Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2024, Тошкент вақти: 18:20

Озодлик суриштируви: Тошкентда сукут, тармоқда қарғиш


Озодлик "Ўртакаш куëв: Газ схемаси ва миллионлар" деб номланган журналистик суриштирувини эълон қилгандан бери қарийб икки ҳафта ўтди. Бу вақт ичида суриштирув видеосини биргина YouTubeда бир миллиондан кўпроқ одам кўрди¸ минглаб изоҳ қолдирилди.

Суриштирув¸ тузилар-тузилмас махфий қарорлар билан давлат компанияларига табиий газ сотиш ва Туркманистондан газ импорт қилиш имтиëзи берилган ўртакаш компаниянинг президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари ва Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров ҳамда унинг шерикларига алоқадорлигини фош қилди.

Қонунларда кўзда тутилмаган бундай ўртакашликдан миллионлаб долларни ўзлаштирган Ultimo Group Limited МЧЖга берилган имтиëзлар Ўзбекистон энергетика соҳасидаги коррупцион схемалардан бири холос.

Суриштирув бу схеманинг Умаровга алоқадор хориждаги компаниялар занжирига боғланишини¸ қолаверса бу занжирни бириктириб турган реал ва номинал шахслар тармоғини кўрсатди.

Озодлик суриштирув эълон қилинишидан бир ҳафта олдин Президент администрацияси¸ Энергетика вазирлиги¸ “Ўзбекнефтгаз”¸ “Ўзтрансгаз” каби давлат идоралари ва ширкатлари¸ шунингдек суриштирувда номи тилга олинган шахс ва хусусий компанияларнинг ҳар бирига ëзма саволлар билан мурожаат қилди.

Отабек Умаровнинг кенгайиб бораëтган бизнес тармоғида унинг Ўзбекистондаги турли спорт федерациялари бошқарувига тайинланган яқин шериклари муҳим ўрин тутади. Улардан бири Дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов (чапдан бешинчи) Умаров томонидан тақдирланганлар сафида.
Отабек Умаровнинг кенгайиб бораëтган бизнес тармоғида унинг Ўзбекистондаги турли спорт федерациялари бошқарувига тайинланган яқин шериклари муҳим ўрин тутади. Улардан бири Дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов (чапдан бешинчи) Умаров томонидан тақдирланганлар сафида.

Ultimo Group Limited МЧЖнинг икки таъсисчисидан бири – Туҳфатхўжа Анвархўжаевдан бошқа бирор шахс ëки идора бу саволларга жавоб бермади. Ўз жавобида Анвархўжаев компаниянинг Умаровга алоқадор эканини инкор қилди.

Суриштирув эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб ҳам бу коррупцион схемага йўл очиб берган давлатнинг ваколатли идоралари чурқ этмади. Озодликнинг аввалги суриштирувларида кузатилгани каби¸ бу гал ҳам мутасадди идоралар тармоқдаги бўрон босилиши ва унутилишини кутгандек сукут сақлашди.

Айни пайтда¸ суриштирув қаҳрамонларидан айримлари унда келтирилган баъзи маълумотларни ўзгартириш тараддудига тушди.

Хусусан¸ тузилганидан бери ишламай келаëтган ultimogroup.uz веб саҳифаси суриштирув чиқар-чиқмас “ишлаб кетди”.

2021 йил апрелида регистрация қилинганидан то Озодлик суриштируви эълон қилингунга қадар ultimogroup.uz сайти мана шу кўринишда эди.
2021 йил апрелида регистрация қилинганидан то Озодлик суриштируви эълон қилингунга қадар ultimogroup.uz сайти мана шу кўринишда эди.

Озодлик билан телефон суҳбатида Ultimo Group Limited МЧЖ директори Равшан Муталов компаниянинг қарийб икки йилдан бери ишламаëтганини айтди. Аммо бу суҳбатдан саноқли кун ўтиб “очилиб кетган” сайтда Ultimo Group Limited МЧЖ ўзини “Ўзбекистон Республикасига табиий газ етказиб бериш билан шуғулланувчи компания. Компаниянинг бизнес манфаатлари асосан Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳудудларини қамраб олади”¸ деб тақдим этди.

Озодлик суриштируви эълон қилиниши ортидан Ultimo Group вебсаҳифаси мана бу кўринишга ўтди.
Озодлик суриштируви эълон қилиниши ортидан Ultimo Group вебсаҳифаси мана бу кўринишга ўтди.

Сайтнинг очилиши ва унга қўйилган бу маълумот ортидан Озодлик яна Ultimo Group Limited МЧЖга алоқадор шахсларга мурожаат қилди. Улардан компаниянинг Марказий Осиë ва Жануби-Шарқий Осиё ҳудудларидаги бизнес манфаатларига ойдинлик киритишни сўради. Айни шундай¸ компаниянинг ҳозирда қандай газ олди-бердиси билан шуғулланаëтгани билан қизиқди. Аммо бу саволлар ҳам жавобсиз қолдирилди.

Ultimo Group Limited МЧЖ эгалари уни Ўзбекистон Республикасига табиий газ етказиб бериш билан шуғулланувчи компания сифатида кўрсатиш илинжида очилган сайтга ўндан ошиқ янгилик ҳам илиб қўйди. Бу янгиликларнинг аксар қисми маҳаллий матбуотда газ ва энергетикага оид чоп этилган мақолалар сарлавҳаси бўлса¸ қолганлари бўм-бўш сарлавҳадан бошқа нарса эмас.

Уч йилда қилинмаган сайтни ишга тушириш жараëнини бир кечада ижро қилганиданми¸ ultimogroup.uz сайти муaллифлари¸ шошилинчда сайтнинг қачон рўйхатга олинганини ëддан чиқариб қўйган кўринади.

Қўйилган биринчи бўм-бўш сарлавҳа остида 2021 йил 11 март¸ аниқроғи компания рўйхатга олинидан бир кун кейинги сана қайд этилган.

Аммо очиқ манбалардаги маълумотлар¸ ultimogroup.uzсайти доменда фақат 2021 йил 6 апрелида рўйхатдан ўтганини кўрсатади.

Whois.com сайти ultimogroup.uz вебсаҳифасининг доменда қачон рўйхатдан ўтганини аниқ кўрсатади.
Whois.com сайти ultimogroup.uz вебсаҳифасининг доменда қачон рўйхатдан ўтганини аниқ кўрсатади.

Йўқни бор қилишга бел боғлаган сайт ижодкорлари жамоатчиликни бу мифга ишонтиришда жонбозлик кўрсатиб¸ янгиликлардан бирига ҳали сайтнинг асари ҳам бўлмаган санани ëзиб қўйибди! Бу ҳам етмагандек¸ шошилинчда тармоқда мавжуд бўлмаган телефон рақамларини ҳам компания билан боғланиш учун тақдим этишган. Уч йилдан бери сайтда осиғлиқ турган +99899 917 01 10 ва +99899 918 01 10 рақамлари олдин қандай ишламаса¸ сайтда ҳаëт аломати кўринганидан сўнг ҳам ишламаëтир.

Озодлик суриштирувига билвосита реакциялар унда тилга олинган айрим персонажларнинг Инстаграм саҳифаси ва уларга расмийлаштирилган бошқа компаниялар сайтида ҳам кузатилди.

Хусусан¸ БААда Отабек Умаров бизнес манфаатларини бошқариб келаëтган Дониëр Қодиров аввалига ўзининг Инстаграм саҳифасини ëпиб қўйди. Саҳифа кўп ўтмай қайта очилганида¸ ундан Қодировнинг Умаров ва шериклари билан бирга тушган сурати ғойиб бўлди.

Дониëр Қодиров Инстаграм саҳифасидан ўчирилган бу сурат унинг Отабек Умаров ва Азизжон Камиловларга қанчалик яқин шериклигини кўрсатади.
Дониëр Қодиров Инстаграм саҳифасидан ўчирилган бу сурат унинг Отабек Умаров ва Азизжон Камиловларга қанчалик яқин шериклигини кўрсатади.

Айни шундай Дониëр Қодировга алоқадор Дубайдаги Ultimo Group ва Rushmore компанияларга берилган телефон рақамлари ҳам суриштирув эртасига сайтдан ғойиб бўлди.

Ҳукумат ва Озодликнинг навбатдаги суриштируви марказига тушган давлат компаниялари ва Отабек Умаров каби шахслар унга “одобли сукут” билан жавоб қилаëтган бўлса¸ унда фош этилган коррупцион схема оддий жамоатчиликни яна жунбушга солди.

Озодлик суриширувини кўрганларнинг аксар қисми бу сукутнинг аломати ризо экани¸ яъни Мирзиëев администрациясидан тортиб Энергетика вазирлигига қадар келтирилган фактларни инкор эта олмаслигини тан олиш талқин қилмоқда.

Озодлик суриштируви остида қолдирилаëтган аксар шарҳлар конституцияга кўра халқ мулки бўлган табиий бойликлар¸ айниқса газнинг тепадагилар томонидан ўғирланаëтганидан оддий ўзбеклар қанчалик ғазаб ва нафратда эканини кўрсатади.
Озодлик суриштируви остида қолдирилаëтган аксар шарҳлар конституцияга кўра халқ мулки бўлган табиий бойликлар¸ айниқса газнинг тепадагилар томонидан ўғирланаëтганидан оддий ўзбеклар қанчалик ғазаб ва нафратда эканини кўрсатади.

Youtubeдаги аксар шарҳлар ўзбек жамоатчилигининг Мирзиëев олиб бораëтган сиëсат¸ хусусан энергетика соҳасидаги жараëнлардан¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ қанчалик ҳафсаласи пир бўлгани¸ ҳукуматга ишончнинг нақадар камайиб бораëтгани ифодасига айланди.

Ўзбекистонни йирик газ сотувчи давлатдан Россиядан газ сотиб олувчи давлатга айлантирган жорий ҳукумат¸ хусусан¸ биринчи Оила вакиллари¸ бу шарҳларда муттасил қарғиш нишонига айланган.

Ҳукуматдан қонуний ҳақларини сўрашга журъат тополмаётган ўзбекистонликлар ўз ғазабини шу тахлит қарғишлар билан тўкиб солмоқда.

Озодликнинг охирги суриштирувини ҳукумат ва схема иштирокчилари каби чуқур сукут билан қарши олган яна бир тоифа, бу - маҳаллий матбуот ва танилган блогерлардир.

Дунëнинг бошқа мамлакатларига оид каттаю кичик янгилик ва суриштирувларни катта қилиб ëритиб келаëтган матбуот ва блогерлар ўзбекистонликлар кундалик ҳаëти ва мамлакат иқтисодини барбод қилиб келаëтган коррупцион схема фош этилишини кўриб кўрмаганга олди.

Бундай сукунатга хусусий суҳбатда изоҳ берган айрим етакчи нашр журналистлари ва блогерлар¸ Озодлик суриштирувини тилга олиш ўзлари учун жиддий хавф туғдиришини эътироф этдилар.

Маҳаллий медиа ва ҳокимиятга яқин блогерлар сукунатини 7 май куни журналист Шуҳрат Латипов бузди.

Рус тилидаги Телеграм постида Латипов Озодлик суриштирувида келтирилган факт маълумотлар ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик турмушига бевосита дахлдор эканини таъкидлади.

Шуҳрат Латипов Озодликнинг газ олди-бердисидаги коррупцион схемалардан бири - бевосита президент куëви Отабек Умаровга боғланадиган Ultimo Group Limited МЧЖ ҳақидаги суриштирувига муносабат билдирган ҳозирча ягона маҳаллий блогер бўлиб қолмоқда.
Шуҳрат Латипов Озодликнинг газ олди-бердисидаги коррупцион схемалардан бири - бевосита президент куëви Отабек Умаровга боғланадиган Ultimo Group Limited МЧЖ ҳақидаги суриштирувига муносабат билдирган ҳозирча ягона маҳаллий блогер бўлиб қолмоқда.

Бу нима учун муҳим? Давлат мулки ҳисобланган цемент заводи товарларни бир неча баробар оширилган нархларда сотиб олади. Бу эса, ўз навбатида, давлат корхонаси харажатларини сунъий равишда ошириб, фойдани камайтириб, ишлаб чиқариш таннархини оширади. Натижада қурилишда ишлатиладиган цементни қимматига оламиз. Бу уйларнинг нархи ҳам ошиб бораётганини англатади.

Шунингдек, даромаднинг пастлиги туфайли давлат корхоналари томонидан давлат бюджетига тўланадиган дивидендлар ҳажми (2021-йилда 442 млрд. сўм) камаймоқда. Давлат бюджетида қанча маблағ кам бўлса, ижтимоий соҳа (мактаб, шифохона, пенсия, нафақа), инфратузилма (йўллар, пиёдалар йўллари, ободонлаштириш)га сарфланадиган маблағлар шунчалик кам бўлади. Агар бюджет даромадлари пасайса ва харажатлар кўпайса (дефицит), бу қандайдир тарзда қопланиши керак. Бунда эса¸ давлат қарзи, хорижий кредитлар ва нисбатан юқори солиқлар ёрдамга келади.

Буларнинг барчаси бизнинг ҳаётимизга бевосита таъсир қилади.

Бу ҳолатга давлат идоралари жавоб берса яхши бўларди. Айниқса, газ ва электр энергиясига тарифлар ошиб бораётгани ва катта бюджет тақчиллиги фонида.

Латипов блоги чоп этилишидан кўп ўтмай уни Ўзбекистондаги русийзабон блогерлардан бири – Кирилл Альтман репост қилишга ботинди¸ холос.

Ижтимоий тармоқда анча-мунча мухлисга эга бўлган бошқалар эса сукутини қўриш ëки Озодлик суриштирувига "эзоп тили"да муносабат билдиришда давом этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG