Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 18:01

OzodTarmoq: Мустақиллик фақат сиёсий ва географик тушунча эмас


OzodTarmoq - Озодликнинг янги рукни. Унда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, Озодлик тингловчиси (ўқувчиси, томошабини) қизиқишини уйғотиши мумкин матн, аудио ва видеоларни бериб борамиз.

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида Bloger Shahnoza ўзининг Телеграм-каналида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда. Стилистика ва имло муаллифники.

***

Мустақилликнинг илк кунлари мен мактабда ўқиб юрган ўсмир қизалоқ эдим. Кўп ёдлайдиган ва кам мушоҳада қиладиган даврим... Қулликнинг сўнгги йиллари ғира-шира ёдимда: Ленин портрети, октябрят нишони ва ҳк. Болтиқбўйи ва Кавказ иттифоқдан чиқармиш дея уларни қоралаб гапирган катталар, Арманистондаги зилзилани айнан шу "шаккок" ва шум ният учун илоҳий жазо деб баҳолашлар...(шунақа ҳаммаси аралашиб кетган замон эди).

Кейин ўзгаришлар даври келди: давлат тили, мустақиллик декларацияси, ГКЧП деган сўзлар янгради... Кейин бир кунда мустақил бўлиб қолдик.

Мустақиллик нима эканини газеталардан ўқирдигу, ҳали туймадик.

Туйиш кейинроқ келди: мактабимиз томидаги байроқ ўзгарганида, телевидениеда ўзбекча мультфильмлар ва Голливуд фильмлари пайдо бўлганда, янги мадҳияни ёдлаганимда, лагерга борганимда тарбиячилар энди ўзбек тилида ҳам гапира бошлашганида...

Шу йилларда мен бир сўм пулсиз ўқишга кириб, беш йил сифатли таълим олдим. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини махсус ўрганиб, Истиқлолнинг асл меъморларини танидим.

Баъзан умидландим, баъзан умидсизликка тушдим. Сўзимни имкон топсам айтдим, топмасам, жим турдим. Баъзан чўкдим, лекин кўпроқ ўсдим, ундим...

Худди шундай, кимдир нимагадир эришган бўлса, унда шу йилларнинг, Мустақилликнинг ҳиссаси бор: биров тилини, биров эътиқодини, кимдир мулкини, яна кимдир қадрини топди.

Мустақиллик фақат сиёсий ва географик тушунча эмас. У аввало, тарих ва тақдирларни ўзгартиргани билан аҳамиятли.

Бу 28 йилни кимдир хотирадан ўқийди, кимдир тарих китобларидан. Лекин ҳаммамиз учун Ватан бир, ютуқ бир - Ўзбекистон!

Байрам муборак, азизлар!


Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG