Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:44

OzodDayjest: Сирдарёда “Sexy girls” вируси орқали фирибгарлик қилган йигит қўлга олинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Таниш-билиш ва юқоридан қўнғироқ орқали депутат бўлганлар ҳам борлиги тан олинди. Боёвутлик йигит Телеграм тармоғи орқали кибержиноят содир этди. Президентнинг китобхонликка оид қарори ижро этилмаётгани танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

“Миллий тикланиш” партияси вакили таниш-билишчилик билан депутат бўлганлар борлигини тан олди

Турли даражадаги депутатлар орасида таниш-билишчилик ёки қўнғироқ орқали бу мақомга эришганлар ҳам бор (“Ишонч” газетаси сайти, 28 март). “Замон зайли билан, “тепа”дан кимларнингдир қўнғироғи сабаб ёки таниш-билишини ишга солиб депутатлик мақомига эга бўлган ва шу пайтгача сайловчилари билан бир бор бориб учрашмаганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, бундай депутатлар ЎзМТДП Тошкент шаҳар ва туман кенгаши сафида ҳам бор. Энди бўлажак сайловда билиб-билмай овоз бериб қўйган қўштирноқ ичидаги депутатларнинг номзоди ўтмаслиги аниқ”, дейди “Миллий тикланиш” партияси Тошкент шаҳри кенгаши матбуот котиби Равшан Маҳмудов. Партия вакили йиллар давомида депутатлар халқ учун эмас, аксинча, халқ улар учун хизматда бўлиб келганини қайд этган. Шунинг учун мансабдорлар депутат бўлишга интилган, бу йўлда ҳар қандай қинғирликдан қайтмаган. “Тан олиш керак, халқимиз онгида йиллар давомида депутат оҳори тўкилмаган костюм-шим кийиб, чиройли бўйинбоғ таққан, давраларнинг энг тўрида кўрк тўкиб ўтирган шахс сифатида гавдаланди. Ён ойналари қорайтирилган машинада тўй-ҳашамларга бориб қолса, оёғи тагига қўй сўйиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлганмиз”, дейди “Миллий тикланиш” партияси вакили.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар яқинлашган сайин партиялар ва депутатлар фаолияти ҳақида мунозаралар кучаймоқда.

Телеграм тармоғи воситасида 67 кишига фириб берган шахс ушланди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи йигит Телеграм тармоғи орқали кибержиноят содир этди (“Даракчи”, 28 март). Исми ошкор этилмаган шахс Телеграмдаги шахсий профили орқали турли рақамларга “Sexy girls” номли вирус дастурини юборган ва оқибатда ўша телефон блокланиб қолган. Шундан кейин кибержиноятчи телефон эгасига қўнғироқ қилиб, блокдан чиқариш эвазига Click ёки Paynet хизмати орқали ўз рақамига пул туширишни талаб қилган. Телефон эгаси талаб қилган суммани юборган вақтда жиноятчи пластик карта ҳимоя рақамини билиб олган ва картадан катта миқдорда пул ечиб олган. Шу тариқа у 67 нафар ватандошнинг 5,5 миллион сўмдан ошиқ маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. Жиноят ишлари бўйича Ховос туман суди раиси Отабек Набиевга кўра, кибержиноят содир этган йигитга жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юкланган. Унга тайинланган жазо очиқланмаган.

Президентнинг китобхонликка оид қарори ижроси пайсалга солинмоқда

Бухоро вилояти туманларида Ўзбекистон президентининг китобхонлик маданиятини оширишга доир қарори ижроси пайсалга солинмоқда (“Оила даврасида”, 28 март). Мактаб ва коллеж ахборот-ресурс марказларида ҳанузгача маънан ва шаклан эскирган адабиётлардан фойдаланиб келинмоқда. Китобларнинг электрон базаси яратилмаган. Масалан, Пешку туманидаги Саноат касб-ҳунар коллежи кутубхонасида адабиётларнинг аксар қисми 1970-80 йилларда нашр этилган. Лотин алифбосидаги адабиётлар бармоқ билан санарли. Компьютер ва интернет муаммо. Кейинги йилларда бирорта бадиий адабиёт харид қилинмаган. 2018 йилда бор-йўғи 11 та китоб, у ҳам бўлса, дарслик сотиб олинган. Қайд этилишича, туманлардаги аксар кутубхоналардаги шарт-шароит ҳам талабга жавоб бермайди. Қироатхоналар совуқ ва захлигидан китобхонлар келмай қўйган. Газетага кўра, ҳудудлар ободлиги учун миллиардлаб маблағ сарфланаётган бир пайтда кутубхоналарни ҳам ёддан чиқармаслик керак.

XS
SM
MD
LG