Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 10:16

OzodDayjest: Қорақалпоғистонда ёш қизнинг номусига теккан кимса тириклай кўмилди


Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистонлик ота қизининг номусини булғаган кимсани “самосуд” қилиб ўлдирди. Ўзбек адиби маошлар чивиндек кичик, жарималар филдек катта эканидан ёзғирди. Марғилонлик йигит ҳайдовчилик гувоҳномасини қалбакилаштиргани учун маҳкамага тортилди.

_____________________________________________________________

Қорақалпоғистонлик ота қизининг номусига теккан кимсани тириклай кўмди

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи эркак оила шаъни ва номусини ҳимоя қилиш мақсадида қотилликка қўл урди (“Ҳуқуқ”, 18 июль). Қайд этилишича, мазкур туманда яшовчи 50 ёшли эркак ёш қизни алдаб олиб қочган ҳамда унинг номусига теккан. Номусга чидай олмаган қизнинг отаси зўравон эркакни “самосуд” қилишга қарор қилган. Уни чўлга олиб бориб, калтаклаган сўнг, табиий чуқурга тушириб, тириклай кўмиб юборган. Қотилликка қўл урган ота узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Таниқли ёзувчи жарималар оширилишини “қонуний қароқчилик” деб атади

Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам жорий йил 1 августидан кучга кириши мўлжалланаётган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун таклиф қилинган жарималар миқдорини “қонуний қароқчилик” деб атади (www.human.uz, 18 июль). “Сизлар қайси сайёрада яшаяпсизлар? Ёки қайси сайёрадан келиб қолгансизлар? Нимага, қандай мантиққа асосланиб бундай – отнинг калласидек жарима миқдорларини белгилаяпсиз? Жарима миқдори нимадан келиб чиқиши керак ўзи?.. Аҳоли олаётган ойлик-маошлар миқдориданми? Ундай бўлса, нега маошлар чивиндек кичиг-у, жарималар филдек катта? Сизларнинг мақсадларингиз нима ўзи? Юртимизда норозилик кайфиятини келтириб чиқаришми?” дея масъулларни саволга тутган адиб.

Ёзувчига кўра, ўзбек халқи “бахтли келажак”ни 27 йил кутди, қанча одам кута-кута ўлиб кетди. Таъкидланишича, мутасаддилар ҳадеб сира келмаётган “эрта”ни ваъда қилавермай, халққа тўкин ҳаётни бугун бермоғи даркор.

Ўзбекистонлик йигит Москвада бир йил қалбаки гувоҳнома билан машина ҳайдаганини рус полицияси пайқамади

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 31 ёшли йигит ҳайдовчилик гувоҳномасини қалбакилаштиргани учун маҳкамага тортилди. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси вакили Жасурбек Тўйчиев “Ҳуқуқ” нашри орқали маълум қилган. Фарғона вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги нозири “Ҳундай” автомобилида ҳаракатланаётган йигитни тўхтатиб ҳужжатини текширган. Инспекторда ҳайдовчи тақдим этган гувоҳнома шубҳа уйғотган. Экспертизадан кейин ҳужжат сохта экани аниқланган. Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган йигит йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун икки йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Аммо у сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси ясаб, машинани бошқариб юраверган. Москвада “Яндекс” фирмасига қарашли такси паркида бир йил давомида сохта ҳужжат билан ҳайдовчилик қилганини ҳам рус полицияси пайқамаган. Ҳужжатни сохталаштирган йигитга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG