Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 01:12

Ўзбекистонда аптекалар президент қарорини бажара олмаяпти


Ўзбекистондаги аптекалар дори-дармонни бир хил нархда сотишни 1 январдан бошлаб йўлга қўя олмади. Аптекачи- тадбиркорлар фикрича, буни амалга ошириш учун 3-4 ой вақт лозим. Президент қарорига кўра, 1 январдан бошлаб, 167 турдаги дори ва 22 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари учун арзонлаштирилган давлат нархи белгиланиши лозим эди.

“Дорилар арзонлагани йўқ”

Тошкентда яшовчи Наргиза исмли аёлнинг айтишича, 1 январдан бошлаб, арзонлаштирилган нархда сотилиши лозим бўлган дорилар рўйхатидаги иккита дорини излаб, аптекаларни айланган, лекин арзон нархда топа олмаган:

“Менга флуконазол раствори билан пирацетам ампуласи керак эди. Булар 1 январдан арзонлашишини эшитиб, икки кун кутдим. Кеча ҳам, бугун ҳам бир нечта аптекага кирдим. Кўпчилигида бу дорилар йўқ экан. Борлари ҳам эски нархда сотилаяпти экан. Излаб-излаб топа олмагач, барибир уларни эски нархда олишга мажбур бўлдим. Флуконазол растворни 9 минг сўм, пирацетам ампуласини 5,500 сўмга олдим. Бу дорилар аввал ҳам шу нархда сотилаётган эди”, деди Наргиза Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

“Дориларни бирданига арзонлата олмаймиз”

Тошкент шаҳридаги аптека эгалари Озодлик билан суҳбатда дори-дармонларни арзонлаштирилган, давлат нархида сотиш борасидаги президент қарорини бажариш учун уларга 3-4 ойча вақт кераклигини айтишди:

“Бу сразу, 10 кунда бўладиган иш эмас. Бу жараёнга аста-секинлик билан ўтилади. Рўйхатдаги 167 турдаги дорини бирданига янги нархда сота олмаймиз. Рўйхатдаги дорилар маҳаллий ва Европада ишлаб чиқарилган дорилар. Олдин олинган дориларни арзон нархда сотсак, банкрот бўлишимиз мумкин. Фақат фирмалардан энди оладиган дориларимизни янги нархдан сотишимиз мумкин. Лекин бунга анча вақт керак. Ҳисоб-китобимизча, апрель ёки майдан бошлаб барча дориларни янги нархда сотишни тўла йўлга қўйишимиз мумкин. Ҳозирча, рўйхатдаги 8 хил турдаги доримиз тугаган, шуларни фирмадан арзон нархда олсак, 2-3 кун ичида янги нархда сотишни бошлашимиз мумкин”, деди пойтахтдаги аптека эгаларидан бири.

Бошқа бир аптекачининг айтишича, улар 167 турдаги дорининг янги нархлари борасидаги маълумотларни ҳали олганича йўқ:

“Бизга ҳали списка берилмади. Шунинг учун бу дориларни қанча пулдан сотишни ҳам билмайман. Лекин бу дориларни 1 январдан 100 фоиз янги нархда сотиш мутлақо имконсиз. Бизга олдин фирмалардаги нархларни нормал қилиб қўйишлари керак. Ҳамма аптекачилар фирмалардан оптом олишади. Ҳали фирмалар олдинги нархда бераяпти. Шунинг учун аптекалар ҳам аввалги нархда сотишга мажбур”, деди аптекачи йигит.

“Фирмаларга ҳам вақт керак”

Дори-дармонлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирмалардан бирининг ходими ҳам президент қарорида белгиланган дориларни янги нархда сотиш учун вақт кераклигини айтди:

“Биз янги тартиб бўйича энг кўпи 15% устама қўйишимиз мумкин. Бу улгуржи корхоналар учун белгиланган нарх. Лекин складимиз олдин олинган дорилар билан тўла. Уларни қиммат олганмиз. Устига 15 % қўйиб сота олмаймиз. Олдин складдаги дориларни тугатиб, кейин янгидан олинган вақтда янги нарх бўлиши мумкин. Ноябрнинг ўртасида улгуржи дори сотадиган фирмалар учун мажлис ўтказиб, 1 январдан янги нархда сотасизлар деди. Лекин буни бажариш имконсиз. Улгуржи фирмалар ҳозирча янги нархда аптекага етказиб бериши мутлақо нореал”, деди Тошкентдаги дорилар савдоси билан улгуржи шуғулланувчи фирма ходими исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2016 йил 31 октябрдаги қарорига кўра, 2017 йил 1 январидан бошлаб, энг зарур ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 167 хил дори ва 22 хил тиббий маҳсулотлар давлат томонидан белгиланган нархда сотилиши лозим эди.

"2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда", дейилган қарор шарҳида.

Ўтган йили ушбу устамалар миқдори 25%ни ташкил қилган.

Қарорга кўра, давлат белгилагандан ортиқ нархда дори сотган аптекачилар жавобгарликка тортилиши лозим.

Бугунги кунда бу талабни бажара олмаётган шахсларларга нисбатан бирор жазо бериладими ёки йўқ буниси ҳозирча номаълум.

2 январь- Ўзбекистонда дам олиш куни бўлгани боис мутасадди идоралардан бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Дори-дармонлар билан боғлиқ янги қарор назорати бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов ва бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов бошчилигидаги махсус комиссия зиммасига юклатилган.

Ушбу қарорни амалга ошириш ҳаракатлари Россиядан 167 хил дори-дармон ва 22 турдаги тиббиёт асбобларини сотиб олишда кўмак сўрашдан бошланди. Ноябрь охирида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги рўйхатдаги дори-дармонларни рус ширкатларидан сотиб олишда ёрдам сўраб, Россиянинг савдо ваколатхонасига хат йўллади. Россиядаги дори ишлаб чиқарувчилар эса Ўзбекистонда валютани конвертациялаш муаммолари борлиги боис ушбу сўров амалга ошишига шубҳа билдиришди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 132 та фармацевтика корхонаси бўлиб, уларда 2 минг турдан зиёд дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ушбу лойиҳалар натижасида импорт ўрнини босадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш режаланган.

Ўзбекистонда 8472 хусусий дорихона ва “Дори-дармон” компаниясига қарашли 1437 дорихона фаолият кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG