасига яқин ҳудудда жойлашган Ёл қишлоғидандир.

Тожик расмийларининг билдиришича, икки талаба январь ойида афғонистонлик гиёҳванд модда сотувчилардан наша ва афюн сотиб олиш учун чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтганини тан олган.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига кўра, икки талаба дўсти Алишер Абдулҳафиз билан гиёҳванд модда излаб чегарани кесиб ўтган. Шеров ва Шариф 17 кг афюн ҳамда 15 кг наша олиб қайтаётганида хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Абдулҳафиз эса чегаранинг нариги томонида гаров ўлароқ қолган.

Тожик хавфсизлик хизмати ходимлари февраль ойи бошида махсус амалиёт ўтказиб, Абдулҳафизни озод қилган.

Абдулҳафизнинг ота-онаси ўз фарзандларини лақиллатишганини айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Абдулҳафизга шунчаки ўтин теришга борамиз, дейишган. У қаршилик кўрсатишига қарамасдан, чегарадан олиб ўтишган. Шамсиддин Чоҳин тумани суди бу фикрни инобатга олмади ва 16 июнь куни Абдулҳафизни гиёҳванд модда савдосида иштирок этиш ҳамда чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтишда айбдор деб топиб, 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси 1400 км масофага чўзилади. БМТ маълумотига кўра, Афғонистонда дунёдаги афюннинг 90 фоизи ишлаб чиқарилади.

Тожикистоннинг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш агентлиги ҳисобларига кўра, Афғонистондан олиб келинадиган наркотикларнинг камида 20 фоизи Тожикистон ва Ўзбекистондан ўтувчи “шимолий йўл” орқали Европага етиб боради.

XS
SM
MD
LG