Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2020, Тошкент вақти: 15:43

Пилла режасини бажармаган фермерлардан нақд пул ундириб олинмоқда


Пилла терими

Самарқандлик ва фарғоналик фермерлар маҳаллий ҳокимликлар пилла йиғими режасини бажармагани учун улардан нақд пул ундириб олаётганидан Озодликка шикоят қилди.

Хусусан, Фарғонада фермерлар пилладан қарзини банкдан кредит олиб қоплашга мажбур бўлмоқда. "Агробанк" вакили фермерлардан олинган бу маълумотни тасдиқлади.

1 кг пиллага 40 минг сўм

Самарқанд вилоят, Қўшработ туман, "Қийқим" қишлоғидан бўлган фермерга кўра, пилла режасини бажара олмаётган фермерлардан режа бажаришга етмай қолган пилланинг ҳар бир килограмми учун 40 минг сўмдан ундириб олмоқда.

"Фермерларга тазйиқ ўтказиб, 1кг пилла учун 40 минг сўмдан пиллахона ичида санаб олиб, тарозидан ҳужжат қилиб бермоқда," деди таъқибга учрашидан қўрқиб шахси сир қолишни сўраган фермер.

У натижада фермерлар 20 минг сўмдан зарар кўраётганини иддао қилди.

"1 кг пилланинг харид баҳоси 19- 20 минг сўм. Фабрика томонидан шунча тўланади. Фермер 1кг пилла учун ўртача 20 минг сўм зиён кўрмоқда. Бундай кўзбўямачилик ва қўшиб ёзиш президентимиз олиб бораётган ривожланиш сиёсатига зиддир," дея арз қилди қўшработлик фермер.

Пиллакашларга зуғум

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида пилла етиштираётган фермернинг иддао қилишича, режани бежармаган пиллакашларга зуғум ўтказиш авж олмоқда:

"Мисол учун "Баҳрин" ҚФЙ участка нозири сўкиб, баъзан уриб пиллакашларга зуғум қилмоқда. Президентимиз пиллакашларга енгилликлар ва имкониятлар яратиб бериш ҳақида фармонлар чиқарган бўлса-да, амалда тескариси бўлмоқда. Ҳаттоки, "15 суткага қамаб қўйишим мумкин", деб дағдаға қилмоқда".

Аммо Иштихон туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича муовини Алишер Садатов фермер арзини асоссиз деб атади:

- Режани тўлдир деяпмиз. Лекин бу ерда "40 минг пул бер, милисахонага олиб бориб тиқаман" деган гап йўқ. Унақа нарса йўқ.

Пилла қарзини ёпиш учун микрокредит

Озодликка Фарғона вилоят, Учкўприк туман фермерлари номидан шикоят қилган фермер эса, деҳқон хўжаликлари "Агробанк"дан кредит олиб, пилла қарзини тўлашга мажбурланаётганини иддао қилди:

"Қуртлар қирилиб ўлиб кетган бўлса, бундай кўзбўямачилик билан тўлдирилган план ҳурматли вилоят ҳокимимизга қандай наф келтирар экан? Ҳайронмиз!"

Учкўприклик фермер Озодлик билан Telegram мессенжери орқали бўлиб ўтган ёзишмада "Агробанк"дан 10 миллион сўм кредит олишга мажбур бўлганини қўшимча қилди.

Озодлик айни иддаони ўрганиш мақсадида "Агробанк"нинг Учкўприк тумани бўлинмасига боғланди.

Исм-фамилиясини айтмаган банк ходими пилла режасини бажармаган фермерларга микрокредитлар берилаётганини тасдиқлади:

"Микрокредитлар берилаяпти ғалла терими бошлангунга қадар. Қарз кейин ғалла ҳисобидан беркитилади. Ҳозирча фермерлар қарзни ҳар ойига 2,1 фоиз билан тўлаб туришибди".

Президент пиллачиликка оид қарор қабул қилган эди

Ўзбекистонда 2018 йилда 18 минг тонна пилла етиштирилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пиллачилик соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” ассоциацияси ташкил этиш ҳақида 2017 йилнинг 29 мартида қарор қабул қилган.

Бу ҳақда қарорга илова қилинган шарҳда мана бундай дейилган:

“2023 йил 1 январгача [пиллачилик соҳаси] корхоналари ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилиниши, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган”.

XS
SM
MD
LG