Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:33

OzodDayjest: Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд бемор трансплантация амалиётига муҳтож


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда минглаб бемор аъзо ва тўқималар трансплантациясига муҳтожликлари туфайли уларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Тижоратчилар Рамазон ойида нарх-навони сунъий ошириб олгани қораланди. Қашқадарёда “тез ёрдам” хизмати тизимида кўнгилни хира қиладиган камчиликлар фош этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда трансплантацияга муҳтож 10 мингдан зиёд бемор ҳаёти хавф остида қолмоқда

Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ бемор аъзолар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож, бу дегани шунча одамнинг ҳаёти хавф остида (“Ҳуррият”, 30 май). Шу сабаб “Адолат” партияси “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжат айни пайтда депутатлар иштирокида тиббиёт муассасалари ва ўқув юртларида муҳокама қилинмоқда. 2017 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган вақтинчалик низом асосида мамлакатда буйрак ва жигар трансплантацияси операциялари ўтказилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса трансплантация амалиётларини кенг миқёсда олиб боришга йўл очади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошевга кўра, ҳозирда бундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари дунёнинг қирқдан ошиқ давлатида амалга оширилади.

Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий ошириб олиш танқид қилинди

Рамазон бошлангач, бозорларда бу ойда харидоргир бўладиган айрим маҳсулотларнинг нарх-навосини сунъий равишда ошириб олиш ҳолати кутазатилмоқда (“Оила даврасида”, 31 май). Тижоратчиларнинг бу хатти-ҳаракатидан эса харидорлар мамнун эмас, албатта. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Исомиддин Аҳроров бу ҳолатга муносабат билдириб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда оширишдан ислом шариати қайтарганини таъкидлаган. Унга кўра, тижоратчилар одамларга оғирлик ва азият етадиган ҳаракатлардан тийилиб, ёлғон, ғирромлик аралаштирмасдан савдо қилиши лозим. “Тижоратнинг баракаси пул ва молнинг кўплигида эмас, унинг инсоф билан қилингани, ҳалол ва холислигидадир”, деган мамлакат мусулмонлари идораси вакили Исомиддин Аҳроров.

Қашқадарё тез тиббий ёрдам тизимида кўнгилни хира қиладиган камчиликлар аниқланди

Қашқадарё вилояти шошилинч тиббий ёрдам хизмати тизимида кўнгилни хира қиладиган талай камчиликлар фош этилди (“Ҳуқуқ”, 31 май). Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Сарвар Азимов маълум қилади. Қоидага кўра 7-8 йил аввал ишлаб чиқарилган автомашиналарда тез тиббий ёрдам хизматида фойдаланиш тақиқланади. Аммо вилоятдаги 120 та машинадан белгиланган муддатдан ортиқ фойдаланиб келинаётгани, айрим машиналарнинг ишлаб чиқарилганига 20 йилга яқинлашиб қолгани аниқланган. Жорий йилда тез ёрдам хизматига 40 та автомашина берилиши белгиланган, аммо бор-йўғи 5 та автоулов келтирилган. Тез ёрдам машиналари ҳаракатланиши учун ажратилиши зарур бўлган 76 тонна ўрнига атиги 25 тонна ёнилғи етказилмоқда. Шунингдек, кўплаб тез ёрдам шахобчалари бинолари ҳам таъмирталаб аҳволда экани маълум қилинган. Қайд этилишича, аниқланган қонун бузилишлари ҳолатлари бўйича прокурор назорати чоралари қўлланган.

XS
SM
MD
LG