Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Қўқонлик тадбиркор ҳокимдан 273 миллион сўмини ундиролмаяпти


Фарғонада ҳоким суд қарори ижросини пайсалга солмоқда. Қашқадарёда эрининг зулмига чидолмаган аёл ўз жонига қасд қилди. Ўзбек мактабларида “Навоий фани”ни жорий этиш таклиф қилинаяпти.

________________________________________________________________

Тадбиркор Зафар Турсунов Қўқон ҳокимидан 273 миллион сўм қонуний ҳақини ундиролмаяпти

20 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Зафар Турсунов Қўқон ҳокимидан қонуний 273 миллион сўм ҳақини ундиролмаётир (“XXI” аср, 16 март). 2009 йил 14 декабрда Қўқоннинг ўша пайтдаги ҳокими Ш.Собировнинг 467-қарори билан тадбиркор Зафар Турсуновга тегишли майдони 357 кв.м. бўлган ошхона биноси бузилади. Кўп йиллик судлашувлардан кейин 2016 йил январда фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди ҳокимнинг 467-қарори ноқонунийлигини эътироф этиб, шаҳар ҳокимлигидан тадбиркорга етказилган 281 миллион сўм моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Аммо суднинг ҳал қилув қарори чиққанига 1 йилдан ошган бўлса-да, Қўқон шаҳар ҳокимлиги тадбиркор ҳисобига “овози ўчиб турсин” дегандик атиги 8 миллион сўм ўтказиб бериб, қолган маблағни тўлашни пайсалга солмоқда. “Суд ижрочиларига нисбатан савол туғилади: оддий фуқаронинг, дейлик, коммунал тўловлардан қарзи бўлса, дарҳол чопиб келинади. Таъкид этиладиган гап ҳам битта: беш кунда тўлов амалга оширилмаса, энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима солинади! Тўғри таъкид, тўғри талаб. Мабодо, муддат ўтказиб юборилса, қарздор ҳақли равишда жаримага тортилади, камига қарздорликни қоплаш учун ижро – унинг мулкига қаратилади... Нега энди шу қонун талаби ҳокимга келганда кучини йўқотмоқда?” деб ёзади газета.

Қашқадарёда икки фарзанднинг онаси ўз жонига қасд қилди

Қашқадарё вилояти Касби туманида яшаган, икки фарзанднинг онаси бўлган аёл эрининг зулм ва зуғумларидан безиб, ўз жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 16 март). Исми ошкор этилмаган эркак бир неча йил давомида рафиқасини хўрлаб, калтаклаб келган. Аёл ҳар гал зўравон эридан қочиб, онасининг уйига келганида, онаси: “Ажрашиб, бизни эл-юрт олдида шарманда қилмагин” деган мазмунда насиҳат қилиб, қизини қайтариб юборган. Кунларнинг бирида аёл эрига “Дадаси, помидор олиб келсангиз, салат қилардик” дейди қўрқа-писа. Жанжал учун баҳона тополмаётган эркак "ҳали менга иш буюрадиган бўлдингми?" дегандек хотинини аёвсиз калтаклайди. Сабр косаси тўлган аёл тандирхонага кириб, ўз жонига қасд қилади. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Касби туман суди хотини ўлимига сабаб бўлган эрга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

Истеъмолчилар асосан газ таъминотидан норози

2016 йилда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига 10 мингга яқин мурожаат келиб тушди (“Оила даврасида”, 16 март). Мурожаатлар асосида 3 миллиард 860,4 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Федерация раиси ўринбосари Нодирбек Юсуповга кўра, истеъмолчилардан келган энг кўп мурожаатлар табиий газ (2863 та), савдо соҳаси (2343 та), электр энергияси таъминоти корхоналари (1526 та) ва бошқа коммунал масалалар (335 та) билан боғлиқ. Аввалроқ Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг салмоқли қисми газ, электр таъминоти ва бошқа коммунал хизматлардаги муаммоларга оид экани хабар қилинган эди.

Матбуот: Мактабларда янги “Навоий фани” жорий этилсин

Шоир ва таржимон Асрор Мўмин Ўзбекистон мактабларида “Навоий фани” деб номланган предметни жорий этишни таклиф қилди (“Ҳуррият”, 15 март). Қайд этилишича, ўзбек деганда энг аввало Навоий сиймоси гавдаланади. Шу боис мутафаккир ижодини муттасил ўрганиш, навоийхонлик маданиятини ошириш лозим. Муаллифга кўра, “она тили ва адабиёти ўз йўлига, лекин ҳаётимизда ҳар куни керак бўладиган математика, физика, кимё фанлари каби Навоий фани ҳам ўқув дастуридан ҳақли равишда жой олиши лозим”.

XS
SM
MD
LG