Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 21:59

OzodSuhbat+ Табибхоналар очилишига рухсат берилиши ортидан Ўзбекистонда замонавий медицина ўлдими?


Шаҳрихонлик Ҳасан табиб (суратда олд планда) ҳар қандай касалликни хандон писта ва асал билан даволай олишини иддао қилади

Сарлавҳага чиқарилган савол Ўзбекистон президентининг халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қароридан пайдо бўлди.

10 апрелда имзоланган қарорга биноан, жорий йил 1 майдан бошлаб туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида халқ табобати хоналарини очилади.

Бундай хоналарда ишлайдиган табибларга иш ҳақини давлат тўлайди, улар муассаса тиббиёт ходимлари учун ажратилган штат бирликларидан бирини эгаллайди.

Президент қарори кенга кўламли ҳужжатдир ва у билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

OzodSuhbat эшиттириши бугун эътиборингизни қарорнинг бир жиҳатигагина - тиббиёт муассасаларида табиблар ишлашига - қаратмоқчи.

Шу мақсадда Озодлик қарор лойиҳаси муаллифларидан бири, Ўзбекистон тиббиёт академияси аъзоси, кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддиновни ҳамда андижонлик олий тоифали врач Отабек Аҳлиддиновларни суҳбатга тортди.

"Слесарь табиблар ҳам бор"

Профессор Нуриддиновнинг айтишича, шу кунда Ўзбекистонда 5000 дан зиёд киши ўзини ўзи табиб, деб билади. Улар орасида олий маълумотли врачлардан тортиб, тиббиётга мутлақо алоқаси йўқ кишилар, ҳатто милиция ходимлари ва слесарларгача бор.

Профессорнинг фикрича, 10 апрелда қабул қилинган қарор шу соҳадаги тартибсизликка барҳам беришга қаратилган. Лекин, дейди, Рустам Нуриддинов, 10 апрелдаги қарорда кейинги икки йилда қабул қилинган шу йўналишдаги бошқа икки ҳужжатдаги баъзи камчиликлар сақланиб қолган ва улар бартараф этилиши лозим.

Профессор Рустам Нуриддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:19 0:00
Бевосита линк


"Врачлар билан табиб ваколатлари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилиши лозим"

Андижонлик олий тоифали врач Отабек Аҳлиддинов OzodSuhbat билан мулоқот давомида табибларнинг тиббиёт муассасаларида врачлар билан бир қаторда бемор қабул қилишига принципда қарши эмаслигини билдирди.

Бироқ врач бу инновациянинг ҳуқуқий жиҳатлари етарлича ишлаб чиқилганми, табибнинг ваколатлари доираси аниқланганми, врачлар билан табиб ўртасидаги эҳтимолий зиддиятлар олди қандай олинади, деган масалалар пухта ўйлаб кўрилганига шубҳа билан қараётганини билдирди.

Олий тоифали врач Отабек Аҳлиддинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:49 0:00
Бевосита линк


Товуқ пати кукуни, 11 та хандон писта ва бошқалар

Ўрганаётганимиз мавзу маҳаллий матбуотда ҳам ёритилаяпти ва масаланинг жиддийлиги мана бу икки сарлавҳадан ҳам кўриниб турибди:

“Шифокорлар ва табиблар ўртасида соғлом рақобат бўлиши лозим” Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаровнинг бу гапини Kun.uz сайти у билан ўтказилган суҳбат матни сарлавҳасига олиб чиқди.

Яна бир сарлавҳани ҳам шу сайтда кўрдик ва у табиблар савияси ҳақида яхши тасаввур беради: “Табибларни ўқитмасак бўлмайди. Уларнинг 80 фоизи илмсиз”. Бу гапни Халқ табобати академияси раиси, техника фанлари номзоди Меҳри Наврўзова билдирган.

Халқ табобати академияси раиси айтаётган илмсиз “табиб”лардан бири, ижтимоий тармоқларда ўзини "дунёдаги энг кучли табиб” атаб, минглаб касалларни фақат суяк уни ва товуқ пати кукуни билан даволашга уринаётган қорақалпоғистонлик Рашид Картбаев тўғрисида Озодлик яқиндагина ёзган эди.

Беморларни юзлаб касалликлардан, хусусан аёлларни простата бези касаллигидан (бу без фақат эркакларда бўлади) 11 дона хандон писта билан “даволаётган” шаҳрихонлик табиб Ҳасан домла ҳақида Озодлик ёзганидан сўнг прокуратура унинг ишига чек қўйилганини хабар қилган эди. Хабарларга қараганда, Ҳасан домла ҳануз ишлаяпти ва хандон писта ва асални пуллашда давом этаяпти.

Бугунги мавзу тўла, ҳар тарафлама ёритилиши ҳамда фирибгар эмас, ҳалол, илмли табиблар ҳам борлигига ишонч ҳосил қилиш учун Озодлик ўзини табиб деганлар билан ҳам боғланишга уринди.

Контактлари мавжуд уч-тўрт табиб кун давомида қўнғироқларга жавоб бермади.

Агар табиблар Президент қарори юзасидан фикр билдиришни истаса¸ OzodSuhbat рукни улар учун ҳам очиқ.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG