Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 23:16

OzodTa’sir: Озодликдаги мақоладан икки кун ўтиб ҳайкалтарошларнинг пули тўлаб берилди


Мирзиëев даврига келиб совет рамзлари қайта тикланаётгани кузатилади

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни «Трест 12» акциядорлик жамияти Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ҳайкалтарошларига қарийб 5,5 млрд сўм гонорарни тўлаб берди. Бу ҳақда Озодликка пулини олган ижодкорлар ва Бадиий Академия мулозими маълум қилди.

18 ноябрь куни Озодлик Ўзбекистон Бадиий академиясининг 17 нафар аъзоси «Ғалаба боғи» ва Адиблар хиëбонидаги панно ва ҳайкаллари учун иш ҳақи олмагани ҳақида ëзган эди.

Бу мақола чоп қилинганидан бир кун ўтиб, 2020 йилнинг 19 ноябрида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёнига асосан «Трест 12» жамиятига қўшимча маблағлар ажратилган ва ушбу маблағлар ҳисобидан 2020 йил 20 ноябрь куни ҳайкалтарошларларнинг барча гонорари "охирги тийинига қадар" тўлаб берилган.

Пулини олганлар орасида “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” музейи, “Ғалаба” музейи, ҳарбий шаҳарча, совет аскарини улуғловчи экспозициялардан ўрин олган ҳайкалларни яратган 71 яшар ҳайкалтарош Маис Сафарян ҳам бор. Сафарян “пулимни беришмаяпти”, дея Озодликка 18 ноябрь куни суҳбат берган эди.

Маис Сафарян Озодлик мақоласи ортидан барча маблағларни олганидан миннатдорлигини изҳор қилди.

Озодлик тасарруфида мавжуд Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси Акмал Нуриддинов ва ”Трест 12“ АЖ раҳбари ўртасида тузилган шартномага кўра, «Ўзбекистонликларнинг Улуғ Ватан урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси» мавзусидаги деворий монументал асар яратган рассомларнинг ҳам ҳақи тўланган.

Гап “Ғалаба” боғидаги музей учун баландлиги 5 метр¸ узунлиги эса 30 метрлик рангтасвир панно ҳақида кетмоқда.

Тошкентда президент Мирзиëев буйруғига асосан қурилган “Ғалаба боғи” марказидаги совет аскарига ўрнатилган ҳайкал ва маскандаги рамзий дарвоза – "Ғалаба аркаси" муаллифларининг Озодликка билдиришича¸ “Трест 12“ АЖ улар билан ҳам ҳисоб-китоб қилган.

Бу қиммат лойиҳанинг нега тендер ўтказилмасдан “Трест 12“ АЖ ширкатига топширилгани борасидаги Озодлик саволига “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ“ бош меъмори Гулшоира Магаметова жавоб бера олмаган эди.

Совет рамзларининг қайтиши

Россия Дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев Озодлик билан 2019 йил майида, «Ғалаба боғи» очилган кунги суҳбатида "Ўзбекистон советча пропаганда бўйича Россиядан ўзиб кетгани"ни айтган эди.

"Россиядаги аксар зиëлилар бундай ëндашувдаги “санъат” устидан кулишади. Ўзбекистон яна эски совет пайтидаги каби, Москвага лаганбардорлик қилишда колхозча провинциянинг ноëб турини кўрсатди. Уят"¸ - деган эди у.

Россия улуғдавлатчилик ғояларини тараннум қиладиган дизайнерларнинг Ўзбекистонни “фатҳ” қилиши Мирзиëев иқтидори даврида бошланди.

Украина хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи исталмаган шахслар рўйхатига киритилган россиялик дизайнер, 43 яшар Артемий Лебедев 2018 йили Тошкент шаҳар ҳокимлигида қабул қилиниб¸ пойтахтни безаш бўйича астрономик суммадаги пулга буюртма олган ва бу пул тўланган эди.

Лебедев 2014 йилда Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли логотипини чизган эди.

2018 йил 2 ноябрь куни Россия ашаддий миллатчилари доҳийси Владимир Жириновскийнинг Бухорода юқори мартабали ўзбек расмийлари томонидан тантанали кутиб олиниши ўзбекистонликларнинг норозиликларига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG