Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2018, Тошкент вақти: 16:31

OzodDayjest: Тошкентда прописка муаммоси боис малакали кадрлар хорижга кетиб қолмоқда


170 га яқин омонатчи миллиардлаб маблағини қайтариб ололмай сарсон. Либерал-демократик партия нашри прописка институтини танқид қилди. Ўзбекистон экологик ҳаракати ўз фаолиятига танқидий баҳо берди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

170 га яқин омонатчи 6 йилдан буён миллиардлаб маблағини қайтариб ололмаяпти

167 нафар Ўзбекистон ватандоши “Кредит экспресс” кредит уюшмасига қўйган миллиардлаб сўм маблағини 6 йилдан буён қайтариб ололмаяпти (“Даракчи”, 4 январь). Ватандошлар омонат маблағларини мазкур кредит уюшмасига 2011 йилда қўйган. Ўша йилнинг июлида Марказий банк тўсатдан кредит уюшмасига берилган лицензияни қайтариб олган. Кейинроқ кредит уюшмаси раҳбарларига нисбатан маблағ ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш каби жиноятлар бўйича иш очилган. Айбдорлар зиммасига омонатчиларга маблағларни қайтариш мажбурияти юкланган. Аммо орадан 6 йил ўтса-да, ҳақдорлар сарсон бўлмоқда. 167 нафар омонатчи эса кредит уюшмасининг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун Марказий банк ҳам масъул деб ҳисоблайди. Уларга кўра, ҳақларни ундириш бўйича суд ҳукми ижросини бир неча йилдан буён бажармай келаётган суд ижрочилари ҳам жазога тортилиши лозим.

Хорижда Ўзбекистондагидек дуч келган жойда прописка сўралмайди

Тошкентдаги олий ўқув юртларини тамомлаган иқтидорли ёшлар учун пойтахт пропискасини олиш энг оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда (“XXI аср”, 1 январь). Прописка важидан мамлакат истеъдодларни бой бераяпти. “Бор умидлари армонга айланган, яшин тезлигида ўтиб кетгувчи “вақтинчалик прописка”дан зада бўлган умидли кадрлар, айниқса, бирор тилни биладиган ёш журналистлар дипломини қўлтиқлаб... она қишлоғига эмас, хорижга жўнаб кетади. Чет элда биздагидек етти пуштигача сўраб-нетишмайди, дуч келган жойда “Прописканг борми?” деяверишмайди”, деб ёзади либерал-демократик партия нашри. Бундан ташқари, дипломини сандиққа ташлаб қора ишнинг бошини тутганлар ҳам бор экани қайд этилган.

Ўзбекистон экологик ҳаракати ўз фаолиятини танқидий баҳолади

Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши пленумида ҳаракат фаолияти танқидий баҳоланди (“Жамият”, 2017 йил 29 декабрь). Қайд этилишича, Экологик ҳаракат атроф-муҳит муҳофазаси, ер, сув ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш борасида белгиланган ишларни охирига етказмаган. Шунингдек, долзарб экологик масалаларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритиш, жамоатчилик тингловларини ташкил этишга ҳам эътибор қаратилмаган. Экологик ҳаракат раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов ҳаракат катта имкониятларга эга экани, аммо улар тўлиқ ишга солинмаганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабридаги парламентга мурожаатномасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати аъзолари Олий Мажлисга квота, яъни махсус ажратилган ўринлар асосида киритилаётгани боис суст ишлаётганини қайд этиб, квота амалиётидан воз кечиш вақти келганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG