Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:01

OzodDayjest: Фарғоналик аёл 10 яшар қизини пул эвазига бегона эркакка қўшиб бермоқчи бўлган


Жанубий Кореяга Меҳнат вазирлиги йўлланмаси билан ишга кетган ўзбекистонликлар диний-экстремистик фаолиятда айбланиб, қамалди. Бухоронинг Вобкент туманида мудофаа ишлари бўлими бошлиғи пора билан ушланди. Фарғоналик аёл 10 ёшли қизини 1000 доллар эвазига бегона эркакка қўшиб бермоқчи бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

________________________________________________________________

Кореяда ишлаб ИШИД тузоғига илинган ўзбекистонлик ватандошлар узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги йўлланмаси асосида Жанубий Кореяга ишлагани борган бир неча ватандош диний-экстремистик жиноятларда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди (“Даракчи”, 25 май). Исми ошкор этилмаган йигитлар Кореянинг Кимхе шаҳридаги заводларда ишлаб келган. Қайд этилишича, йигитларга Туркияда яшаган диний олим Абдулло Бухорийнинг шогирди скайп дастури орқали дарс ўтиб, уларни Сурияда жиҳод қилишга даъват этган. Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти катта терговчиси Дониёр Қамбаровга кўра, ўзбекистонлик ватандошлар “байтулмол” сифатида пул йиғиб, у маблағни террорчилик қўллаб-қувватлаш мақсадида Истанбул шаҳридаги Зайтунбурни мавзеида жойлашган “Эҳсон-илм ёрдамлашма дарнаги” номли мадраса фондига юборган. Террорчиликда айбланган йигитлар Кореядан Сурияга “ҳижрат” қилиш учун чиқиб кетаётганда қўлга олинган.

Армияга юбориш учун пора талаб қилган “военком” қўлга олинди

Бухоро вилояти Вобкент тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи пора билан ушланди (“Ҳуқуқ”, 25 май). Шу туманлик йигит ҳарбий хизматга бориш истагида мудофаа бўлимига ҳужжатлар топширган. Номзоднинг барча ҳужжатлари мавжуд бўлиб, у ҳарбий хизматга лаёқатли саналган. Аммо шунга қарамай туман “военком”и – мудофаа ишлари бўлими раҳбари йигитни ҳарбий хизматга юбориш эвазига воситачи орқали унинг қариндошидан 800 доллар пора талаб қилган. Ҳарбий мансабдор кўрсатилган миқдордаги порани олаётганда ушланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ва айбдорларнинг исм-шарифи ошкор этилмаган. Қайд этилишича, тамагир мудофаа мансабдори ҳамда унга воситачилик қилган шахсга тегишли жазо берилган.

Фарғонада қабиҳ жиноят: она норасида қизини бегона эркакка қўшиб бермоқчи бўлди

Фарғона шаҳрида қабиҳ бир жиноятнинг олди олинди: 1973 йилда туғилган Р. Виктория вояга етмаган қизини 1000 доллар эвазига бегона эркакка жинсий алоқа учун қўшиб бераётганда ушланди (“Постда”, 20 май). “Мазкур ҳолатнинг энг даҳшатли томони шундаки, вояга етмаган қиз эндигина 10 ёшдан ошган, жоҳил онанинг (агар она деб аташга лойиқ бўлса) бу тубанликка жазм қилганидир. Хайриятки, унинг олди олинди. Р. Викторияга нисбатан жиноий иш қўзғатилди”, деб ёзади ИИВ нашри. Подполковник Дониёр Тешабоевга кўра, сўнгги уч ой давомида Фарғона вилоятида номусга тегиш, босқинчилик, ўғирлик, фирибгарлик каби жиноятлар сони ошган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG