Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:25

OzodDayjest: Сурхондарёлик фермер ўзи учун қабр қазишга мажбурланди


Иллюстратив сурат.

Чақалоғини ҳожатхонага ташлаган аёлнинг номусига амакиваччаси теккан. Сурхондарёда фермер ўзи учун ўзи қабр қазиди. Ота-онанинг лоқайдлиги сабаб ит тирнаган бола нобуд бўлди.

________________________________________________

Чақалоғини ҳожатхонага ташлаган аёл тўғрисида янги тафсилотлар маълум қилинди

Янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаган сурхондарёлик Ф.Т. тўғрисида янги тафсилотлар очиқланди (“Оила даврасида”, 11 июль). Хотин-қизлар қўмитасига кўра, Ф.Т.нинг маълумоти ўрта махсус, отаси ишлашга рухсат бермагани учун уйида тикувчилик билан шуғулланган. Унинг номусига 1990 йилда туғилган амакиваччаси теккан. Ф.Т. 2 июль куни фарзандини Денов туманидаги “Ҳабибобод” бозори қабристонида дунёга келтирган ва ҳожатхона ичига ташлаб кетган. Ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Аёл отаси ва ака-укасидан қўрққанидан чақалоғини шу йўл билан йўқ қилмоқчи бўлган. Қайд этилишича, чақалоққа тиббий ёрдам кўрсатилган ва унинг саломатлиги яхши. “Тўғри, боласини туғиб шу аҳволга солиш, албатта, ҳеч қачон оқланмайдиган ҳол. Бироқ аввало масала негизида ётган яна бир ҳақиқат – шу ҳолатни содир этишда маънавий маънода аёл билан теппа-тенг айбдор бўлган эркак омили, унинг тарбиясию шу фожиадаги “ҳиссаси” етарлича баҳоланмайди”, дейилади Хотин-қизлар қўмитаси баёнотида.

Сурхондарёда безорилар фермерни ўзи учун қабр қазишга мажбурлади

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида фаолият юритувчи фермер бошқа бир ҳамкасбидан пул ундириш учун унинг ҳаётига очиқдан-очиқ таҳдид қилди (“Ҳуқуқ”, 11 июль). Ушбу жиноятда эса унга икки таниши ёрдам берган. Безорилар гуруҳи фермерни алдов йўли билан туман четига олиб борган ва ўзига ўзи қабр қазишга мажбурлашган. Сўнг қўл-оёғини боғлаб бўғизлаш билан қўрқитиб, жонини сақлаб қолиш эвазига 50 миллион сўм талаб қилишган. Жабрдийда фермер кучли таҳдид остида “Кобальт” русумли машинасини сотиб, безориларга 37 миллион сўм берган. Уч безори эса жиноий йўл билан топган пулларининг 3 миллион сўмини Жарқўрғон туманидаги масжидга эҳсон қилган. Таҳдидлар кейин ҳам давом этгач, фермер бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Қайд этилишича, зўравонларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ит тирнаган бола 26 кун ўтиб қутуришдан вафот этди

Самарқанд тумани Равонак маҳалласида 9 ёшли бола қутуриш белгилари билан вафот этди (“Даракчи”, 11 июль). Жорий йилнинг 4 июнь куни оқ рангли ит 2010 йилда туғилган К.М.нинг ўнг билагини тирнаб, жароҳат етказган. Боланинг жароҳати маҳаллий усулда хўжалик совуни билан ювилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо ота-она лоқайдлик қилиб, болани даволаш муассасасига олиб бормаган. Оқибатда бир неча ҳафта ўтгач, боланинг аҳволи оғирлашган. Шифокорлар унга қутуриш ташхисини қўйган, аммо боланинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган. Орадан 26 кун ўтиб, 9 ёшли бола нобуд бўлган. Қайд этилишича, текширувларда “Равонак” маҳалласи аҳолисида қутуриш белгилари аниқланмаган. Тиббиёт мутахассислари қутурган ит ёки мушук тишлаган ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозимлигини эслатиб ўтган.

XS
SM
MD
LG