Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 01:33

OzodDayjest: Тошкент пропискасини 14,5 минг долларгача пуллаган жиноий гуруҳ фош этилди


Парламент онкологик касалликлар дори-дармони қиммат эканини танқид қилди. Пойтахт паспорт столида ишлаган ходимлар прописка учунминглаб доллар пора олгани аниқланди. БМТ бош котиби Ўзбекистонга келмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Депутат: Онкологик касалликлар дори-дармони қиммат экани аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор тиббиёт муассасалари, жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази раҳбарининг ҳисоботи эшитилди (“Жамият”, 2 июнь). Депутат Мухтабар Ҳасанова марказ раҳбарини “Онкологик касалликларни даволаш препаратлари жуда қиммат. Бу аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Марказ томонидан бу муаммоларни ҳал этиш юзасидан қандай иш олиб бориляпти?” дея саволга тутган. “Бугунги кунда давлатимиз томонидан ажратилган имтиёзли дори воситалари, даволаш курслари асосида онкологик беморларнинг 33 фоизини қамраб оляпмиз, холос. Қолган 67 фоиз беморлар кимёвий терапия дориларини четдан олишга мажбур бўлмоқда” дея мавжуд муаммога эътибор қаратган Марказ директори Мирзағолиб Тиллашайхов. Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимининг бошланғич бўғинларида онкология мутахассислари етишмаяпти.

“14400 доллар берсангиз, Тошкентга доимий пропискага қўямиз”

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари ноқонуний равишда доимий пропискага қўйиш эвазига 20 дан ошиқ ватандошдан катта миқдорда маблағ олгани аниқланди (“Даракчи”, 8 июнь). Туман паспорт столида ишлаган икки нафар аёл Тошкентда доимий пропискадан ўтиш ниятида бўлган ўзига тўқ вилоятликлардан 2000 доллардан 14400 долларгача пора олган ҳамда уларнинг паспортига ноқонуний равишда думалоқ гербли муҳр ва штамп босиб берган. Яшаш жойи сифатида эса дуч келган уй рақамини ёзиб, ҳужжатларни сохталаштирган. Қайд этилишича, доимий прописка учун пул берган ватандошлар орасида талабалардан тортиб, ёқилғи қуйиш шахобчаси операторию директор котибаси ва диспетчерлар ҳам бор. Доимий пропискага қўйишдан пул ишлаган гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг бир неча моддаларида айбланиб, жавобгарликка тортилган. “Биз мазкур мақолага жиноят ишига тегишли барча тафсилотларни сиғдира олмадик, чунки занжирни эслатувчи бу воқеа шунчалик узундан-узоқ эдики, унда номлари келтирилган одамлару барча воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумот бериш имкониятимиз чекланган”, дейди ИИБ ҳузуридаги Тергов департаменти катта терговчиси Талъат Элбеков.

БМТ Бош котиби Ўзбекистонда Орол фожиаси оқибатларини муҳокама қилади

БМТ Бош котиби Антониу Гутерраш Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 9 июнь куни Ўзбекистонга ташриф буюради (“XXI аср”, 8 июнь). Икки томонлама музокараларда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик, халқаро масалалар, шунингдек, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилади. БМТ Бош котиби А.Гутерраш Самарқанд, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларига бориши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG