Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

Андижонлик ота алиментдан қочиб 3 ёшли қизчасини ўлдирди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Олий Мажлис депутатлари Оролбўйини ривожлантириш дастури ижросидан қониқмади. Меҳнат вазирлиги ишлаб чиқариш пайтидаги бахтсиз ҳодисаларда 241 киши вафот этганини билдирди. Андижонда алимент тўламаслик учун 3 яшар қизини ўлдирган йигит 18 йилга қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Оролбўйидаги муаммоларга эътибор қаратди

Оролбўйини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури ижроси Олий Мажлис депутатлари томонидан ўрганилиб, бир қатор камчиликлар аниқланди (“Жамият”, 29 июнь). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Борий Алихонов маълум қилган. Дастурга мувофиқ, ҳудуддаги сув тармоқларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш белгиланган. Аммо Мўйноқ туманидаги “Шеге”, “Мадели”, “Порлитау”, “Қазахдаря” овул фуқаролар йиғинларида сув тармоқларини таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Оролбўйи ҳудудидаги 70 ёшдан ошган қарияларни бепул дармондори билан таъминлаш талаби ҳам шу кунгача амал ошмаган. Шунингдек, ҳудудда тиббий муассасалар, уй-жой қуриш, таълим, спорт ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларидаги тадбирлар ҳам ўз муддатидан кечикаётгани маълум бўлган.

Меҳнат вазирлиги: Ишлаб чиқариш пайтидаги бахтсиз ҳодисаларда 241 киши вафот этди

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш пайти 1214 та бахтсиз ҳодиса кузатилиб, шундан 241 таси ўлим билан тугади (“Даракчи”, 5 июль). Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумот берган. Фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ва давлат органларида мажбурий меҳнат шароити бўйича 21 мингдан зиёд даъво билан чиққан. Айни пайтда меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини сақлаш чораларини кучайтириш талаб этилмоқда. Хусусан, икки тузилма – Давлат меҳнат ҳуқуқ ва Давлат меҳнат шароитларини экспертиза ва муҳофаза қилиш инспекцияларини бирлаштириб, ягона Меҳнат инспекциясига айлантириш таклиф этилмоқда.

Пахта тозалаш заводи ишчиси қўлини ўз фарзанди қонига ботирди

Андижон вилояти Бўз туманида мудҳиш қотиллик рўй берди (“Ҳуқуқ”, 5 июль). Бу ҳақда туман прокурори Зафарбек Ғуломжонов хабар қилган. Шу туманда яшовчи ёш оила ўртасида йўқчилик оқибатида муттасил жанжал бўлиб турган. Пахта тозалаш заводида ишлайдиган эрининг камтарона маошига қаноат қилмаган хотини охир-оқибат уни писанд қилмай қўйган. Сурункали жанжаллардан кейин хотин эри билан ажрашишини айтган. Хотини билан ажрашса, 3 ёшли қизчаси учун алимент тўлаши кераклигини ўйлаган эр эса ягона фарзандини ўз уйида пичоқлаб ўлдирган. Кейин эса норасиданинг жасадини “Мана, боланг!” дея хотинига келтириб берган. Қайд этилишича, қўлини ўз зурриётининг қонига ботирган нобакор ота 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG