Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:43

Бир ойлик пуллик хизматга чақирилганлар ҳарбий тайëргарлик ўрнига пахта термоқда


 Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Озодликка мамлакатнинг турли вилоятларидан бўлган мурожаатларга кўра, бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар пахта теримига жалб қилинмоқда. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бу ҳолатга ойдинлик киритиш ҳақидаги Озодлик сўровини жавобсиз қолдирди.

“Олмалиқдаги 1 ойликка чақирилганларни пахта теримига жалб қилмоқда. Мажбурлаб пахтага олиб кетишаяпти. Шахсан мени ҳам чақиришди. Қочиб юрибман”, дея ёзди исмини ошкор қилса, тазйиқ бўлишидан қўрққанини айтган олмалиқлик йигит.

Айни шу сабаб исми очиқланмаслигини сўраган самарқандлик йигит эса ўзини мудофаа бўлимига алдаб чақиришганини айтади.

“Мени армияга олиб кетишаяпти. Ҳозир военкоматдаман. Алдаб чақиртиришди. “Ҳужжатларинг керак”, деб чақиртиришди. Келсам, ҳеч қаерга чиқартирмай ушлаб ўтиришибди. Бугун олиб кетаркан. Пахта терарканмиз”, дея ёзди самарқандлик йигит.

Бухоролик йигит ҳам 24 сентябрь куни Озодликка айни шу ҳақда хабар йўллаб, 1 ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар пахта даласида “хизмат” қилаётгани ҳақида ёзди.

“Бухоро тумани Мудофаа ишлари бўлимида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийлар Қоровулбозор туманига пахта теримига юборилди. Танишим бир ойлик хизматга пул тўлаган эди, уни ҳам гуруҳи билан пахтага жўнатишди. Йигитлар ҳарбий хизмат учун отнинг калласидай пул тўлаб, пахта даласида “хизмат” ўтамоқдалар..”, дейди исми очиқланишини истамаган бухоролик йигит.

Худди шу мазмундаги хабар Озодликка Хоразм ва Фарғонадан ҳам келди. Йигитларнинг ёзишича, улар бир ойлик ҳарбий чақирув учун тўлов (3 418 812 сўм)ни олдиндан тўлаб қўйишган ва уларга бир йил давомида навбат келгач, хизматга чақирилиши ҳақида аввалдан айтилган бўлган.

Озодлик вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Олмалиқ шаҳар Мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қилди. Бўлимнинг ўзини таништирмаган мулозими 1 ойлик хизматга чақирилганлар пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабарни инкор қилмаган ҳолда бу борада вилоят бошқармасига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Тошкент вилояти Мудофаа ишлари бошқармасидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда вилоят бўйича 542 нафар йигит бир ойлик ҳарбий хизматга чақиртирилган.

“Биз 1 ойликка чақирилтирилганларни Сирдарёдаги 532-ҳарбий частга ташлаб келамиз. Кейин нима бўлишини улардан сўраш керак”, деди ўзини таништиришни истамаган бошқарма ходими.

Сирдарё вилоят Мудофаа ишлари бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 532-ҳарбий қисм янги ташкил қилинган бўлиб, қисмнинг телефон рақами ҳали уларга берилмаган.

Озодлик Самарқанд, Бухоро ва Фарғонадаги мудофаа бўлимлари билан боғланди. Расмийлар 1 ойлик ҳарбий хизматга чақирилганларнинг пахтага чиқарилиши сабаби ҳақидаги саволга жавоб олиш учун юқори ташкилотларга мурожаат қилишни тавсия этди.

“Сиз яхшиси Мудофаа вазирлигидан сўранг бу ҳақда. Мен бу борада ҳеч нарса дея олмайман. Менинг ваколатимга кирмайди”, деди жумладан, Фарғона вилоят Мудофаа ишлари бошқармасининг ходими.

Озодлик Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати билан боғланиб, бир ойлик ҳарбий хизматга чақиртирилганларнинг пахта теримига жалб қилинаётганига изоҳ сўради.

Матбуот хизмати ходими 30 дақиқа ичида вазиятни ўрганиб жавоб беришни ваъда қилди¸ аммо ярим соатдан кейин қилинган ўнлаб қўнғироқларга жавоб бермади.

Ўзбекистон армиясида Муддатли ҳарбий хизматдан (МҲХ) ташқари Сафарбарлик чақирув резервидаги (СЧР) хизмат тури ҳам мавжуд.

СЧРга хизматга чақирилганлар бир ойлик ҳарбий хизматда бўлиш билан бирга давлатга 3 418 812 сўм тўлаши лозим.

Олдинги йиллари СЧР хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробарини ташкил этарди.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 2 февралдаги фармонига мувофиқ, СЧР хизматига қабул қилинган фуқаролар тўлайдиган пул бадали 5 февралдан бошлаб камайтириб, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари этиб белгиланган.

Бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилганлар нега давлатга пул тўлаши кераклиги борасида Озодлик ўз вақтида ёритган эди.

Жорий йил июль ойида Олий Мажлис Сенати 1 ойлик ҳарбий хизматни тугатишни таклиф қилди.

Сенаторлар оилаларнинг ижтимоий ва моддий ҳолатини баҳолаш тўғрисидаги низомнинг йўқлиги, сафарбарлик чақирув резервида бир ойлик хизматни ўташ учун бадал пулини жорий этишда коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун жуда қулай шароит яратиб бераётганига эътибор қаратди.

Шунингдек, сенаторлар бир ойлик ҳарбий хизматдаги таълим услубларини ҳам танқид остига олиб, уларнинг замон талабларига мос келмаслигини таъкидлашган.

XS
SM
MD
LG