Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 01:11

OzodDayjest: Коррупцияга қарши курашда “қўйни бўрига топширмаслик” лозимлиги айтилди


Иллюстратив сурат.

Сув босган аэропортни Президент девони ҳузуридаги корхона қургани саволлар пайдо қилди. Журналист К. Баҳриев коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияга мансабдорлар киритилишини савол остига олди. 2000 дан зиёд қабристон ҳолати танқидий баҳоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Сув босган Тошкент аэропортини Президент девони ҳузуридаги корхона қургани эътироз уйғотди

Кучли ёмғир оқибатида сув босган Тошкент аэропорти Ўзбекистон президенти девони ишлар бошқармаси ҳузуридаги қурилиш корхонаси томонидан, “ТашГИПРОГОР” лойиҳаси асосида барпо этилган. Бу ҳақда аэропорт вакили Gazeta.uz нашрига маълум қилган. Давлат ташкилоти қурилиш билан шуғуллангани эса жамоатчиликда эътироз уйғотган. “Нега (президент) девонидек муҳим идора хўжалик фаолияти ва қурилиш билан шуғулланади? Хўш, энди сифат учун ким жавоб беради? Нега биз ҳамон давлат идоралари қошида унитар корхоналарни кўпайтиришда давом этмоқдамиз?” дея масъулларни саволга тутган SmartGov Consulting консалтинг компанияси директори Азиза Умарова ижтимоий тармоқда. Мутахассисга кўра, аэропорт қурилиши лойиҳасида нафақат кучли ёғингарчилик, балки хавфсизлик қоидалари ҳам инобатга олинмаган. Бунинг устига, Тошкент шаҳридаги муҳандислик иншоотлари, ирригация ва канализация тармоқлари ҳужжатлари ҳам совет даврида бўлгани каби асоссиз равишда махфий тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни кузатилган кучли ёмғир оқибатида Тошкент халқаро аэропорти томидан чакки ўтиб, терминални сув босди, тошқин йўловчиларни ташиш ва учиш-қўниш йўлакларигача кириб борди. Бино ўтган йил ёзида фойдаланишга топширилган эди.

Таниқли журналист Карим Баҳриев коррупцияга қарши қандай курашиш кераклигини айтди

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 27 майидаги фармонида коррупцияга қарши курашни кучайтириш кўзда тутилган. Шу муносабат билан таниқли журналист Карим Баҳриев бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди (“Даракчи”, 6 июнь). Фармонда Сенат раиси бошчилигида коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия тузиш белгиланган. К. Баҳриев эса коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияга амалдорлар киритилишини савол остига олган. “Мансабдорларга коррупцияни тугатиш учун пул ажратиш пиёнисталарга ичкиликбозликни тугатиш учун бир неча вагон ароқ ажратиш билан баробардир ва коррупцияга қарши курашга аталган маблағлар ҳам коррупцион схемаларнинг қурбони бўлиб, талаб юборилмаслигига кафолат йўқдир”, деган К. Баҳриев. Қайд этилишича, одил судлов ва ҳуқуқ тизими, сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти вакилларисиз коррупцияни енгиб бўлмайди. Шунингдек, муаллиф нақафат давлат амалдорлари, балки уларнинг яқин қариндошлари даромади ҳам декларация қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Адлия вазирлиги қабристонлардаги ҳолатни танқидий баҳолади

Адлия вазирлиги мамлакатдаги қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш ҳолатини ўрганиб, бир қатор камчиликларни аниқлади (“Инсон ва қонун”, 4 июнь). Мамлакат бўйича 10457 та қабристон фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 2248 таси экологик, санитария ва шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермайди. Аксар қабристонларда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш, уй ҳайвонлари боқиш каби ҳолатлар кузатилган. Айрим қабристонлар ҳудудига эса ноқонуний тураржойлар қурилган. Адлия вазирлиги қабристонлардаги ҳолатни яхшилаш юзасидан бир қатор таклифлар билдирган, жумладан, уларни ободонлаштиришга давлат-хусусий шериклик механизмини (аутсорсинг) жорий этиш тавсия этилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG