Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

OzodDayjest: Ўзбекистонлик талаба чиқиндидан электр энергияси олиш қурилмасини яратди


Чиқинди уюми (иллюстратив сурат).
Чиқинди уюми (иллюстратив сурат).

Бухорода боғча мудираси пора билан ушланди. Жиззахлик аёл никоҳсиз туғилган чақалоғини 5000 долларга сотишга уринди. Ўзбекистонлик талаба чиқиндидан электр энергияси олиш қурилмасини яратди.

_____________________________________________________________

Никоҳсиз туғилган чақалоғини 5000 долларга сотишга уринган аёл 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида никоҳсиз туғилган чақалоғини сотишга уринган аёл устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтди (“Даракчи”, 19 апрель). Судланувчи 27 ёшли Гулбаҳор Сайлиева 4 ойлик қизи Эъзозани Тошкентдаги “Гап” кафесида Г.Мелиқуловага 5000 долларга сотаётганида қўлга олинган. Терговда маълум бўлишича, Г.Сайлиева 1991 йили Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. 2012 йили Тошкентга келиб иш тополмагач, “Шуҳрат” чорраҳасида фоҳишалик билан шуғулланган. Бу орада ҳомиладор бўлиб қолиб, қиз кўрган. Суд жараёнида Г.Сайлиева оилавий шароити оғир бўлгани сабаб чақалоғини сотмоқчи бўлганини айтган. Судья Акмал Эргашевга кўра, судланувчи Г.Сайлиевага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва амнистия актига кўра жазо қисман камайтирилган. Жазо умумий тартибдаги колонияда ўталиши белгиланган.

Ўзбекистонлик талаба чиқиндидан электр энергияси олишни таклиф қилмоқда

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси Дмитрий Ким чиқиндидан электр энергияси олиш қурилмасини яратди (“XXI аср”, 19 апрель). Қурилманинг ишлаш тартиби қуйидагича: чиқинди ёнишидан ҳосил бўлган иссиқлик энергияси ва тутун ташқарига чиқмай, яна қувурдан ёниш қисмига қайтади. Натижада зарарли газлар атмосферага чиқмай, аксинча, иссиқликнинг ошишига сабаб бўлади. Печга ўрнатилган генератор иссиқлик қувватидан ишга тушади ва уни электр энергиясига айлантириб беради. Муаллифга кўра, лойиҳани амалга татбиқ этиш учун 200 миллион сўм сармоя керак бўлади. Қурилма қанча катта бўлса, энергия ишлаб чиқариш ҳажми шунча кўп бўлади. Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 12 минг гектар майдонни эгаллаган полигонларда 2 миллиард тоннага яқин чиқинди сақланмоқда.

Бухорода боғча мудираси 600 минг пора билан ушланди

Бухоро шаҳридаги 81-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Шоира Атаева пора билан ушланди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ матбуот нашларига маълум қилди. Мудира икки қизини боғчага бермоқчи бўлган ота-онадан 600 минг сўм пора талаб қилган. Ота-она эса бу ҳақда ҳуқуқ органларига мурожаат этган. Мудира Ш.Атаева вилоят ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан пора олаётганда ушланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.

XS
SM
MD
LG