Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:13

Тошкент вилоятида фермер ўзини боқиб келган сўнгги парча ерини ҳам бой бермоқда


Тошкент вилоятининг қатор туманида йиллар давомида кунгабоқар экиб¸ ундан келган даромад воситасида давлат юклаган ғалла ва пахта режасини амаллаб “оқлаб” келган фермерлар бу йил ҳокимият босими янада кучайганини айтмоқда.

Норасмий келишув бузилди

Озодлик суҳбатлашган деҳқонлар изоҳича¸ давлат билан шартномада белгиланган ғалла ва пахта экиб фақат зарар кўргани боис¸ ҳар бир фермер ижарага берилган ерининг муайян қисмига шартномада кўрсатилмаган экин экиб¸ шундан келган даромад ҳисобига оиласини боқиб келган.

“Дейлик¸ менда 100 гектар ерим бор. Шартнома бўйича¸ 50 гектарига пахта¸ 50 гектарига буғдой экишим керак. Шунча ердан фалон тонна пахта¸ фалонча буғдой давлатга топширишим керак. Лекин 100 гектар ернинг ярмига сув чиқмаслиги¸ унга на пахта¸ на буғдой экиб¸ ҳосил ололмаслигимни ҳокимиятдагилар жуда яхши билади. Шунинг учун¸ бу ернинг бир қисми¸ 3-5 гектарига бозорбоп экин¸ дейлик¸ писта (кунгабоқар) экиб¸ ундан тушган даромад билан пахта ва буғдой режасини ë нақд пул бериб¸ ë бозордан сотиб олиб¸ бажариб келганман. Бу йил фермерни боқиб келган ана шу бир парча ерни ҳам қаттиқ назоратга олишаяпти. Писта эксанг¸ буздириб ташлайман¸ деб қўрқитаяпти”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилоятининг йиллардан бери кунгабоқар экиб келинган туманларидан биридаги фермер.

Суҳбатдошга кўра¸ йиллардан бери фермернинг нима ҳисобига режани бажариб¸ қайси даромад билан оиласини боқишни уддалаëтганини билган ҳокимиятдагилар¸ ëзилмаган келишувга кўра¸ бундай вазиятга кўз юмиб келганлар.

“Улар йил охирида биздан режа сўрарди¸ амаллаб бажарсак¸ қолгани билан унча иши йўқ эди. Бу йил пистага тақиқ қўйишди. Кимдир¸ шуниям ўз монополиясига айлантирмоқчи¸ шекилли. Бир ой ичида экин экиш керак¸ лекин ҳозирча нима қилишни билмай¸ бошим қотиб ўтирибман”¸ дейди тошкентлик фермерлардан бири.

"Сиëсат ўзгарди!"

Тошкент вилоятининг икки тумани ҳокимлиги вакиллари¸ қолаверса¸ вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалигига масъул хизматчиси¸ вилоятда кунгабоқар экишга тақиқ йўқлигини билдирди.

Айни пайтда улар¸ фермернинг ижара ерига давлат билан шартномада кўзда тутилмаган экин экишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

“Размешениегакиритилмаган қанақа экин бўлса¸ бузиб ташлашга ҳаққимиз бор. Бу йил қишлоқ хўжалик сиëсатида ўзгариш бўлаяпти. Тошкент вилоятидаги пахта¸ ғалла ерлари қисқариб¸ улар полиз-сабзавот¸ боғдорчиликка ажратилди. Мойли экинлик дейиладиган кунгабоқарга ҳам берилган ерлар бор. Агар размешениеда кунгабоқар дейилмаган бўлса¸ унда экишга ҳаққи йўқ”¸ деди вилоят мутасаддиларидан бири.

Бу расмий¸ фермерларнинг озгина бўлса ҳам даромад қилиш учун тақсимот ва шартномада кўрсатилмаган экинни экиб келгани ва бунга ҳокимият тушуниш билан ëндашганини тан олди.

“Олдинлари шунақа эди. Бу йил бошқача бўлаяпти. Марҳамат¸ ерга кунгабоқар экаман¸ деб расмийлаштирсин-да¸ экаверсин. Лекин полиз ëки ғалла экаман¸ деган мажбуриятни олган бўлса¸ шунга амал қилсин”¸ деди Тошкент вилояти ҳокимлиги расмийси.

Президент Мирзиëевга мурожаат

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик фермерлар¸ ўз ерларига нима экишни мажбуран белгиловчи ҳокимлик вакиллари¸ фермерга истаган экини¸ хусусан¸ кунгабоқар экишга мутлақ рухсат бермаслигини айтади.

“Бунақа рухсатни ҳеч ким бермайди. Чунки ҳукумат Ўзбекистондаги қанча ерга нима экилишини¸ қанча ҳосил олиш кераклигини энг тепадагилар¸ ҳатто президентнинг ўзи белгилайди. Шунинг учун биз шахсан Шавкат Мирзиëевга мурожаат қилмоқчимиз. У киши 13 йил Бош вазир сифатида қишлоқ хўжалигини бошқарди¸ фермернинг ҳамма дарди-муаммосини ичдан билади. Олдинлари у киши Каримов сиëсатини бажарган бўлса¸ энди бу сиëсатни ўзлари белгилайдилар. Биз фермерлар олган еримизнинг қайсидир қисмига нима экишни ўзимиз белгилаш эркинлиги берилишини истаймиз. Албатта¸ бозорни тўлдириш керак¸ экспортга нимадир чиқариш керак¸ шунинг учун давлат бутунлай аралашмасин¸ демаймиз. Лекин¸ бизга ҳам озгина ер¸ озгина эрк берилсин¸ биз ҳам бола-чақамизни қўрқмасдан боқайлик. Фермер ўзини боқа олмаса¸ халқни қандай боқади?” деди Озодлик орқали президент Шавкат Мирзиëевга мурожаат қилган тошкентлик фермер.

Тошкентлик айрим фермерлар¸ вилоят ва туман ҳокимлигидагиларни "қишлоқ хўжалик сиëсати ўзгарди¸ кескинлашди" деган баҳона билан¸ кунгабоқарчиликни ҳам монополияга айлантириш манфаатини кўзлаëтганини айтади.

"Кунгабоқарга ички бозорда ҳам талаб яхши¸ бу ëқда Афғонистон¸ Тожикистон оламан деб турипти. Булар пистани фақат ўзлари экиб¸ бозорни ўзлари эгаллаш ниятида"¸ деган иддаони илгари сурди айрим фермерлар.

Айтилишича¸ кунгабоқар Ўзбекистонда¸ асосан¸ Тошкент¸ Жиззах¸ Самарқанд ва Сурхондарë вилоятида экилади.

Очиқ расмий манбалардан олинган маълумотга кўра¸ Ўзбекистон президентининг 2011 йил 31 октябрда қабул қилинган "2012–2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ мазкур йилалр ичида мамлакатда 35 минг гектардан зиёд майдонда такрорий кунгабоқар етиштириш белгиланган.

2016-2017 йилларда республика кўламида кунгабоқар экиш учун қанча ер ажратилгани ва ундан қанча ҳосил олиш режаланганига оид расмий маълумот йўқ.

Агар сиз ҳам кунгабоқарчилик қилиб келаëтган фермерлардан бўлсангиз¸ бу соҳага оид вазиятга ойдинлик киритувчи маълумотларни Озодлик билан ўртоқлашишингиз мумкин. Бунинг учун Telegram, WhatsApp, Facebook ва Одноклассники тармоғидаги саҳифамизга хат-хабар йўллашингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG