Линклар

Шошилинч хабар
08 апрел 2020, Тошкент вақти: 17:56

Пенсионерлар жамоат транспортида текин юриши ҳақидаги хабарлар рад этилди


Давлат хизматчилари зиммасига коррупция хусусида хабар бериш мажбурияти юкланди. Ўз аравасини тортолмаётган раҳбарларга насиҳат қилинди. Актёр Эркин Комилов кинода роль ўйнаётган талантсиз кимсаларга жазо жорий этишни таклиф қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Расмий ташкилотлар: Пенсионерлар жамоат транспортидан текин фойдаланиши ҳақидаги хабарлар асоссиз

Расмий идоралар ўзбекистонлик пенсионерларга жамоат транспортида текин юриш ҳуқуқи берилиши ҳақидаги хабарларни рад этди (“Даракчи”, 12 январь). Ўтган ҳафта давомида, шунингдек, пенсионерларнинг пенсияси фақат нақд пулда тўланаркан, деган овозалар тарқалган. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ва Марказий банк бундай хабарларга оид расмий ҳужжат ёки кўрсатма мавжуд эмаслигини билдирган.

Давлат идоралари ходимлари коррупция хусусида хабар бериши шарт

Бундан буён давлат органи ходимини бирор шахс коррупцияга оид жиноятни содир этишга кўндиришга уринса, у бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт (“Постда”, 7 январь). 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ана шу талаб илгари сурилган. Қолаверса, давлат органлари ходимлари бошқа давлат хизматчилари томонидан коррупция содир этилишига доир ўзига маълум фактлар хусусида ҳам хабар бериши лозим. Мазкур мажбуриятни бажармаганлар жавобгарликка тортилади. Шунингдек, янги қонуннинг 28-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши таъкидланади.

Ўз аравасини тортмаётган раҳбарлар танқид қилинди

Бугунги раҳбарлар эскича ишлаш тарзи билан ҳеч нарсага эришолмайди, бири икки бўлмайди (“Оила ва жамият”, 11 январь). “Самарқанд шаҳридаги истаган иккита ўқув юртини солиштириб кўринг. Бирида иситиш тизими ишлайди, иккинчисида – йўқ. Бирининг ҳовлиси ҳавас қилгулик, иккинчисиники ташландиқ аҳволда”, деб ёзади муаллиф ва бу каби ҳолатларга уқувсиз, ўз аравасини тортишга қодир бўлмаган раҳбарлар айбдор эканини таъкидлайди. “Аравангизни тортинг, ҳеч бўлмаганда, тортишга ҳаракат қилинг, биродар” дея катта-кичик раҳбарларга насиҳат қилади газета.

Мутахассислар “ходунок” болаларда оғир касалликлар келтириб чиқараётганидан огоҳлантирди

Гўдакларни юришга ўргатишда “ходунок”дан фойдаланиш оғир асоратлар ва жиддий касалликлар келтириб чиқармоқда (“Оила даврасида”, 12 январь). Тошкентлик Маҳлиё Қодирова “ходунок” туфайли чақалоғида яссиоёқлик касали пайдо бўлгани, Дилафрўз Тўйчиева эса фарзандининг умуртқасида нуқсон юзага келганини маълум қилган. “Айрим оналар “ходунок” боланинг тезроқ юришига ёрдам беради, деб ҳисоблашади. Шу сабабли беш-олти ойлик фарзандини “ходунок”ка солиб қўяди. Чақалоқнинг муддатидан олдин юриб кетиши туфайли ҳали мустаҳкамланиб улгурмаган умуртқага оғирлик тушади ва умуртқа поғонаси қийшиқ ўсади”, дейди ортопед Бахтиёр Чориев. Уқтирилишича, ушбу юриш мосламаси болаларда ногиронликка олиб борувчи касалликлар ҳам келтириши чиқаради.

Виртуал хиёнат оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда

Ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсиз муносабат ва хиёнатлар боис гулдек оилаларнинг барбод бўлиши ҳолатлари кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 11 январь). Андижон вилояти Шаҳрихон тумани хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Шоҳидахон Юсупова вазият ташвишланарли экани ва бу каби ҳолларнинг олдини олиш учун кўп ишлар қилиш лозимлигини айтган. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда ғойибона танишиб, қиёматли дўст тутинаётганлар, сирлашиб севишаётганларнинг оқибати хайрли бўлмаётир.

Актёр Эркин Комилов: Кинода роль ўйнаётган талантсиз кимсаларга жазо жорий этиш керак

Бошқа соҳа вакили бўлатуриб, иқтидорсиз бўлса-да, кинода роль ўйнаётган кимсаларга қонуний жазо ўйлаб топиш керак. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов “Даракчи” нашрига берган интервьюсида маълум қилган. Актёрга кўра, бугун пулинг борми, демак, сен кинода роль ўйнай оласан, деган янглиш тушунча шаклланган. Театрда ҳам санъатни ҳоббига айлантириб олганлар кўпайган. “Аслида танқид қилавериб, соҳамиздаги камчиликларни гапиравериб, кўпчиликнинг кўзига ёмон кўриниб қолдим. Баъзи ёшларнинг камчиликларини юзига айтганим учун мени кўрмаганга олиб саломлашмай ўтиб кетган пайтлари ҳам бўлган”, дейди актёр Эркин Комилов.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG