Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 16:08

OzodTarmoq: Бунинг номи феодализм ёхуд "янги" дея тамғаланган Ўзбекистон


Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев фермерлар даласида. Иллюстратив сурат.

Янги даврга келиб Ўзбекистон сўзда ва шиорларда эълон қилган қадриятларини энг кўп обрўсизлантираётган тоифа қайси дейилса, ҳеч иккиланмай ҳокимларни кўрсатиш мумкин.

Чунки ҳокимларнинг ваколатлари, Ўзбекистондаги битта шахсни инобатга олмаса, ҳеч бир омил ёки куч билан чекланмаган. Бу ҳолат сизга ниманидир эслатмаяптими? Агар тарих дарсларини яхши ўзлаштирган бўлсангиз, ҳа, топдингиз, бу ўрта асрлар феодализмининг яққол кўриниши.

Маълум вилоят, шаҳар ё кентни эгаллаган Феодаллар ҳеч бир қонун қоидага бўйсунмаган. Истаса осган, истаса зўрлаган, истаса тортиб олган, истаса ҳудуди чегараларини ёпиб олган. Лекин масалан, қўшни, бошқа феодал билан низо чиқсагина бу ишга уларнинг суверени - Қирол аралашган.


Бу узун гапларни нима учун ёзаяпман?

Каттақўрғон ҳокими, айни пайтда сенатор Гавҳар Алимова Қашқадарё ҳокими Мурод Азимовдан ёзғираяпти. Мурод Азимов топшириғига кўра, Қашқадарё ҳудудидан чигит олиб чиқиб кетиш тақиқланган. Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқандга чигит олиб кетаётган юк машиналари ўтказилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Бир қарашда кулгули, ҳам ачинарли. Қандай қилиб бир мамлакат ҳудудида товар ва хизматлар эркин ҳаракатлана олмаслиги мумкин? Чигит ҳокимнинг мулки эмас, фермерники ёки кластерники, нега у бошқа шахсга сотган чигитини ҳудудидан чиқара олмайди?

Лекин шу бугунги Ўзбекистон. Мана шу ҳокимлар, яъни феълан ўрта аср феодаллари қурган янги дея тамғаланган Ўзбекистон.

Бу бошбошдоқликни яқиндагина Божхона қўмитасига раис бўлган, вазифаси юзасидан бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйича эркин товарларни тўсиқсиз ҳаракатланишига масъул бўлган шахс амалга ошираяпти. Амалдаги ваколатлар тийилмаган бузуқ тизим, божхона каттаси тугул, авлиёни ҳам бузиб ташлашига яна бир мисол.

Чигитни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ҳокимларнинг топшириқлари биринчи марта эмас. Пишиқчилик пайтида мева-сабзавот маҳсулотларини бир ҳудуддан иккинчисига чиқарилмаслиги бўйича топшириқлар ҳам биринчи марта эмас. Доимий ҳолат.

Лекин шу пайтгача биронта ҳоким жазоланмаган. Бу сафар ҳам, жуда катта эҳтимол, жазоланмайди.

Ахир бунинг номи феодализм.

Отабек Бакиров, иқтисодчи, блогер

(Bakiroo Телеграм-каналидан олинди)

OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG