Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2018, Тошкент вақти: 22:09

OzodDayjest: Бухоро вилояти туманларида гўдаклар ўлими кўпайган


Иллюстратив сурат.

Ўтган йили Бухоронинг Шофиркон, Олот, Қоровулбозор, Бухоро, Вобкент ва Когон каби туманларида гўдаклар ўлими кўпайгани аниқланди. Сурхондарёда мактаб ўқувчисини “бузуқхона мудираси” чавақлаб ўлдирди.Қўқонда кўча “авторитети” оғир жиноятлари учун узоқ муддатга қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

2017 йилда Бухоро туғруқхоналарида 77 нафар гўдак нобуд бўлди

Бухоро вилоятида гўдаклар ўлими билан боғлиқ текширувларда бир қатор камчиликлар аниқланди (“Ҳуқуқ”, 18 январь). Вилоят бўйича статистик маълумотларга кўра, Шофиркон, Олот, Қоровулбозор, Бухоро, Вобкент ва Когон каби ҳудудларида гўдаклар ўлими кўпайган. Хусусан, оналар ўз вақтида скрининг кўригидан ўтмагани боис 2017 йилда 51 нафар бола туғма нуқсон билан дунёга келиб, вафот этган. Қайд этилишича, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, биринчи тиббий ёрдам муассасаларида ҳомиладорларга ёрдам кўрсатишга оид қонун ҳужжатлари амалга тўла татбиқ этилмаётгани оқибатида туғруқхоналарда 77 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Гўдаклар ўлимининг ҳар бир ҳолати бўйича ИИБ билан ҳамкорликда хизмат текширувлар ўтказилиб, 152 нафар тиббиёт ходими турли жазога тортилган.

Деновда мактаб ўқувчиси “бузуқхона мудираси” томонидан ўлдирилди

Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида яшовчи, икки фарзанднинг онаси бўлмиш Дилноза Алибоева вояга етмаган ўсмир Б.Н.ни чавақлаб ўлдирди (“Даракчи”, 18 январь). Вилоят прокурори У.Саидовга кўра, 2018 йил 2 январь куни соат 20:00 ларда Денов шаҳри “Гулистон” кўчасида Дилноза Алибоева маст ҳолда таниши, вояга етмаган Б.Н. билан жанжаллашиб қолган ва унинг кўкрагига пичоқ урган. Ўсмир оғир жароҳатдан воқеа жойида вафот этган. Прокуратура Д.Алибоевага нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича жиноий иш очиб, тергов олиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган тафсилотларга қараганда, коллеж ва мактабнинг бир неча ўқувчиси Деновдаги бузуқхонага келган ва “бузуқхона мудираси” вояга етмаган ўқувчига пичоқ уриб ўлдирган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу қотилликда бузуқхоналарни ёпмай, уларнинг фаолиятига панжа орасидан қараган мутасаддиларнинг ҳам айби борлигини ёзган. Қайд этилишича, қотилликда айбланаётган Д.Алибоева аввал қасддан ўртача оғир шикаст етказиш, фоҳишахона ташкил этиш каби жиноятларни содир этган.

Қўқонда хориж фильмларига тақлид қилиб отишма содир этган кўча “авторитети” озодликдан маҳрум этилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида кўча “авторитети” оғир жиноятлари учун узоқ муддатга қамалди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, савдогар оиладаги вояга етган йигит тўқликка шўхлик қилиб, ўзини “авторитет” сифатида тан олишлари учун “кўча кўзир”лари билан муштлашиб юрган. Шунингдек, худди хорижнинг жанговар фильмларидаги каби қурол сақлаб, енгил машинада кезиб, бар, ресторанларда вақтичоғлик қилишга одатланган. Исми ошкор этилмаган йигит 16 калибрли “ИЖК” русумли милтиқда отишма содир этиб, бир кишини оғир яралаган, яна бир ватандошни пичоқлаган. Бир муддатда Тошкентда қочиб юрган. Зўравонлик билан теварак-атрофдагиларга ҳукмини ўтказмоқчи бўлган “авторитет” қўлга олиниб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG